Жамият | 23:39 / 26.05.2021
5034
2 дақиқада ўқилади

«Тарихни ва тилни ўрганинг» – Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшларига глобал даражада ютуқларга эришиш бўйича маслаҳатларини берди

25 май куни Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва ёшлар ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбирига кўра, тадбир давомида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшларига нафақат мамлакат ичида, балки глобал даражада муваффақиятларга эришиш бўйича ўз тавсияларини берган.

«Менга бу тадбирга келишимдан аввал ёшларни катта муваффақиятларга ундайдиган тавсияларингиздан беринг, деб айтишди.

Ўйлашимча, ёшлар икки нарсага эътибор қаратишлари керак, бу – тарих ва тил.

Биз ўзимизни қанчалик замонавий, ақлли деб билмайлик, шуни эсдан чиқармаслик керакки, тарих доим такрорланади. Унинг ўз айланиш йўналиши бор.

Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва умуман, барча жабҳада бўлаётган ишларнинг ҳаммаси қачондир, қаердадир бўлган. Буни синчиклаб, эринмасдан ўрганадиган бўлсангиз, йўл қўйишимиз мумкин бўлган кўплаб камчиликларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Истаган давлат тарихини ўрганинг, жуда қизиқ воқеалар билан танишасиз. Мен буларни ўрганган киши сифатида айтаманки, тарихни ўқиркансиз, кўп нарсалар сизни ҳайрон қолдира бошлайди.

Ишонинг, инсоният ҳозирги жараёнлардан аввал ҳам ўтган. Тарихни билган одам кам хато қилади, оғир вазиятларда тўғри йўлни топа олади», – деди мулозим.

Абдуҳакимовнинг ёшларга берган навбатдаги маслаҳати тил билишнинг афзалликлари ҳақида бўлди.

«Ўзбек тилини билган киши ўзбек тилли 40-50 млн одам билан гаплаша олади. Рус тилини билган кишига дунё янада кенгаяди. Энди 300 млн киши билан мулоқотга кириша оласиз.

Хитой тилини билиш кишига 1 млрддан 1,5 млрдгача одам билан гаплаша олиш имкониятини беради. Инглиз тилини билиш эса инсонга деярли бутун дунёни очади.

Умуман олганда, барча ёшлар чет тилларини ўрганиши керак. Шундагина улар глобал ютуқларга эришиши мумкин», – деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид