Жаҳон | 17:05 / 04.04.2017
204169
2 дақиқада ўқилади

Акбаржон Жалиловнинг оиласи сўроқ қилинди. У ҳақида янги маълумотлар

Санкт-Петербургдаги портлаш ижрочилигида асосий гумондор бўлиб турган қирғизистонлик Акбаржон Жалилов 2011 йилда Россия фуқаролигини олганди. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб хабар берди

Ўшда унинг яқинларини тергов қилишган, аниқланишича 1995 йилда туғилган Жалилов Санкт-Петербургда 10 йил муқаддам автослесар сифатида ишлай бошлаган ва ўтган вақт давомида шу шаҳарда истиқомат қилган.

«Жалилов бир неча йил муқаддам отаси билан Россияга ишлаш учун кетган. Ўшдаги Амир Темур кўчасида унинг онаси, ука ва сингиллари яшаб келган. Отаси билан алоқа боғлашнинг ҳозирча имкони бўлмади», дейилган хабарда.

Ўшдаги мухбирнинг маълум қилишича, Жалиловнинг оиласи Ўш шаҳрининг ўзбеклар маҳалласида жойлашган хонадонда истиқомат қилиб келмоқда.

Қўшниларнинг маълум қилишича, улар Акбаржон Жалиловни кўп йиллардан буён кўришмаган, у ҳамиша Россияда яшаган.

«Газета.Ru» хабарида эса Жалилов шу йилнинг февраль ойи охирида Ўшда бўлгани айтилган. У 3 март куни Россияга учган. У ўтган йиллар давомида ҳамиша Пулково аэропортига (Санкт-Петербург) учарди. Лекин бу сафар у Домодедово аэропортига учган. Айни вақтда у Москвада ким билан учрашган бўлиши мумкинлиги ўрганилмоқда. Теракт ташкилотчилари айнан Москвада бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросининг «Технология институти» бекатига «Сенная площадь» бекатидан кириб келган поездда портлаш содир бўлди. Яна бир бомба «Площадь Восстания» бекатига ўрнатилганди. Биринчи портлашдан кейин метро ёпилгач, бомбани масофадан бошқаришнинг имкони бўлмаган ва у зарарсизлантирилган. Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарни ташкил қилди, 49 киши жароҳатланди.

Бугундан Санкт-Петербург шаҳрида уч кунлик мотам эълон қилинган.

Петербург теракти ижрочилигида гумон қилинаётган Акбаржон Жалиловнинг суратлари эълон қилинди

 

 

Мавзуга оид