Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пенсия ёшига етган шахсларга жамғарилган пенсия автоматик тўлаб берилади
Ўтган йили Ўзбекистонда пенсия ёшига тўлган шахсга у мурожаат қилмаса ҳам пенсия тайинланиши белгиланган эди. Энди, 2026 йилги давлат дастурига кўра, пенсия ёшига етган шахсга жамғариб борилган пенсия ҳисобварағидаги маблағларни ҳам автоматик тўлаб бериш тартиби йўлга қўйилади. 1 декабрдан бошлаб пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш хизмати жорий этилиши керак.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда пенсия ёшига етган шахсларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлар шахснинг мурожаатисиз (проактив тарзда), ваколатли органнинг ташаббуси асосида тўлаб берилади.
Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.
Тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш муддати 2026 йил сентябр деб белгиланди.
Ҳужжатда, шунингдек, давлат олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган қуйидаги тоифа талабаларга уларнинг мурожаатисиз талабалар турар жойига қабул қилинганлиги бўйича йўлланма бериш назарда тутилади:
- етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
- Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 мартдан бошлаб, пенсия ёшига тўлган шахсларга уларнинг аризасисиз, проактив тарзда пенсия тайинлаш йўлга қўйилган эди.
Маълумот учун, 2025 йил ёзида қабул қилинган президент фармонига асосан, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш хизмати жорий этилиши керак.
Ҳозирда фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағ миқдорини давлат хизматлари порталида кўриши мумкин.
Аввалроқ давлат хизматлари портали ва иловасида пенсияни нақд шаклга ўтказиш хизмати ишга туширилганди.