Ўзбекистон | 14:26 / 31.08.2022
24967
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки судя устидан жиноят иши очилди

Kun.uz манбасига кўра, улар ноқонуний эгалланган ер участкалари бўйича ишларни манфаатдорлар фойдасига ҳал қилиб берганликда гумонланяпти.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судяси Ҳ.И. (аёл киши) ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судяси Ҳ.И. (эркак)га нисбатан жиноий иш очилган.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, ҳар иккала судя ноқонуний эгалланган ер участкаларига эгалик ҳуқуқини белгилашга доир ишлар бўйича манфаатдор шахслар фойдасига ҳал қилув қарорларини чиқариб берган.

Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, бу судяларнинг ваколатлари олий судловни амалга оширишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун бундан 2 ой муқаддам кенгаш қарори билан муддатидан аввал тугатилган.

“Судяларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганига оид маълумот кенгашда мавжуд эмас. Бу масалада Бош прокуратурадан изоҳ олинса мақсадга мувофиқ бўлади”, дейди Акбаров.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан аниқлаштириб, маълумот беришини маълум қилди.

Мавзуга оид