Ўзбекистон | 09:46 / 02.01.2026
6462
3 дақиқада ўқилади

“Мақсадимиз — халқ ҳаётини яхшилаш”: Саида Мирзиёевадан илк катта интервю

Саида Мирзиёева Президент администрациясидаги вазифалари, давлат раҳбарининг шахсий сифатлари ва иш услуби ҳақида тўхталди. Мирзиёева шунингдек, администрация олдидаги беш устувор йўналишни санади: сув, таълим, тиббиёт, бизнес ва суд-ҳуқуқ тизими. У шаффоф ва адолатли суд тизимисиз қолган ислоҳотлар ишламаслигини айтди. 

Фото: Видеодан кадр

Шахсан ўзи эса халқаро дипломатия ва мулоқотдан катта завқ олиши, мақсад халқ ҳаётини яхшилаш экани, "ҳар бир инсон муҳим" деган қарашни такрорлади. Мирзиёева администрация раҳбари этиб тайинланишини президентга жойлардаги реал ҳолат ҳақида тўғридан тўғри ахборот етказиш зарурати билан боғлади.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк катта интервюсида ўз фаолияти, давлат раҳбарининг иш услуби ҳамда администрация олдида турган устувор вазифалар ҳақида очиқ гапирди. Унинг таъкидлашича, президент администрацияси асосан стратегик йўналишларни ишлаб чиқади ва ижро аппаратига аниқ йўналиш беради. Мирзиёева бугунги даврни “ислоҳотлар даври” деб атаб, тизимдаги ўзгаришлар узлуксиз назорат ва катта масъулият талаб қилишини айтди.

Интервюда Саида Мирзиёева президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сифатлари ва раҳбарлик услубига тўхталиб, уни инсонни тинглайдиган, ҳурмат қиладиган ва жамоани “ўстира оладиган” раҳбар сифатида таърифлади. Мирзиёеванинг сўзларига кўра, давлат раҳбари жамоага ишониш, фикр алмашиш ва кадрларни ривожлантиришга катта эътибор беради. У ислоҳотлар “фақат қаттиққўллик” билан эмас, балки мослашувчанлик ва донолик орқали амалга ошишини қайд этди.

Саида Мирзиёева Президент администрацияси олдидаги беш устувор йўналишни санаб ўтди: сув, таълим, тиббиёт, бизнес ва суд-ҳуқуқ тизими. Унинг таъкидлашича, айниқса сув масаласи келажакдаги энг катта чақириқлардан бири бўлиб, аграр мамлакат учун бу йўналиш стратегик аҳамиятга эга. Таълим ва тиббиётдаги ўзгаришлар эса “узоқ муддатли” жараён бўлиб, натижани бир кунда кўриш қийинлигини айтди.

Мирзиёева суд-ҳуқуқ тизими мавзусига алоҳида урғу бериб, шаффоф ва адолатли суд тизимисиз бошқа соҳалардаги ислоҳотлар тўлиқ ишламаслигини билдирди. Унинг фикрича, бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция ва ишончни ошириш, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш каби масалалар охир-оқибат қонун устуворлигига боғлиқ.

Шахсий нуқтаи назардан, Саида Мирзиёева халқаро дипломатия ва мулоқотни ўзининг энг ёқадиган йўналиши сифатида таъкидлади. У одамлар билан мулоқот қилиш, алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликни кучайтиришдан завқ олишини айтди. “Мақсад — халқ ҳаётини яхшилаш”, дея такрорлаган Мирзиёева, давлат бошқарувида “ҳар бир инсон муҳим” деган қарашни асосий тамойил сифатида кўрсатди.

Интервюда у Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланиш сабабларига ҳам ишора қилди. Мирзиёеванинг айтишича, президентга жойлардаги реал ҳолатни тўғридан тўғри етказиб берадиган механизм керак — яъни ҳақиқий вазиятни кўрадиган, уни яширмасдан маълум қиладиган ва берилган топшириқларнинг ижросини назорат қиладиган “кўз ва қўллар” зарур. У тайинловни айнан шу эҳтиёж — ислоҳотлар ижросини жойларда кучайтириш ва ҳақиқий манзарани раҳбариятга етказиш билан боғлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид