Ўзбекистон | 09:20 / 12.11.2021
7439
2 дақиқада ўқилади

Хорижий ОТМни тамомлаган ёш мутахассислар маошига қўшимча устама тўланади

Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМни тамомлаган ёки уларда илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилиши назарда тутилган.

Фото: Kun.uz

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, президентнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, агентлик томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, ташкилотлар рўйхати шакллантирилган ҳамда эндиликда агентлик, иш берувчи ва ёш мутахассис ўртасида 3 йилгача бўлган муддатга тузиладиган шартномага асосан, ходимнинг лавозим маошига қўшимча равишда устамалар ҳар ой тўлаб берилади.

Қўшимча устамалар тўлаб беришнинг асосий шартлари қуйидагича: юқори 500талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини 2021 йил ва келгуси йилларда тамомлаган ёш мутахассисга нисбатан татбиқ этилади; ёш мутахассис қўшимча миқдорларнинг биттасидан фойдаланиши мумкин.

Номзодларнинг ҳужжатлари давлат органлари, ташкилот ва муассасалари томонидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этилади. Тақдим қилинадиган ҳужжатлар: шартнома тузиш бўйича мурожаат хати; ёш мутахассиснинг хорижий ОТМни тамомлагани тўғрисида диплом, нострификация тўғрисида ҳужжат, меҳнат шартномаси ва ишга қабул қилинганлик тўғрисида буйруқ нусхалари; 3 нусхада иш берувчи ва ёш мутахассис томонидан имзоланган шартномалар.

Шартнома тузилган кундан бошлаб, иш берувчи ёш мутахассиснинг ҳар ойлик лавозим маошига қўшимча устамаларни тўлаб боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид