Спорт | 11:45 / 04.03.2026
8225
4 дақиқада ўқилади

«Барса» 3 та жавобсиз гол урди, аммо финалга чиқолмади

Ўйин давомида икки футболчисидан айрилган каталонияликларга яна битта гол етмай қолди. «Атлетико» узоқ кутилган совринни қўлга киритиши мумкин.

Фото: Alex Caparros/Getty Images

«Барселона» – «Атлетико» 3:0
Голлар:
Бернал, 29 (1:0). Рафиня, 45+5 – пеналти (2:0). Бернал, 72 (3:0)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу, Кунде (Балде, 13, Араухо, 71), Педри, Бернал, Фермин Лопес (Олмо, 64), Рафиня, Ямал, Торрес (Рэшфорд, 64)
«Атлетико»: Муссо, Ганцко, Пубил, Руджери, Лиоренте, Кардозо, Коке (Молина, 58), Лукман (Сёрлот, 58), Симеоне (Хименес, 76), Гризманн, Алварес (Баэна, 69)
Огоҳлантиришлар: Олмо, 66. Жоау Канселу, 67. Ямал, 90 – Баэна, 90

«Барселона» тарих яратишга яқин келди: Испания Кубоги яримфинали жавоб учрашувида «Атлетико» 3:0 ҳисобида мағлуб этилди, аммо камбэк учун яна битта гол етмай қолди.

Биринчи ўйинда 4 гол устунлигини юзага келтирган Симеоне жамоаси 2013 йилдан буён илк бор Испания кубоги финалига чиқди. Аммо у шогирдлари кўрсатган ўйиндан қониқиш ҳосил қилгани даргумон.

«Барса» танаффусгача иккита гол урди. Аммо Кундедан айрилди

«Барса» кутилганидек илк дақиқалардан олдинга ташланди. 13-дақиқадаёқ жароҳат туфайли Жюля Кунде сафдан чиқди.

Аммо жамоа ўйин темпини туширмади ва босим қилишда давом этди: Ферран Торрес иккита яхши вазиятдан фойдалана олмади, 29-дақиқада эса Ламин Ямал ўзини кўрсатди – у икки рақибдан осонлик билан қочиб кетиб, тўпни дарвозабон ҳудудига оширди, у ерда Марк Бернал барчадан илдамроқ ҳаракат қилди ва деярли бўш қолган дарвозани ишғол этди. 

Шундан кейин «Барса» темпни бироз туширди. «Атлетико» бир неча қизиқарли ҳужумлар уюштирди: масалан, жамоанинг янги форварди Адемола Лукман ҳисобни тенглаштиришга яқин келди. Аммо Симеоне шогирдлари ўз вазиятларидан фойдалана олмади, каталонияликлар эса танаффус арафасида орадаги фарқни иккитага оширди – Рафиня пеналтини аниқ ижро этди.

11 метрлик жарима зарбасини эса Педри ишлади: мадридликлар ҳимоячиси Марк Пубил уни жарима майдони ичида йиқитди.

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Ҳанси Флик финалга чиқиш учун ҳар бир бўлимда иккитадан гол уриш вазифаси тургани ҳақида гапирганди. «Барса» вазифанинг биринчи қисмини бажарди.

Иккинчи бўлим: иккинчи жароҳат, учинчи гол ва қўрқиб кетган Симеоне

Иккинчи бўлимда «Барселона» учинчи голни уришга қийналди. Жамоа қарийб ярим соат мобайнида Симеоне жамоасининг қуйи блокини ёриб ўтишга беҳуда уринди.

71-дақиқада эса «Барса»да иккинчи мажбурий ўзгариш рўй берди – биринчи бўлимда Куня ўрнига тушган Алехандро Балде ўрнини Роналд Араухога бўшатиб берди. Бироз ўтиб каталонияликлар ҳисобни 3:0 кўринишига келтиришди – ва бу ҳужумда уругвайлик ҳимоячи рақиблардан бирини ўзига жалб қилди ва Бернал дублни расмийлаштиришига ёрдам берди.

Вазият VAR орқали кўриб чиқилиб, футболчи офсайдда эмаслиги тасдиқланди ва гол инобатга олинди.

«Барса» камбэк амалга оширишига яна бир гол қолганди. Ўйиннинг сўнгги қисмини Симеоне майдон четида хавотир билан кузатишига тўғри келди.

«Атлетико» бутун ўйин мобайнида жарима майдони атрофида ҳимояланди ва якунда тўртинчи голни ўтказиб юбормасликни уддалади.

«Барселона» турнирни чиройли тарзда тарк этди. «Атлетико» эса 2013 йилдан буён илк бор Испания кубогини қўлга киритиш учун ҳаракатни давом эттиради. Симеоне шогирдларига финалда «Реал Сосиедад» ва «Атлетик» жуфтлиги ғолиби рақиб бўлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид