Жамият | 20:53 / 21.05.2021
15996
8 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар прокурори ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура эса буни рад этмоқда

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Шуҳратбек Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишни сўраб тақдимнома киритган Андижон шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов айни пайтда у расман вазифасидан озод қилинмаганини маълум қилди.

Kun.uz мухбири билан гаплашган бир неча манба шаҳар прокурори бир неча кундан буён ишга чиқмаётгани, шаҳар ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда ҳам иштирок этмаётганини айтишмоқда. Прокуратура органларидаги манба Қурбонали Асқаров 18 май куни кечки пайт хонасидан нарсаларини йиғиштириб чиқиб кетганини маълум қилган.

Қолаверса, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан вилоятда ёшлар форумини ўтказиш бўйича ташкил этилган йиғилишда ҳамма туман ва шаҳарларнинг сектор раҳбарлари тўлиқ иштирок этгани, фақатгина Қурбонали Асқаров ушбу йиғилишда қатнашмаган.

Kun.uz мазкур ҳолат юзасидан изоҳ сўраб, Андижон вилоят прокурорининг ОАВ билан ҳамкорлик қилишга масъул 22-тармоқ бўйича катта ёрдамчиси Илҳом Маҳмудов билан боғланди.

“Ҳозир Тошкентда бир ҳафталик ўқишдаман. Шу сабабли бошқа ходим вазифани бажариб турибди. Сиз сўраган масалада бугунги кун ҳолати бўйича маълумот йўқ”, дейди Илҳом Маҳмудов.

Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов айни пайтда Андижондаги сессияда содир бўлган воқеа прокуратура томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

“Ундай гап йўқ. Айни пайтда юз берган ҳолат юқори турувчи прокуратура органи томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ўрганиш натижасига кўра, Андижон шаҳар прокурорининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Айни пайтда у расман лавозимидан озод қилинмаган”, дея Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокуратура томонидан 20 май куни эълон қилинган расмий баёнотда Андижон шаҳар прокуратураси томонидан “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддалари билан 2021 йил 3 март куни қўзғатилган жиноят иши тергови давомида МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати эканлиги аниқлангани, тўпланган ҳужжатларга кўра, депутатни айблаш учун асослар етарли, деб топилиб, 2021 йил 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилгани келтирилади.

“Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йил 15 июлдаги қарори билан“Alliance R.C.” МЧЖга Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси. У.Юсупов кўчасида жойлашган 4 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган. Бироқ “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган. 

Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган “Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи”ни сохталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган. 

Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.

Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн. сўм миқдорда зарар етказилган.

Тергов ҳаракатлари давомида “Alliance R.C.” МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати эканлиги аниқланган. Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш.К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, 2021 йил 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома 2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш.К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган.

Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни уни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар бериш ёхуд унинг ҳар қандай, шу жумладан, процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш, прокурорлар ишларининг тўғри ташкил этилиши фақат юқори турувчи прокурор томонидан амалга оширилиши қатъий мустаҳкамланган” дейилади расмий баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни бўлиб ўтган сессияга киришдан олган барча депутатлар телефон ва овоз ёзиш мосламалари олиб қўйилиб, сессия иштирокчилари Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув қилинган эди. Сессияда шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутат Шуҳратбек Каримов шаҳар прокурори тақдимномасига асосан, кўпчилик овоз билан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Юз берган воқеа бир неча кундан буён муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар ҳамда депутатлар салбий фикр билдириб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги прокурорнинг бундай ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни, у биринчи навбатда коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлаган бўлса, Адлия вазирлиги “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланиши, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзгача тарзда жавобгар бўлиши, депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қандай тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишини эслатган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олинган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда депутат Жаҳонгир Жиянов прокуратуранинг сессия кун тартибига масала киритишга қонуний ваколати йўқлиги, сессияда кучишлатар тузилмалар вакиллари иштирок этиши, депутатларнинг сессияга киришдан олдин тинтув қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлаган бўлса, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган депутат Шуҳратбек Каримов сессия тўлиқ шаҳар ҳокимининг сценарийси асосида ўтганини айтганди.

Мавзуга оид