Ўзбекистон | 23:36 / 27.08.2022
98850
7 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқдаги мудҳиш қотиллик. Аёлнинг ўлдирилишига участкавойнинг бепарволиги сабаб бўлгани айтилмоқда

Эри томонидан бегона болалар кўз ўнгида калтакланган 24 ёшли аёл эртаси куни ўз болалари кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирилди. Аёл калтакланганидан кейин унинг яқинлари ИИБга мурожаат қилган. Лекин профилактика инспектори даладаги ишларини баҳона қилиб, ҳуқуқбузарга чора кўрмагани айтилмоқда. Kun.uz мухбири ҳодиса содир бўлган маҳаллада бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

“Қизимнинг ўлимида участкавойнинг ҳам айби бор”

Маълум бўлишича, марҳума аёл 3 ойдан бери оилавий келишмовчиликлар туфайли 2 фарзанди билан ота уйида яшаётган бўлган. Оилавий тиббиёт муассасасида ҳамшира бўлиб ишлаб келган. 24 август куни турмуш ўртоғи билан кўчада юз берган тортишув унинг боғчада калтакланиши билан тугайди.

Воқеадан хабар топган отаси маҳалла раиси гувоҳлигида участка инспекторига чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Аммо инспектор аёлдан ариза ёздириб олгач, албатта айбдорга чора кўришни, у бир неча суткага қамалишини айтган ва ўз шахсий иши билан кетганча ишни шундайлигича қолдирган.

Эртасига тунда эса марҳума ота уйида бири 4, бири 2 ёшда бўлган болалари билан ухлаб ётганда турмуш ўртоғи томонидан пичоқланган. Воқеа унинг фарзандлари кўз ўнгида содир бўлгани айтилмоқда.

“Қизим калтаклангач, участка инспекторининг идорасига бордим, 3 соат кутиб 2 марта қўнғироқ қилганимдан кейин Достон деган инспектор етиб келди. Келди-да, куёвимни ҳозир олиб бориб қамашини, ўзига келгандан кейин 15 суткага жазога тортилишини айтди. Лекин ташқарига чиқиб, маҳалла раиси Фаррухга даладаги иши зарурлигини, “развод”га бориши кераклигини айтиб, кетиб қолди.

Мен ундан экспертизага олиб бориб, текширувлардан ўтказишни илтимос қилдим, лекин у куёвим қамалиши учун шу ҳужжатлар ҳам етарли эканини айтди. Эртаси куни туман ички ишлар бўлимига боришимни айтди. Мен эса бугуннинг ўзида ҳал қилишимизни, айбдорни ушлаш кераклигини сўрадим. Агар бунақа бўладиган бўлса, формасини ечиб қўйиб, деҳқончилигини қилсин! Ё далада ишласин, ё давлатнинг ишини.

Қизимнинг ўлимида участка инспекторининг ҳам айби катта. Жавоб бериши керак масъулиятсизлиги учун. Гулдай қизимдан айрилдим, ёлғиз қизим эди”, – дейди марҳуманинг отаси сўзлари сўнгида кўзига ёш олиб.

Дарҳақиқат, ўша куни айбдор ушланганда қизи фожиали тарзда ўлдирилмас эди. Лекин инспекторнинг “зарур” ишлари сабаб зўравон озодликда қолган.

Ёпиқ эшиклар, кетма-кет ўтказилаётган мажлислар

Марҳума яшаган маҳалла раиси ва ички ишлар ходимларидан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. На участка нозири, на маҳалла раисини топиш тугул, телефонда боғланишгаям эришолмадик.

Марҳуманинг яқинлари билан Қуйи Чирчиқ туманидаги 9-сонли ички ишлар бўлимига бордик. Лекин уларни ичкарига киритиб ўтказилган узоқ суҳбатдан кейин бизга бирор маълумот берилмади. Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати орқали маълумот олишимиз мумкинлигини айтишди. Лекин матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов билан боғланишга бўлган ҳаракатларимиз ҳам бефойда кетди.

Шундан кейин туман ҳокимлигида шу масала юзасидан мажлис бўлаётганидан хабар топдик. Шундай мажлис айбланувчи яшаган маҳаллада ҳам ўтказилиши ҳақида эшитгач, навбатдаги мажлисга етиб бордик.

“Жуда кўп марта калтакланган ҳолда ишга келарди”

Мажлисда марҳума ишлаган тиббий муассаса жамоасини суҳбатга тортдик. Айтишларича, кўп марта калтакланган, баданлари, юз-кўзи кўкарган ҳолда ишга келганига гувоҳ бўлишган. У 17 август куни эндигина 24 ёшга кирган.

Аёл вафот этган куни ҳамкасблари унинг хонасидан кундалик топишган, кундаликда марҳуманинг барча қўрқув-хавотирлари ҳақида ёзилган бўлган.

“У бизнинг олтинимиз эди, ўз қизимдай бўлиб қолганди. – дейди тиббий муассаса раҳбари Коммуна Оппоқхўжаева. – Ўзим 60га кириб шу қизда ҳалоллик, одамийлик каби фазилатларнинг чўққисини кўрганман. У ҳақида ёмон фикрга бориш мумкин эмас. Ундай бўлиши мумкин эмас.

Уйга боришга қўрқаман, дерди. Эрининг жанжалларидан, калтакларидан қўрқишини айтарди”.

“Қиз ниҳоятда ориятли, иффатли қиз эди. Шу ор-номусли бўлгани учун ҳам эрининг зўравонликларини ҳеч кимга, ота-онасига ҳам айтмаган. Улар хафа бўлмасин деб яширган.

Эри жудаям рашкчи бўлган экан, арзимас нарсалардан ҳам рашк сабаб жанжал қилиб ураверган. Ҳатто камарининг темири билан урган. Қиз ота-онасини аяб, уларга билдиролмасдан дугонасига айтиб берган экан”, – дейди марҳуманинг қариндоши.

“Биз аммаларимиз. Бу ваҳшийликни эшитиб Сурхондарёдан етиб келгунимизга адойи тамом бўлдик. Нега профилактика инспекторлари бунчалар бефарқ? Куёв қўрқитар экан, ажрашсанг ўлдириб кетаман, деб.

Бугун келинлик уйига бордик. Қўшнилари қизимизнинг бир кун ҳам кун кўрмаганини, доим азоб-уқубатда яшаганини айтишяпти. Унга ачиниб йиғлашяпти. Лекин ички ишлар ходими уришиб чиқариб юборди. Биз улардан умуман норозимиз. Нега уларга чора кўрилмайди? Улар қандай қилиб давлат ходими ҳисобланади?

Жиянимнинг икки фарзанди етим қолди. Укам ота бўлиб ўзининг уйида ўз қизини асраб қололмаганидан ич-этини еб қўйди”, – дейди марҳуманинг бошқа бир қариндоши.

“Илтимос, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилинглар”

Марҳума яшаган маҳаллада уни таниган-билганлар аёлни яхши ҳамшира, келин, она, аёл сифатида эътироф этишди. Лекин унинг бундай фожиали ўлимида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан ёрдам зарурлигини айтишди.

“Бизнинг катта илтимосимиз шуки, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳар бир уйга киришсин, ўз ҳуқуқларини тушунтирсин аёлларга. Қишлоқ аёллари ўз ҳуқуқларини билишмайди. Керакли ёрдам берилсин бизга. Бировнинг жонини олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дейди маҳалла фаоли Барно Жуманова.

Бу ишга киришганда кунимиз бизга ёрдам бериши лозим бўлган ички ишлар органлари ходимларини қидириш-у йўлларини пойлаш билаш ўтишини билмагандик.

Тумандаги вилоятдаги ички ишлар идораларидаги бу муносабатни кўриб ҳайратимиз янада ошди. Бу қадар лоқайдлик учун асл қотилдан ташқари яна кимдир албатта жавоб бериши керак.

Гулмира Тошниёзова,
Абдуқодир Тўлқинов,
Kun.uz.

Мавзуга оид