Иқлим ўзгариши ва инсоният. Глобал исиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар
Иқлим ўзгариши — кенг тарқалаётган, жадал ва тезлашиб бораётган жараёндир. Ғарбда яшовчилар учун ҳам сайёранинг исиш хавфи энди фақат чекка ҳудудларга таъсир қиладиган муаммо эмас. Дунёнинг деярли барча қисмида истиқомат қилаётган инсонлар иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган ҳодисаларни ўз таналарида ҳис қилишмоқда.
Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи Ер илгари ҳисоб-китоб қилинганидан кўра тезроқ исиб бораётганини маълум қилишмоқда. Дунё бўйича ўртача ҳарорат 1,1 даражага кўтарилган. Бу эса 2040 йилга бориб ўртача ҳарорат 1,5 даражага ошишини билдиради.
Иссиқ тўлқинлар, кучли шамоллар, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ёнғинлар янада кўпроқ содир бўла бошлади, музликлар эриши янада кучайди. Айниқса, жорий йилда бу жараён жудаям тезлашганини кузатишимиз мумкин.
Ўрмон ёнғинлари
Франция жануби, Испания ва Италиянинг Сардиния оролида кенг миқёсдаги ўрмон ёнғинлари натижасида минглаб гектар майдонлардаги ўрмон ва қишлоқ хўжалик ерларига зиён етди.
13 июль куни Калифорния шимолида бошланган ва Diksi номини олган кенг кўламли ёнғинлар натижасида 200 минг гектардан зиёд майдонлар зарарланди.
Шимолий Македония ҳукумати йирик ўрмон ёнғинлари сабабли бир ойга инқирозли вазият режимини жорий этди.
Аномал иссиқ туфайли Туркия ғарби ва жанубида ҳам даҳшатли ёнғинлар юз бериши натижасида сайёҳлик тадбирлари, экскурсиялар бутунлай тўхтатилди. Қишлоқ хўжалик майдонлари, фермалар ёнғин ичида қолиб, чорва моллари нобуд бўлди.
Грецияда ҳам бир неча кундан буён кучли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Офат бир ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиши оқибатида содир бўлган. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилган.
Россия шарқидаги Ёқутистон Республикасида ўрмон ёнғинлари, расмий маълумотларга кўра, 6 млн гектар ҳудудни қамраб олган — бу Бельгия ҳудудидан икки баробар катта.
Жазоирдаги кучли ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар учун мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилинди.
Сув тошқинлари
Табиий офатларнинг яна бир даҳшатлиси сув тошқинларидир. Афғонистон шарқида жойлашган Нуристон вилоятида юз берган тошқинларда камида 150 киши ҳалок бўлди.
Хитойнинг Женгжоу шаҳрида кучли ёмғир ёғиши натижасида сув тошқинлари содир бўлди ва бир қанча инсонларнинг ҳаётига нуқта қўйилди.
Ҳиндистоннинг Гоа ва Маҳараштра штатларида рўй берган кенг кўламли сув тошқинларидан кейин минглаб бинолар вайрон бўлди.
Белгияда 14–16 июль кунлари юз берган тошқинлар 10 млрд евродан кўпроқ зарар етказган.
Ғарбий Германияда минглаб одамлар сув тошқинлари сабаб уйларини тарк этди, 100 мингдан ортиқ киши электр таъминотисиз қолди.
Аномал иссиқ
3–7 июнь кунлари Тошкентда уч асрнинг максимум ҳарорати кузатилгани қайд этилганди. Пойтахтда 5, 7 ва 8 июль кунлари яна рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат такрорланди.
Франциянинг ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш вазири Анес Бюзен ёзда кузатилган аномал иссиқлик 1,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлганини маълум қилди.
Канаданинг Британ Колумбияси провинциясида аномал иссиқ ҳаво сабабли деярли 500 киши вафот этган. Провинцияда ҳаво ҳарорати рекорд кўрсаткич — 49,6 даражага етган. Бунгача Канадада ҳарорат 45 даражадан ошмаган.
Японияда саккиз мингдан ортиқ одам касалхоналарга ётқизилган. Бунга жазирама туфайли иссиқлик уриши сабаб сифатида кўрсатилган.
Бу ҳодисаларнинг ҳар биридан иқлим ўзгариши инсониятга қанчалик хавф туғдира бошлаганини кўришимиз мумкин.
Мутахассислар асрлар давомида денгиз сатҳининг кўтарилишини башорат қилмоқдалар, илгари «аср тошқини» деб ҳисобланган нарса 80 йил ичида ҳар йили содир бўладиган ҳодисага айланиши мумкин.
«Cloud to Street» компанияси мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, XXI аср бошидан буён сув тошқинидан жабр кўрган одамлар сони 24 фоизга ортган. Бу кўрсаткич олимларнинг прогнозидан 10 баробар кўп.
Олимларнинг ҳисоб-китобича, 2000 йилдан 2018 йилгача тошқинлар сайёрамизнинг 2,23 млн квадрат километрлик ҳудудига зарар келтирган, тошқинлардан 290 миллионга яқин киши жабр кўрган.
Сув тошқинларининг қарийб 90 фоизи Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига, айниқса Ҳинд, Ганга-Брахмапутра ва Меконг дарёлари минтақасига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, сунъий йўлдош маълумотлари Лотин Америкасининг жанубий қисми, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида ҳам сув тошқинлари кўпайганини кўрсатади.
Иқлим ва демографик ўзгаришлар туфайли 2030 йилга бориб сув тошқинлари яна 25та мамлакатда юз бера бошлаши прогноз қилинмоқда.
Greenpeace Australia Pacific тадқиқотлар бўлими бошлиғи Никола Казуленинг таъкидлашича, глобал исиш оқибатида Тинч океанидаги айрим орол давлатлар йўқ бўлиб кетиши мумкин. «Дунё океани сатҳининг кўтарилиши Кирибати, Вануату ва Сулаймон оролларини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиради», дейди мутахассис.
Маълумот берилишича, 1900 йилдан буён дунё океани сатҳи 20 сантиметрга кўтарилган.
Иқлим ўзгаришининг асосий сабаби нимада?
Мутахассислар иқлим ўзгаришининг асосий омили иссиқхона эффекти эканлигини таъкидлашади. Қуёшдан келган иссиқликнинг Ер сатҳида жамланиб, димланиб қолиши иссиқхона эффекти дейилади. Яъни қуёшдан келган нурни Ер ҳам ўз навбатида атмосфера орқали коинотга қайтаради. Ушбу нурларнинг бир қисми коинотга чиқиб кетиш ўрнига одамлардан чиқарилган турли газларга ютилади. Унинг коинотга қайтиб чиқиб кетмаслиги оқибатида Ер юзи меъёридан ортиқ қизийди ва иқлимга таъсир кўрсатадиган иссиқхона қатлами ҳосил бўлади.
Натижада сутка мобайнида энг юқори ва энг паст ҳарорат орасида кам фарқ бўлади. Яъни одамлар ва табиат тунда ҳам кундузги каби иссиқ ва дим ҳаво таъсирида қолади. Бундай суткалик иссиқлик эса кескин исиш ҳодисасини келтириб чиқаради.
Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи асосий газ бу – карбонат ангидрид. У атмосферага ҳам табиий, ҳам сунъий йўл билан қўшилади. Метан, азот оксиди каби бошқа ифлос газлар ҳавога инсон омили туфайли чиқарилиб, булар бир бутун иссиқхона эффекти даражасини белгилайди.
Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи газ концентрацияларининг ортиши, сайёрада табиий иссиқлик балансини бузади ва антропоген иссиқхона эффектини келтириб чиқаради.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2100 йилга бориб иссиқхона эффекти оқибатида глобал ялпи ички маҳсулот 20 фоиздан ортиққа пасайиши мумкин.
Шунингдек, ҳозирги кунда асосий муаммолар сифатида антропоген омиллар таъсири ва қурғоқчилик натижасида углерод газини ютувчи ўрмон майдонлари кескин қисқариб кетиши, озон қатламининг емирилиши, ёввойи табиат майдонларининг қисқариб бораётганини ҳам келтириб ўтиш мумкин.
Иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ҳам қатор салбий оқибатларга олиб келяпти:
- Ҳарорат кўтарилиши натижасида сувнинг буғланиш коэффициенти ошиши ҳудудларда сув ресурслари камайишига, танқислигига таъсир этмоқда;
- Экологик танглик оқибатида йил давомида умуман ёғингарчилик бўлмаган кунлар сони кўпаймоқда;
- Тупроқнинг намлиги камайиши ҳисобига такрорий қурғоқчилик хавфи ортмоқда ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари тушиб кетмоқда;
- Орол денгизига қуйиладиган сув ҳажмининг камайиши дарё дельтасининг чўлга айланиши ва қуриган денгиз тубида янги чўл майдонлари пайдо бўлишини тезлаштиряпти;
- Атмосфера ҳавосида катта майдонларда чангланиш ортмоқда;
- Исиш ва совиш каби аномал ҳодисаларнинг ўзгариши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва меваларнинг нобуд бўлишига олиб келмоқда.
Мутахассислар иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун бир қанча тавсиялар беришган:
- қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш;
- энергия самарадорлигини ошириш ва соҳаларни энергия тежовчи технологиялар билан модернизация қилиш;
- табиатда яшилликни кўпайтириш, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, дарахтзорларни кўпайтириш;
- экологик тоза қишлоқ хўжалигига ўтиш;
- тупроқ таркибидаги органик моддаларни сақлаб қолиш (чунки уларнинг йўқолиши тўғридан тўғри иссиқхона эффектига таъсир қилади);
- экологик тежамкор транспорт турларига ўтиш.
Хулоса
Иқлим кўрсаткичларининг йил сайин тобора ёмонлашиб бораётганини инсоният Ердан шафқатсизларча фойдаланишни давом эттираётгани билан боғлаш мумкин. Кўпчилик давлатлар томонидан бу жараён хавфсизликка қарши энг катта таҳдид сифатида кўрилмоқда. Дунё бўйлаб содир бўлган аянчли ҳодисалар экологик хавфсизликни таъминлашнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқишга етарли даражада кучли туртки бериши керак. Йўқса кейинчалик жуда кеч бўлиши мумкин.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
22:59 / 21.11.2024
Иқлим ўзгариши тўфонлар тезлигини оширмоқда — тадқиқот
15:22 / 21.11.2024
Бокудаги COP29: иқлим ўзгаришига мослашиш харажатларини ким тўлайди?
13:55 / 20.11.2024
2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди
16:20 / 14.11.2024