Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
60 фоиз ҳайдовчилар «права» олишда пул берган: тизимни коррупциядан халос қилиш мумкинми?
Фото: KUN.UZ
Бухорода ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бераман дея пул олиб фирибгарлик қилган шахс қўлга тушди. Лекин фирибгар деб аталаётган бу шахс ушланмаганида ростдан ҳам «права» олиб берган бўларди.
Қолаверса, мана шундай майда «ушлашлар» билан соҳани коррупциядан халос қилиб бўлади, деб ўйлайсизми? Албатта йўқ. Бу муаммодан тизимли равишда халос бўлиш керак. Бугунги мақолада мавжуд муаммони атрофлича ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Ҳайдовчиларнинг кўпчилиги «права» учун пора берган
Ҳозир ҳар ўн кишидан биттасида машина бор, машинаси бўлмаса ҳам, куни келиб асқатар дея, «права»га ўқиб, олиб қўйганлар ҳам кўп. Аммо ҳайдовчилик гувоҳномаси эгаларининг барчаси ҳам автомактабда қоидаларни ёдлаб, ҳайдашни ўрганиб, имтиҳонда саволларнинг барчасини тўғри ечиб олганми? Бу борада онлайн сўровнома ўтказдик.

18 минг киши иштирок этган сўровномада сўралганларнинг 25 фоизи (4482 киши ) ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслигини айтган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган 13 676 киши бўйича қуйидагича ҳолат:
- Автомактабда дарсларга тўлиқ қатнаб, имтиҳонларни ҳам ўз кучи билан топширганлар 29 фоизни ташкил этган (3976 киши).
- Автомактабда дарсларга чала қатнаб, бироқ имтиҳонни ўз кучи билан топширганлар 11 фоизни ташкил этган (1548 киши).
- Автомактабда дарсларга тўлиқ қатнагани билан, имтиҳон топшириш босқичида пул берганлар энг кўп — 33 фоизни (4472 киши) ташкил этган.
- Дарсларга чала қатнаб, ўқимасдан, имтиҳонни топшириш учун пул берганлар — 19 фоиз (2607 киши), умуман автомактабда ўқимасдан «права»ни совға сифатида олганлар эса 7 фоиз (973 киши)ни ташкил этмоқда.
Демак, 60 фоиз ҳолатда одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғриликча қўлга киритмаган. Йўлларимизда маданиятсиз ҳайдовчилар, авариялар ва ўлимлар сони кўпаяётганининг энг асосий сабабларидан бири шу эмасми?
Бу вазият ҳайдовчиларни ўқитиш ва улардан имтиҳон олишнинг мавжуд тизими тўғри ишлаётганини сўроқ остига келтириб қўймоқда.
Нопоб ҳайдовчилар кўпайишида «ГАИ»нинг ўзи айбдорми?
Ҳайдовчилик гувоҳномаси ДЙҲХБ ТРИБ бўлимида берилади. Бу ҳар қанақасига нобоп ҳайдовчиларнинг кўпайиши ва уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишида ДЙҲХХ бош айбдор эканлигини кўрсатади. Имтиҳонларни олиш, ҳайдовчи-курсантларни синаш ишларига панжа орасидан қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Оқибатда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари оёғости қилинмоқда. Йўллардаги ҳолатни қўрқинчли статистика ҳам исботлаб турибди.
«Права» беришдаги муаммоларнинг илдизи ҳақида соҳа мутасаддиларидан жавоб олдик: маълум қилинишича, соҳада ходимлар сони етишмайди. Туманларда «ГАИ»лар сони кескин қисқартирилган. Имтиҳон олиш бўлимларида бир нафардан ходим ишлайди.
«1995 йилда Паст Дарғом туманида 1800 та автомашина бўлиб 16 нафар ДАН ходими ишлаган. Кейинчалик шу туман таркибига қўшилган Гўзалкент туманида 800 та автомашина бор эди. ДАН ходими эса 9 нафар бўлган. Ҳозир бу икки туман бирлашган, туманда рўйхатга олинган машиналар сони 50 мингдан ошган. ЙПХ ходимлари эса 3 нафар», — дейди Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Жўраев.

Айни кунларда биргина Самарқанд вилоятининг ўзида 110 дан зиёд автомактаб бор. Уларда 3 тадан гуруҳ бор. Ҳар бир гуруҳда 25 нафардан ўқувчи бўлса, улардаги курсантларнинг имтиҳон топшириш жараёнини мавжуд ходимлар билан тўлиқ назорат остига олишнинг амалда имкони йўқ.
Шу боис, ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш учун имтиҳон олиш тизимини ДЙҲХХдан хусусий қўлларга ўтказиш таклифи ўртага ташланмоқда.
Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилиши назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарори билан республикада хусусий автомактаблар ташкил этилишига йўл очилди.
Хўш, ҳукумат қароридан сўнг ўзгаришлар ижобий бўлдими? Афсуски йўқ! Аксарият янги очилган автомактабларда ҳаттоки ўзининг ўқув машинаси ҳам йўқ. 400 минг сўм эвазига курсантлар ўқишга қабул қилинади. Улар ҳаттоки ўқитилмайди ҳам. Ўқувчилардан пул йиғилиб, уларга «права» олиб беришга ҳаракат қилинади.
Хусусий автомактабларга лицензияни Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси беради, шу ташкилотнинг ўзи у ердаги таълим сифатини ўрганиб, таҳлил қилиб бориши керак. Ҳозирча бу борада ишлар қандайлигини ҳеч ким билмайди.

«Автомактаблар пул қилиш билан овора бўлиб, ҳар ойда минглаб потенциал қотиллар чиқаришмоқда», деганида ҳақ эди Комил Алламжонов.
Куни-кеча ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Аҳмад Жўраевга шу борада савол берганимизда, у чинданам айрим хусусий автомактабларда ишлар ўлда-жўлда эканлигини тан олиб, уларнинг 5 тасига тақдимнома киритилгани, 3 тасининг лицензияси бекор қилинганини айтди.
Тошкентда бир пайтлар «Автотест» автомактаблари жуда машҳур бўлган эди. Ишга янгича ёндашув, инновацион воситалар ёрдамида ҳайдовчиларни ўқитиш йўлга қўйилган эди. Уларнинг ижобий тажрибасини оммалаштириш ўрнига, ижтимоий тармоқларда монополияда айбланавергач, фаолият йўналишларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Улардан қолгани — ҳануз кўплаб автомактаблар «Автотест» ўқув қўлланмаларидан фойдаланиб келишмоқда.
Умуман, автомактабларда ўқувчиларга машина ҳайдашнигина эмас, машина бошқаришнинг энг оддий қоидаларини, ҳайдовчилик маданиятини ҳам ўргатиш керак. Давомат ва ички имтиҳон қатъий назорат остига олиниши керак.
Масалан, машинани эрталаб ҳайдаб чиқишдан аввал енгил кўрикдан ўтказишни олайлик: шиналардаги дам миқдори, мойнинг сатҳи, моторда бегона шовқин борми йўқми каби жиҳатлар. Одамлар ўзи учун, ўзи ва ўзгалар хавфсизлиги учун эрталабки текширишни одат қилиши керак.
Буларнинг барчасини бартараф этиш учун одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак. Техник кўрик масканида ўтирган одам ҳам, ИИБ ЙҲХБдаги одамлар ҳам кўпроқ машинани сидқидилдан кўрикдан ўтказай, кўпроқ курсантлардан имтиҳон олай, демайди. «Шу бугун кўпроқ пул ишлай», деган ёндашув билан ишга киришади. Чунки оладиган маошига кун кўриб бўлмайди. Бу энг биринчи ва бош сабаб.
Автомактаблар ва курсантларнинг масъулиятини қандай ошириш мумкин?
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган, аварияга йўл қўйган шофёрлар қайси автомактабда ўқитилганига қараб, ўша автомактаб рейтингига минус тушириш керак, ана шунда автомактаб ўқитувчиларида ҳам масъулият бўлади, деган таклифни ўртага ташлаш ҳам мумкин. Бу амалга ошириш анча қийин бўлган қатъий чора.
Ўрганувчининг ўзида иқтидор ва масъулият бўлмаса — вояга етган кап-катта инсонга уриб-сўкиб бир нарсани ўргатиб бўлмайди-ку?
Шунинг учун ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритишни мураккаблаштириш керак. Ички имтиҳонларни ҳам қатъийлаштириш керак.
Энг муҳими, жарима баллари тизими жорий қилинса, қоидабузар ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиш ва уни олиш учун қайта имтиҳон топшириш тизимини ҳам тезроқ ишга тушириш керак.
«Ишим кеч тугагани учун автомактабдаги дарсларда тўлиқ қатнаша олмаганман. Лекин автомактабга раҳмат, ички имтиҳонни қаттиқ олган, ички имтиҳондан 2 марта «йиқилиб», учинчисида ўтганман. Шунга «ГАИ»даги имтиҳонда қийналмасдан, 100 фоиз жавоб берганман.
Ҳамма гап автомактабда экан. Агар ички имтиҳонни қаттиқ олса, бўлажак ҳайдовчилар йўлларда машинани одамга ўхшаб ҳайдарди, бугунгидай тартибсизлик бўлмасди, менимча», — деб ёзади мухлислардан бири.
Энг аввало автомактабларда ўқиш нархларини ошириш керак. Ҳозир B тоифа учун автомактабларда 400-800 минг сўм атрофида тўлов қилинмоқда. Лекин бу ҳеч қандай масъулият олиб келмайдиган сумма. Бериладиган таълим сифати ва ўқувчига қаратиладиган эътибор ҳам у тўлайдиган пулга яраша бўлади.
Автомактабларда ўқиш бугунги кунда 2,5 миллион сўмдан кам бўлмаслиги керак.
Ҳа, қиммат бўлиши керак. «Э, «права»га ўқиб қўяй, бирор кун асқатади», деганлар эмас, ҳайдовчилик гувоҳномаси ўзига ўта зарур кишилар ўқисин. Шунга тайёрланиб, ўқиб, пул йиғсин. Ўша ўқиш учун тўланадиган пуллардан автомактабнинг ўқитувчилари-ю йўриқчилари, имтиҳон олувчиларга ҳам адолатли катта маош ҳам тайинлансин.
«Ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқиб олганман. 10 тестни 1 дақиқага қолмасдан, ишлаб чиқиб кетганман. Лекин машина ҳайдашни ҳалигача ўргана олмадим», — деб ёзади ўқувчилардан бири.
Ҳа, «права»си, ҳаттоки машинаси бўлатуриб уни бошқаришни билмайдиган танишларимиз ҳаммамизда бўлса керак. Ана шунинг учун тест синовларидан ташқари, автомобилни бошқариш имтиҳонлари автодромда камераларнинг қатъий назорати остида олиниши керак.
Масалан, чет эл давлатларининг барчасида ҳам биздагидек автомактаблар йўқ. Одамлар хусусий мактаб ёки репетиторларда машина ҳайдашни, йўл қоидаларини ўрганишади. Бироқ, имтиҳон топшириш жараёни ўта масъулиятли ва мураккаб.
Ҳозир автомактабларнинг дарсларга қатнамаган ўқувчини ўқишдан ҳайдашга ҳаққи бор. Аммо Тошкент шаҳрида курсантлардан бири автомактабни судга берган. Унинг дарсга келишга вақти йўқлиги, лекин автомобил қисмлари, уни бошқаришни ва барча қоидаларни билиши, имтиҳон комиссияси тузилса бемалол имтиҳондан ўта олишини айтган. Суд қарори билан ўқишга тикланиб, комиссия тузилганда ростдан ҳам имтиҳонни топширган.
Бунақаси ҳам учраб туради. Бироқ бу воқеани барчага бирдек қўллаб бўлмайди. Ана шундай ўрганувчилар ўз билимига ишонса, албатта суд орқали ўз ҳуқуқини тиклаши керак. Автомактабда узрсиз дарс қолдирган киши — ҳайдалиши шарт.
Албатта, яхши ҳайдовчи бўлиш учун йиллаб тажриба тўплаш кераклигини ҳам унутмаслигимиз керак. Қоидаларни қатъийлаштириш, нархларни қиммат қилиш — ҳеч кимга ёқмаса керак. Бироқ нимадир қилиш керак. Ўқимасдан «права» олган, маданиятсиз, қоидабузар ҳайдовчилар кимнингдир эмас, сиз-у бизнинг, фарзандларимизнинг жонига ва умрига таҳдид солишади.
Келгусида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш президент қарорида айтилганидек хусусий секторда инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширила бошланса йиллар давомида “урф”га айланиб кетган иллатларга тўла барҳам берилишига умид қилиш мумкин.
Яна бир муҳим масала, хусусий ташкилотга имтиҳон ўтказиш ҳуқуқи (лицензия)ни бериш осон бўлмаслиги керак. Лицензия олувчига четлаб ўтиш имконсиз бўлган шундай талаблар ўрнатилиши лозимки, коррупцияга асло йўл қўйиб бўлмасин. Ана шундагина ғилдираклар остида барҳам топаётган тақдирлар оз бўлса-да камайишига эришилса ажаб эмас.
Мавзуга оид
20:49 / 02.01.2026
Амирсой ва Билдирсойга олиб борувчи йўлда бир томонлама ҳаракат ташкил этилди
11:09 / 03.11.2025
Скутер ва мотоциклларга “права”ни қандай олиш мумкин ва бу қанчага тушади?
12:55 / 27.10.2025
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади
12:49 / 27.10.2025