Иқтисодиёт | 17:05 / 12.09.2023
25993
2 дақиқада ўқилади

1 kWh электр энергиясининг таннархи 800 сўмдан ошиққа тушмоқда — Мирзамаҳмудов

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, 1 kWh электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархи 800 сўмдан ошади. “Лекин ток аҳолига 295 сўм, юридик шахсларга 450 сўмдан сотилмоқда. Етмаган қисми эса давлат бюджетидан субсидияланиб келмоқда”, – деди у.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

11 сентябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашувда энергетика тизимидаги муаммоларнинг ечими учун зарур бўлган ислоҳот – соҳада бозор механизмларини жорий этиш юзасидан фикрлар билдирилди.

“Импорт қилинадиган технологик ускуналар ёки бошқа маҳсулотларнинг нархи ошиб бормоқда. Лекин тарифлар ўзгармагани натижасида 1 kWh электр энергиянинг таннархи 800 сўмдан юқорироқ. Аммо, ток аҳолига 295 сўмдан, юридик шахсларга 450 сўмдан берилмоқда. Етмаган қисми эса давлат бюджети ҳисобидан субсидияланиб келмоқда”, деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазирининг қўшимча қилишича, ҳар қандай техник ускуна маълум муддатдан кейин алмаштирилиши керак, аммо айни пайтда тарифлар бозор нархларига тўғри келмаслиги сабабдан Ўзбекистон энергетика тизимига инвесторлар кириб келмаяпти.

“Ҳар қандай ускуна 15 йилда капитал таъмирланади, алмаштирилади. Жуда бўлса, 25 йил ишлатилиш кўзда тутилган. Лекин, бугунги кунда республикадаги паст кучланишли тармоқларнинг 37,6 фоизидан 40 йилдан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмоқда. Бозор иқтисодиётига ўтмоқчи бўлсак, тарифлар ҳам либераллаштирилиши керак. Йўқса, бу соҳага инвестиция ҳам келмайди, модернизация ҳам бўлмайди, натижада ўзимиз жабр кўрамиз”, дейди вазир.

Маълумот учун, энергетика тарифлари сўнгги 4 йилдан буён ўзгармай келмоқда. Иқтисодчиларга кўра, тармоқдаги мавжуд муаммоларни соҳада бозор механизмларини жорий этмасдан туриб тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Бу эса инвесторларни жалб қилиш учун тариф ислоҳотини тақозо қилади.

Мавзуга оид