Жамият | 20:58 / 09.09.2021
71694
14 дақиқада ўқилади

Грин-карта можароси. 350 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукумати билан судлашмоқда

2019, 2020 ва 2021 йилги DV Lottery дастури ғолиблари бўлган ўзбекистонликлар виза ололмаётганини айтишмоқда. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси пандемия туфайли ҳали нормал виза амалиётига қайтмаган. Ҳолбуки Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда бу жараён аллақачон тикланган.

Фото: Shutterstock

Ўзи нима гап?

Дунё бўйлаб грин-карта лотереясининг минглаб ғолиблари АҚШ ҳукуматига қарши судга даъво киритишмоқда. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Даъвогарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат Кёртис Моррисон твиттерда АҚШ ҳукуматига қарши даъво 141 мамлакатдан 24 минг нафардан ортиқ одам номидан берилганини маълум қилди. Мазкур иш Колумбия округи суди томонидан кўриб чиқилиши кутиляпти.

Судга мурожаат қилган “Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури” (Diversity Immigrant Visa Program – AҚШ резиденти мақомини олиш ҳуқуқини берувчи визалар олиш дастури)нинг минглаб ғолиблари АҚШ уларнинг аризаларини кўриб чиқишдан бош тортаётгани сабабли Америкада янги ҳаёт бошлаш имкониятини йўқотишдан хавотирда.

Ҳар йили 55 мингта грин-карта

DV Lottery дастурида cўнгги беш йилда АҚШга 50 минг фуқароси иммиграция қилган давлатлардан ташқари барча давлатлар фуқаролари қатнаша олади. Ўзбекистонликлар ҳам дастурда иштирок эта олувчилар жумласидандир. Ҳар йили лотереяда иштирок этганлар орасидан дунё бўйлаб 55 минг киши танлаб олинади. Улар орасида АҚШ фуқаролари ва дастурда иштирок эта олмайдиган мамлакатлар вакиллари бўлмаслиги кафолатланади.

Ушбу дастур оддий, лекин қатъий талабларга жавоб берадиган шахсларга доимий яшаш мақомини беришни назарда тутади. Одатда анкета тўлдирувчи ҳеч бўлмаганда ўрта маълумотга эга бўлиши, Ўзбекистон шароитида лицей ёки коллежни тамомлаган бўлиши талаб этилади. Грин-карта эгалари тасодифий танланади. Бериладиган визалар мамлакат ва минтақа бўйича чекланган. Ҳеч қайси мамлакатга умумий «грин-карта»нинг 7 фоизидан (3,5 минг) ортиғи берилмайди.

Лекин грин-карта ютганларнинг ҳаммаси ҳам АҚШга кета олмаган. 2016 йил май ойида 4 501 нафар, 2017 йил майида 4 494 нафар ўзбекистонликка ютуқ чиққан. Бироқ 2017 йилда фақатгина 3199 нафар, 2018 йилда 2058 нафар, 2019 йилда эса 823 нафар Ўзбекистон фуқароси DV дастури орқали АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Коронавирус пандемияси иммиграцион визалар дастурига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. 2020 йилнинг 20 мартида АҚШ Давлат департаменти хорижий давлатлардаги барча консуллик идоралари, ваколатхона ва элчихоналари томонидан виза хизматлари кўрсатилиши тўхтатилишини маълум қилди.

2020 йилнинг апрелида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп мамлакатга иммиграцияни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолаган, ҳужжатда коронавирус сабабли юзага келган инқироз шароитида америкаликларга иш ўринларини кафолатлаш учун хорижликларга камида 60 кунга грин-карталар берилиши тўхтатилиши кўзда тутилганди. Кейинчалик чеклов номаълум муддатгача узайтирилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, DV Lottery дастури орқали бериладиган визалар қатъий муддатларга эга ва агар рухсат олиш муддати ўтказиб юборилса, ариза берувчи дастур бўйича AҚШга кўчиб ўтиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин.

“Мавҳумлик бизни чарчатди...”

2019, 2020 ва 2021 йилларда ўтказилган лотереяда ғолиб чиқиб, грин-карта соҳиби бўлган ўндан ортиқ ўзбекистонликлар Kun.uz’га мурожаат қилиб, ҳалигача суҳбатга чақирилмаётганликларини маълум қилишди.

“Давлат ишида ишлайман. Грин-картани ютганимда ниҳоятда қувонгандим. Ҳали ота-онам ҳам билмайди бу ҳақда. Суҳбатдан ўтиб, барчаси аниқ бўлгандан кейин айтмоқчи эдим. Бироқ энди барчаси саробга айланишидан хавотирдаман.

Бир қанча мамлакатларда, масалан, бизга қўшни давлатларда грин-карта ғолиблари аллақачон суҳбатдан ўтиб, Америкага кетишяпти. Лекин негадир биз бундан четда қоляпмиз”, – дейди ушбу сўзлари аризасини кўриб чиқилишидан хавфсираб, исми сир қолишини сўраган ватандошлардан бири.

“2019 йилда ўтказилган грин-карта лотереясида аёлимга ютуқ чиққан. 2020 йил 20 март куни суҳбатга кирганмиз. Суҳбатга киришдан аввал ўзим, аёлим ва қизим учун элчихонага 330 доллардан жами 990 доллар, тиббий кўрикдан ўтиш учун киши бошига 205 доллардан тўлов тўлаганмиз. Бироқ ҳалигача виза ололганимиз йўқ.

Шу пайтгача электрон почта орқали мурожаатларимизга ҳар сафар бир хил – пандемия туфайли айни пайтда виза берилмаётганлиги таъкидланган жавоблар келган. Элчихонага телефон ҳам қилганмиз. Телефондаям шундан ортиқ жавоб ололганимиз йўқ. Мавҳумлик роса чарчатди бизни.

Агар вазият чиндан пандемия билан боғлиқ бўлса, у ҳолда нима учун Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда грин-карта ғолиби бўлган шахсларга виза берилмоқда? Улардаги вазият биздан яхшими? Бунга ҳам хўп дейлик. Агар эпидемиологик вазият шу қадар ёмон бўлса, нега АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ноиммигрант визалар, яъни туризм ва саёҳат, таълим ва алмашинув дастури бўйича визаларни бериб келмоқда. Ахир АҚШ Давлат департаменти хорижий давлатлардаги элчихоналарига биринчи навбатда иммиграцион визаларни кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берган бўлса-да, нима учун ушбу тоифага кирувчи DV-дастури бўйича визаларни беришни пайсалга солиб келмоқда. Саволларимиз кўп, аммо жавоб йўқ”, – дейди Бахтиёр Бадалов.

“Грин-карта лотерея эканини деярли ҳамма билади. Омадимиз чопиб ана шу лотереяда ғолиб деб топилдик. Бироқ бизга ваъда қилинган ютуқни олиш учун, яъни АҚШга кетиш учун судга мурожаат қилишга мажбурмиз. Тўғри, пандемия кўп нарсани ўзгартириб юборди. Вазиятни тўғри баҳолаганимиз учун ҳам шу пайтгача сабр билан кутиб келдик. Агар бошқа мамлакат фуқаролари ҳам биз каби кутишаётган бўлганида, балки, ҳуқуқларимиз ҳимояси учун судга ҳам мурожаат қилмаган бўлардик. Бироқ кўплаб давлатлардаги АҚШ элчихоналари фаолиятини тиклади, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларни бекор қилиб, виза бериш жараёнини йўлга қўйди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам бошқа турдаги визаларни бераётганини эшитдик, бироқ DV-визаларга келганда COVID-19 баҳона қилиб кўрсатилаётганини ҳазм қила олмаяпмиз. Устига-устак ҳеч бир ваколатли шахс бу жараён қачонгача давом этиши мумкинлиги, аввалги йилларда грин-карта ютганларнинг тақдири нима бўлиши ҳақида аниқ бир маълумот бермаяпти.

Нега АҚШ ҳукумати ва ушбу мамлакатнниг Ўзбекистондаги элчихонаси DV-lottery ғолибларининг ҳуқуқларини поймол қилишмоқда. Ахир DV-дастури АҚШ ҳукуматининг ўзи яратган дастур-ку?! Биз эса ушбу дастурда қонуний тарзда ғолиб бўлганмиз. Наҳот ўзлари яратган тизимни ўзлари инкор этишса?!” – дейди дейди 2020 йили ўтказилган DV-lottery ғолиби бўлган Низомиддин Тўлаганов.

Грин карта ютган 11 мингдан ортиқ шахс АҚШни судга берган

Айни пайтда АҚШда яшаб, фаолият юритаётган, америкалик адвокат Кёртис Моррисон ва ўзбекистонликлар ўртасида воситачилик қилаётган Ўткир Раҳматуллаев 350 нафар ватандошнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Колумбия округи судига даъво аризаси киритилганини маълум қилди.

– 2021 йилнинг 7 июнида Колумбия округ судига киритилган ““Mr. Goodluck v. Bayden” (“Жаноб Гудлак Байденга қарши”) деб номланган даъво доирасида 11 минг нафардан ортиқ DV-дастури лотереяси ғолиблари ва уларнинг оилалари (жами 24 089 нафар даъвогар)нинг манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Даъвогарларнинг 1341 нафари Непал, 1295 нафари Марокаш, 910 нафари Жазоир, 896 нафари Миср, 689 нафари Судан, 548 нафари Россия, 539 нафари Албания, 385 нафари Туркия, 355 нафари Эрон ва 350 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Ушбу даъвогарларнинг манфаатларини Кёртис Моррисон, Рафаэл Урена, Aбадир Барре, Филипп Даклос, Жонатан Афталион ва бошқа адвокатлар ҳимоя қилишмоқда. 2021 йилнинг 8 июнь куни судья Амит Меҳта “Жаноб Гудлак Байденга қарши” деб номланган ишни кўриб чиқувчи судья сифатида тайинланган.

“Даъвогарлар Департаментнинг иммиграцион виза учун аризаларини кўриб чиқиш ва ҳал қилишни тўхтатувчи сиёсати, процедуралари ва амалиётини тугатишни талаб қилишмоқда. Улар суддан 2021 йил 30 сентябргача DV-lotery ғолибларининг иммиграцион виза талабларини кўриб чиқиш ва уларнинг аризалари бўйича қарор қабул қилиш мажбуриятларини бажаришга ҳамда башарти жавобгарлар даъвогарлар визасини муддатидан олдин тўлиқ ҳал қилмаган ва бермаган тақдирда, 2021 йил 30 сентябрдан кейин даъвогарлар учун ишлатилмайдиган DV-лотерея визалари рақамларини захиралашга мажбурлайдиган суд буйруғи чиқариб беришни сўрашмоқда”, – дейди Ўткир Раҳматуллаев.

Унинг қўшимча қилишича, 2021 йилнинг 19 июль куни биринчи суд тинглови бўлиб ўтган. Суд даъвонинг 2021 йил 30 сентябргача DV-lottery ғолибларининг иммиграцион виза талабларини кўриб чиқиш ва уларнинг аризалари бўйича қарор қабул қилиш мажбуриятларини бажаришга мажбурлайдиган суд қарори чиқарилиши ҳақидаги қисми бўйича аллақачон ўз ҳукмини эълон қилиши керак бўлса-да, бу жараён негадир чўзилиб кетган.

– Даъвонинг башарти жавобгарлар даъвогарлар визасини муддатидан олдин тўлиқ ҳал қилмаган ва бермаган тақдирда, 2021 йил 30 сентябрдан кейин даъвогарлар учун ишлатилмайдиган DV-lottery визалари рақамларини захиралашга мажбурлашга доир қисми бўйича суд қарори 30 сентябргача қабул қилиниши шарт. Ушбу санадан кечиктириб қабул қилинган ҳужжат қонуний кучга эга бўлмайди.

Худди шундай ҳолат ўтган йили DV-2020 дастури буйича ҳам юз берганди. AҚШ COVID-19 туфайли 2020 йилнинг 20 мартидан дунё бўйлаб консулликлари орқали виза беришни тўхтатганди. Кейинроқ Трампнинг мамлакатга иммиграцияни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги фармони чиқди. Ушбу фармон DV-2020 дастури учун катта хатарни юзага келтирди. Чунки ушбу дастур ғолиблари 2021 йил 30 сентябргача йилгача виза олишолмаса, уларнинг визаси куярди. Айнан шу муаммо “Mr. Gomez v. Trump” (“Жаноб Гомез Трамга қарши”) деб номланувчи даъвони юзага келтирди. 2020 йилнинг июлида старт олган суд иши ҳозиргача давом этмоқда. Яқинда бу борада якуний қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Бунгача эса 2020 йилнинг 4 сентябрида суд томонидан вақтинчалик қарор қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2020 йил 24 сентябргача 974 нафар даъвогардан 948 нафар даъвогарнинг аризаси иши кўриб чиқилди. Вақтинчалик қарор туфайли уч ҳафта ичида жаҳон бўйлаб DV-2020 ғолибларининг 5093та аризаси кўриб чиқилди. 2020 йил 3 сентябрда эса судья АҚШ Давлат департаменти DV-2020 дастурини ноқонуний тарзда тўхтатгани учун 9095та визани захиралаш ҳақида қарор қабул қилди. Захира қилинган визалар берилишини ижро этиш муддатини аниқловчи суд қарори яқин орада чиқиши кутилмоқда.

Ўткир Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, DV-2020 дастури буйича виза олиш муддати 2020 йил 30 сентябргача, DV-2021 дастури бўйича эса 2021 йил 30 сентябргача давом этади.

Марказий Осиёда фақат ўзбекистонликлар виза ололмаяпти

Ўзбекистонда DV-2021 дастури буйича 2082 нафар (оила аъзолари билан бирга 5319 киши) ғолиб мавжуд. Kun.uz билан суҳбатда ватандошлар ҳали бирорта ҳам ўзбекистонлик виза суҳбатидан ўтмагани, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ҳозиргача Тошкентдаги АҚШ элчихонаси томонидан DV-2021 дастури буйича бир дона ҳам виза берилмаганини айтишмоқда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасининг 2021 йил 16 апрелдаги ахборотида сўнгги икки ҳафта мобайнида янги, расман хабар қилинган ҳолатлар тенденцияси ошгани, бироқ ишончли маълумотларга кириш имкони йўқлиги ва тестлар етарли эмаслиги туфайли уларнинг сони камлиги ҳақида сўз борган ҳамда шу муносабат билан виза хизматлари тўхтатилганини маълум қилган.

Kun.uz’га мурожаат қилган ватандошларнинг айтишича, Марказий Осиё минтақасидаги бошқа тўрт мамлакат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг DV-2021 дастурида ғолиб чиққан фуқароларига виза бериб келинмоқда.

“2021 йил 3 июнь ҳолатидаги маълумотларга кўра, АҚШнинг Олмаотадаги элчихонаси томонидан DV-2021 дастурида ғолиб чиққан 1593та кейс (грин-карта ютган шахсларнинг оила аъзолари сони билан бирга жами 4 мингдан зиёд киши АҚШга виза олиш ҳуқуқига эга бўлган)дан 70таси бўйича ўтказилиб, 140 кишига виза берилган. Шунингдек, Американинг Бишкек шаҳридаги элчихонаси томонидан 2021 йилги грин-карта лотереясида ғолиб бўлган 760 кейсдан 26таси суҳбатдан ўтказилиб, 48 кишига виза берилган. Бу маълумотлар судга ҳам тақдим этилган.

Тожикистонликлар АҚШнинг Олмаота шаҳридаги элчихонаси орқали суҳбатдан ўтиб келишмоқда. Туркманистон пандемия туфайли шу пайтгача ташқи дунё учун ёпиқ эди, у ҳам яқинда очилди ва АҚШнинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси ҳам фаолиятини тиклади. Бироқ АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳалигача пандемияни баҳона қилиб на виза беришни йўлга қўйди ва на грин-карта ғолибларини виза суҳбатларига чақирмоқда. DV-2021 дастурида ғолиб чиққан 2082 нафар ўзбекистонликдан ҳеч бири шу пайтгача суҳбатга чақирилмаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги консуллиги бу ҳаракатини қуйидагича изоҳламоқда: “COVID-19 пандемияси туфайли АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳали ҳам нормал виза амалиётига қайтмаган. Биз иммиграцион визаларнинг айрим тоифаларини қайта кўриб чиқишни бошлаган бўлсак-да, бизнинг ресурсларимиз чекланган бўлиб қолмоқда ва биз ҳозирча тўлиқ ҳажмли виза хизматларини тақдим қила олмаймиз”.

Kun.uz таҳририяти АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Элчихона масъул ходими ушбу саволларга келаси ҳафтада батафсил жавоб берилишини маълум қилди.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид