Ўзбекистон | 15:05 / 01.12.2025
4245
4 дақиқада ўқилади

Темирйўллари тизимида монополия тугатиладими? 

Kun.uz билан суҳбатлашган “Ўзбекистон темирйўллари” вакили Ҳикматулла Раҳметов президентнинг компанияга берган бир қатор топшириқларини эслатди. Лекин бундан 4 йил аввал давлат раҳбари тизимдаги монополияни синдиришни ҳам буюриб, компанияни жиддий танқид қилган эди. Ҳозирги ҳужжатлар бир нечта темирйўллари корхоналари тузилганини кўрсатади, лекин амалда одамлар ҳали-ҳануз ягона компания хизматидан фойдаланишга мажбур. Хўш, нега тадбиркорлар бу бозорга кирмайди?

Ўзбекистон президенти 2021 йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида темирйўллари тизимидаги монополияни қаттиқ танқид қилган эди.

“Рақобат, хусусий сектор кирмаса, темирйўл монополиясини топширмайди, сифати ўзгармайди, нархи камаймайди”, деган эди Шавкат Мирзиёев. Темирйўлчилар эса компания таркибида турли корхоналар очилганини айтиб, ҳужжатда бўлса ҳам бугун истеъмолчи олдида “танловлар кўп” эканини тушунтиришга уринган.

Ҳикматулла Раҳметовнинг айтишича, юк вагонлари бўйича ҳозир турли тадбиркорлар қизиқиш билдирган, лекин йўловчи вагонларини қўйишда бирор ким ўз таклифини амалга оширолгани йўқ.

-Яъни бугун биз хоҳлаймизми-йўқми, сиз қанчалик вагонни кўпайтирсангиз ҳам, битта компаниянинг хизматларидан фойдаланамиз. Нима учун тадбиркорлар келмаяпти? Бозор ёпиқми ёки бўлмаса шартлар қийинми? Нима учун битта компания хизматларидан фойдаланишимиз керак?

-Гапингиз тўғри, лекин биз бу ишни ҳам бошладик. Биз тадбиркорларнинг темирйўлга келиб, ҳам юк ташиш, ҳам йўловчи ташиши учун тизимни яратдик. Олдин фақат “Ўзбекистон темирйўллари”нинг вагонини ишлата билардингиз, Ўзбекистон ҳудудида. Бугунги кунда ўзингизга вагон сотиб олиб, уни рейсга қўйиб, шахсий қилиб ишлатишингиз мумкин.

-Бирорта тадбиркор қизиқиш билдириб келдими?

-Жуда ҳам кўп. Бугунги кунда мен сизга айтаман, икки ярим йил олдин шахсий вагонлар, агар адашмасам, 300 тадан ошиқ бўлмаган. Бугунги кунда тахминан 15 мингтага етди. Шуни ҳам, албатта, айтиб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон темирйўллари”нинг ҳам вагонлари акциядорлик жамиятига ўтди. Уларни ҳам шахсий деса бўлади. Бугунги кунда тахминан 20-30 та янги компанияларнинг шахсий вагонлари сони ортиб бормоқда. Булар, албатта, юк вагонлари. Худди шунақа қилиб, ҳозир йўловчи вагонларига ҳам йўл очиб боряпмиз. Трансформация тез бўлишининг имкони йўқ, бу жуда қийин иш.

Шунингдек, компания бошқарув раиси ўринбосари энди Ўзбекистоннинг ўзида ҳам поезд вагонлари ишлаб чиқарилишини маълум қилди. Жараён 2027 йилдан бошланади. Шунда йилига 10 тагача вагон ишлаб чиқариш имкони яралади. Раҳметов Kun.uzʼнинг чипталар билан боғлиқ саволига ҳам жавоб қайтарди.

“2023 йилда ҳам тезюрар поездларнинг чиптаси ҳаммаси кассада олинган. Яъни нақд пулга десак бўлади ва ўртакашлар кўп бўлган. Русча «посредник» деймиз-а? Шимолий вокзалда бу жуда авж олган эди. Ҳозир бу нарса йўқ умуман, 100 фоиз йўқотилди. 75 фоиз чипталар ҳозир онлайн олиняпти. Ўртакаш деган нарса қолмади. Қолгани кассадан олиняпти, буни қилиш осон бўлмади. Лекин муаммолар бор, ҳали ҳам билет етишмовчилиги жуда баланд”, дейди у.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда темирйўллари тизими бераётган таклифдан талаб 10 фоизга юқори. Яъни йўловчи поездларининг мавжуд сиғимидан 10 фоиз кўп талабгорлар борлигини аниқланган. Демак, ҳозир ҳам поезд ва вагонлар сони етишмайди.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид