Ўзбекистон | 16:57 / 14.10.2020
32368
3 дақиқада ўқилади

«Тадбиркорга «соғин сигир» сифатида қарайдиганлар бор». ДСҚ раиси ижтимоий тармоқда тарқалган аудио бўйича муносабат билдирди

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ижтимоий тармоқда тарқалган аудио бўйича муносабат билдириб, ҳолатга изоҳ берди. У раҳбар шахс оғир вазиятларда ҳам вазминлик билан ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикрида қатъий қолиб, ўзи шу фикрга қарши ҳаракат қилганини тан олган.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Шу кунларда ижтимоий тармоқда ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев иштирокидаги йиғилишда ёзиб олинган аудиоёзув тарқалди. Аудио муаллифи раисга нисбатан турли айбловларни илгари сурган.

Ҳавола этилган аудиода ДСҚ раиси ходимлардан бирига баланд оҳангда мурожаат қилиб, тадбиркорга ҚҚС маблағларини қайтаришини сўраган.

«Ориятинг ҳам йўқ. Мен сенга топшириқ берганманми? Топшириқ берганман. Нега қайтармайсан, чўнтагингдан қайтарасанми?», деган Кудбиев.

Аудио давомида ҳақорат ва сўкинишлар ишлатилганини кўриш мумкин.

Шерзод Кудбиев бунгача Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида сўконғич ҳокимларни танқид қилиб, раҳбарлар ходимларга қўпол муносабатда бўлишини қоралаганди.

ДСҚ раиси аудио юзасидан муносабатида интервьюдаги фикрида қатъий экани, юқоридаги ҳолатда эса ўзи шу фикрга қарши ҳаракат қилганини тан олган. У юзага келган вазиятда масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ходим билан алоҳида суҳбатлашган.

«Биз биргаликда ёқимсиз ҳодисага тўлиқ барҳам бердик. Лекин бу мени масъулиятдан фориғ қилмайди…

Ҳеч кимга сир эмаски, солиқ тизимида ислоҳотлар бошланган, шу билан бирга, жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Афсус билан айтиш керакки, ҳалигача айрим ҳолатларда тадбиркорларга нисбатан «соғин сигир» сифатида қараб, уларнинг ҳисобидан ўз хизмат вазифаларини, энг ёмони – айрим ҳолларда эса шахсий манфаатларини кўзлаётган шахслар учраб турибди.

Ўша йиғилишда айнан шундай ҳолатлар муҳокама қилинган эди. Биринчи ҳолатда – тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмаган, иккинчи ҳолатда – асоссиз равишда ҳисоб рақами банд қилиниб, ундаги маблағлар ундирилмоқчи бўлган», деб ёзган Кудбиев.

У ходимларнинг бундай масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари аудиода айтиб ўтилган икки ташкилотнинг ҳам фаолияти тўхтатилиши каби жиддий оқибатларга олиб келганини айтиб ўтган. Ҳозирда ушбу корхоналарнинг фаолияти тўлиқ қайта тикланишига эришилган. Шу каби масалаларни ҳал этишда шахсан ДСҚ раиси аралашуви талаб этилаётгани афсус билан эътироф этилган.

«Шу билан бир вақтда, биз яқин келажакда солиқ органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига қасддан ёки тасодифан аралашув имкониятини бутунлай йўққа чиқарадиган янги тизимни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдамиз. Бундай янгиликлар кимгадир ёқади, кимгадир эса – йўқ. Тизимдаги ўзгаришларга қарши бўлганлар турли усуллар билан ўзгаришларга қаршилик қилишга ҳаракат қилишади. Лекин барча тушуниши керакки, биз олдимизга солиқ тизимини тадбиркорларга кўмак берадиган тизимга айлантириш бўйича аниқ мақсад қўйганмиз», дея қўшимча қилган Кудбиев.

ДСҚ ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиб, унда юқоридаги масалалар атрофлича муҳокама қилинган ва ташкилот фаолиятини янада яхшилаш бўйича хулосалар қилингани айтилган.

Мавзуга оид