1 мартдан бошлаб, Ўзбекистонда ёшга доир пенсияни фуқаронинг мурожаатисиз, автоматик равишда тайинлашга ўтилади. Пенсия жамғармаси масъули Мансур Қўчқоров Kun.uz билан суҳбатда бу янгилик билан нима ўзгариши, пенсия миқдоридан норози бўлганлар қандай йўл тутиши ва автоматик тайинлов яна қайси пенсияларга нисбатан татбиқ этилиши ҳақида маълумот берди.

Ёшга доир пенсияларни тайинлаш проактив тизимга ўтяпти. Бундан одамлар нимани тушуниши керак?

– Шу кунгача амалда бўлган тартибга кўра, ёшга доир пенсия тайинлаш учун фуқаронинг ўзи пенсия жамғармасига мурожаат этиши кўзда тутилган. Олдинги даврларни кўрадиган бўлсак, фуқаронинг ўзи пенсия жамғармасига тўғридан тўғри бориб, тўлиқ ҳужжатларни тақдим этиши керак эди. 2024 йил 1 январдан Давлат пенсия жамғармаси, давлат хизматлари маркази ёки my.gov орқали мурожаат қилиш кўзда тутилганди. [Жорий йил] 1 мартдан кучга кирадиган тартибга кўра, ёшга доир пенсия проактив тизим асосида тайинланади, бунда “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан, эркаклар 60, аёллар 55 ёшга тўлгандан кейин алоҳида мурожаатсиз пенсия тайинлаш кўзда тутиляпти.

Умуман, одамлар учун нима ўзгаради? Пенсия оладиган одамлар кўпаядими ёки камаядими?

– Ошади, чунки кўплаб фуқаролар меҳнат дафтарчамни йўқотиб қўйганман [дейиши] ёки ҳужжатларни йиғишда оворагарчиликларга [дуч келиши мумкин]. Бюрократия йўқолиб, ҳамма маълумотлар рақамлашганидан кейин, фуқаронинг мурожаатисиз [унинг стажи ҳақидаги маълумотларни] ахборот тизимлари орқали олиш имконияти туғилади.

Пенсия проактив тайинлангандан кейин тўлов қайси шаклда амалга оширилиши фуқаронинг хоҳишига қараб бўлади. У хоҳласа нақд, хоҳласа тижорат банклари орқали карталар очилса, картага тушириб берилади. Ҳозир кўпчилик SMS борганидан кейин пластик очтиришга улгурмаслиги мумкин, бунда Халқ банкидан нақд пул олиши мумкин. Агар хоҳласа, кейинроқ картага ўтказилади.

Фуқароларга проактив тарзда пенсия тайинланганидан кейин улар меҳнат фаолиятини давом эттириши мумкинми?

– Албатта. Тайинланган пенсия миқдори бунга таъсир қилмайди.