Жаҳон | 15:15 / 18.02.2026
3425
8 дақиқада ўқилади

Хитойни ядровий синовларда айблаган АҚШ, Женевадаги музокаралар ва президентини ишдан олган Перу Конгресси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон ва АҚШ асосий тамойиллар бўйича келишди

Эрон ва АҚШ сешанба куни Женевада бўлган музокараларда асосий «йўналтирувчи тамойиллар» бўйича ўзаро тушунишга эришди, бироқ бу келишув яқин орада имзоланади дегани эмас.

«Турли ғоялар илгари сурилди, бу ғоялар жиддий муҳокама қилинди. Охир-оқибат биз айрим йўналтирувчи тамойиллар бўйича умумий келишувга эришишга муваффақ бўлдик», - деди Эрон бош дипломати Аббос Арақчи.

Шунингдек, Арақчи «янги имконият ойнаси» очилганини ва муҳокамалар Эроннинг қонуний ҳуқуқлари тўлиқ тан олинадиган ечимга олиб келишига умид қилишини айтди.

АҚШ расмийси Эрон келаси икки ҳафта ичида ядровий музокаралардаги тафовутларни бартараф этиш учун батафсил таклифлар тақдим этишини айтди. «Олдинга силжиш бор, бироқ ҳали муҳокама қилиниши керак бўлган кўплаб тафсилотлар мавжуд», - деди исми ошкор этилмаган расмий Reutersʼга.

Воситачи бўлган Уммон ташқи ишлар вазирлиги ҳам «ҳали қилинадиган ишлар кўп» эканини, бироқ «аниқ кейинги қадамлар» билан музокаралар якунланаётганини айтди.

Сешанба куни музокаралар бошланиши вақтида Эрон Инқилобий гвардияси ҳарбий машғулотлар туфайли Ҳормуз бўғозининг айрим қисмларини вақтинча ёпган. Теҳрон илгари агар ҳужумга учраса, глобал нефтнинг катта оқими ўтадиган бўғозни тижорий кемалар учун ёпишини айтганди.

Музокаралар фонида Трампнинг Эронда «режим алмашинуви» энг яхши йўл бўлиши мумкин, деган фикрига олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоминаий жавоб берди.

«АҚШ президенти уларнинг армияси дунёдаги энг кучлиси, дейди. Аммо дунёдаги энг кучли армия ҳам баъзан шундай қаттиқ зарба ейиши мумкинки, ўрнидан тура олмайди», - дейди у маҳаллий ОАВларда эълон қилинган изоҳларда.

Дунё бўйлаб Рамазон шукуҳи

Саудия Арабистони ва яна бир нечта мусулмон давлатлар 18 февралдан Рамазон ойи бошланганини эълон қилди. 17 феврал куни Макка ва Мадинадаги икки Ҳарамда таровиҳ намозлари бошланди.

Саудия расмийлари сешанба куни кечқурун уларнинг кузатув гуруҳлари томонидан ой кўрилганини маълум қилган. БАА, Қатар, Баҳрайн, Кувайт, Яман, Афғонистон ва Фаластин ҳам Саудияга эргашди.

Бошқа бир қатор мусулмон давлатлар уларнинг ҳудудида ой кўринмаганини билдириб, Рамазонни 19 феврал — пайшанба куни бошлашини маълум қилди. Улар қаторига Миср, Малайзия, Туркия, Индонезия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Иордания ҳамда АҚШ ва Европадаги мусулмон жамоалари киради.

Эрон, Марокаш, Ҳиндистон, Бангладеш ва Покистон каби бир қатор давлатлар эса Рамазон пайшанба ёки жума куни бошланиши мумкинлигини айтган.

АҚШ расмийси: «Хитой ядровий синовларни ўтказган»

АҚШнинг юқори мартабали расмийси Хитой гўёки 2020 йил июн ойида ўтказган ерости ядровий синов портлаши ҳақида янги тафсилотлар борлигини айтди. Давлат департаментининг ёрдамчи котиби Кристофер Явнинг айтишича, Қозоғистондаги масофавий сейсмик станция 2020 йил 22 июнда Хитойнинг ғарбий қисмидаги синов полигонида содир бўлган 2,75 магнитудали «портлаш»ни қайд этган.

«Ўшандан бери қўшимча маълумотларни кўриб чиқдим. Бу ҳодиса портлашдан бошқа нарса бўлиш эҳтимоли жуда паст ягона портлаш», деди у.

«Маълумотлар кон қазиш портлашларига ва зилзилага ҳам мутлақо мос келмайди. Бу ядровий портлаш синовида кутишингиз мумкин бўлган ҳодиса», деди Яв. У ядро муҳандислиги бўйича докторлик даражасига эга, собиқ таҳлилчи ва мудофаа соҳасида ҳам ишлаган.

Таҳлилчига кўра, Хитой синовни яшириш учун «decoupling» деб аталадиган усулдан фойдаланган бўлиши мумкин: бунда қурилма катта ерости бўшлиғида портлатилиб, атрофдаги тоғ жинсларига узатиладиган зарба портлаш тўлқинлари кучини камайтиради.

Ядровий синов портлашларини аниқлаш билан шуғулланувчи халқаро ташкилот ушбу даъвони ишонч билан тасдиқлаш учун етарли маълумот йўқлигини билдирди.

Вашингтондаги Хитой элчихонаси эса ядровий синов ҳақидаги даъвони «мутлақо асоссиз» ва АҚШ ядровий синовларни «қайта бошлаш учун баҳона уйдириш»га уриниш деб атади. «Бу ядровий гегемонияни давом эттириш ва ўзининг ядровий қуролсизланиш мажбуриятларидан қочишга қаратилган сиёсий манипуляциядир», деди элчихона вакили.

Пентагон маълумотига кўра, Хитой ҳозир 600 дан ортиқ оператив ядровий каллакка эга ва стратегик ядровий кучларини кенгайтиришни жадал давом эттирмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Хитой 1000 дан ортиқ каллакка эга бўлади.

Перу Конгресси президентни лавозимидан четлатди

Перу Конгресси президент Хосе Жерини лавозимга киришганидан атиги тўрт ой ўтиб лавозимидан четлатди. Бунга хитойлик тадбиркор билан ошкор этилмаган учрашув билан боғлиқ можаро сабаб бўлди.

Жерини лавозимдан олишни 75 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 24 нафари қарши овоз берди, уч нафари бетараф қолди.

Мамлакат сўнгги саккиз йил ичида саккизинчи президентга эга бўлиши кутилмоқда. Тез-тез бўлаётган лавозимдан олишлар Перу сиёсий элитаси жиноятчилик ва коррупция каби сайловчилар муаммоларини ҳал этолмаганини кўрсатади. Натижада мамлакат қисқа муддатли ҳукуматлар даврида қолмоқда — уларда муаммоларни ҳал қилиш учун етарли вақт ҳам, ваколат ҳам йўқ.

Жерини танқид қилиш чораларини қўллаб-қувватлаган депутатлардан бири — жамоатчилик манфаатларини биринчи ўринга қўядиган етакчини тайинлашни исташини айтди.

Перу Конституциясига кўра, ҳозирги Конгресс раҳбари Фернандо Роспиглиоси ворислик бўйича навбатдаги шахс бўлса-да, у президентликни қабул қилишдан бош тортди. Шу сабаб депутатлар янги Конгресс раҳбарини сайлаши керак бўлади ва у автоматик равишда вақтинчалик президент бўлади. 12 апрелда эса йирик сайлов бўлиб ўтади.

Россия–Украина уруши

Россия ва Украина сешанба куни бир-бирини тунги ҳаво зарбаларида айблади. Айни пайтда икки давлат Швейцариянинг Женева шаҳрида АҚШ воситачилигида янги тинчлик музокараларини ҳам бошлаган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир кечада 151 та Украина дронини уриб туширганини, уларнинг 79 таси Қора денгиз ва Азов денгизи устида йўқ қилинганини билдирди. Кейинчалик яна 27 та дрон уриб туширилган.

Шунингдек, ҳужум оқибатида жанубдаги Краснодар ўлкасида жойлашган Илск нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқиб, тахминан 700 квадрат метр майдонни қамраб олган.

Алоҳида ҳолатда Сочи мэри курорт шаҳар «оммавий» дрон ҳужумига учраганини айтди.

Россиянинг ҳаво транспорти агентлиги — Сочи, Краснодар, Нижнекамск, Геленджик ва Ижевск шаҳарлари аэропортларида вақтинчалик чекловлар жорий этиб, эрталаб уларни бекор қилди.

Украина эса Одесса порт шаҳрида Россия зарбалари оқибатида камида икки киши жароҳатланганини, инфратузилма ва фуқаролик бинолари шикастланганини билдирди.

Украина президенти Володимир Зеленский дрон зарбаларидан кейин Одессада «ўн минглаб одам» иссиқлик ва сув таъминотисиз қолганини, 12 та ҳудуд ҳужумга учрагани ва тўққиз киши жароҳатланганини ёзди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия учирган 396 та дрондан 367 таси ва барча 25 та ракета уриб туширилганини даъво қилди.

Бу баёнотлар сешанба куни Женевада Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги 2 кунлик янги тинчлик музокаралари бошлангани фонида янгради. Кремл музокараларда ҳудудий масалаларга эътибор қаратилишини билдирган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид