Жаҳон | 14:50 / 11.02.2026
4904
8 дақиқада ўқилади

Дўстини ишдан олган Жапаров, Эронга босимни ошираётган Трамп ва Канада мактабидаги отишма – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Жапаров узоқ йиллик иттифоқчисини ишдан олди

10 феврал куни президент Садир Жапаров узоқ йиллик иттифоқчиси ва Қирғизистондаги иккинчи энг таъсирли амалдор — Қамчибек Ташиевни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари лавозимларидан озод этди.

Президент бу қарорни «жамиятда ва давлат идоралари ўртасида бўлинишларнинг олдини олиш, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида» қабул қилганини билдирган.

Шунингдек, Ташиевнинг уч нафар ўринбосари ва хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасодиқов ҳам лавозимидан озод этилган.

Ташиев ўрнига Жумгалбек Шабданбеков миллий хавфсизлик қўмитасига вақтинчалик раис этиб тайинланди.

Қамчибек Ташиев 2020 йилдан буён юқори даражадаги лавозимларда ишлаб келаётганди. Ўша йили у ва Жапаров сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги иддаолардан кейинги намойишлар тўлқинида ҳокимиятга келган.

Жапаров ва Ташиев тарафдорлари уларни республикада узоқ давом этган сиёсий беқарорликка чек қўйган ва ҳокимиятни марказлаштирган етакчилар сифатида кўради.

Танқидчилар эса уларни илгари Марказий Осиёдаги энг демократик давлат сифатида қаралган Қирғизистонда мухолифат ва эркин оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишда айблайди.

Хабарларга кўра, хавфсизлик идорасининг собиқ раҳбари ҳозир Германияда даволанмоқда.

Трамп Эронга босимни оширмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп давом этаётган дипломатик музокаралар фонида Яқин Шарққа иккинчи авиация ташувчи зарба гуруҳини юбормоқчи.

«У ерга йўл олган армадамиз бор ва яна биттаси ҳам юборилиши мумкин», деди Трамп. У Axios нашрига қўшимча жойлаштириш масаласини «кўриб чиқаётганини» тасдиқлаган.

АҚШ расмийси ҳам ички муҳокамалар давом этаётганини тасдиқлади. Иккинчи зарба гуруҳи ҳозир минтақада жойлашган Abraham Lincoln авиация ташувчи кемасига қўшилиши мумкин.

Трамп Эрон олдига икки йўлли танлов қўйди: «Ёки келишувга эришамиз ёки ўтган сафаргидек жуда қатъий чоралар кўришга мажбур бўламиз», деди у. Бу билан у ўтган йил июн ойидаги АҚШ зарбаларини назарда тутди.

АҚШ президенти келаси ҳафта эронлик расмийлар билан музокараларнинг иккинчи раундини кутаётганини билдириб, Теҳрон энди жараёнга жиддийроқ ёндашаётганини даъво қилди.

Шунингдек, Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Оқ уйга ташрифи олдидан улар ўртасида келишмовчилик борлигини рад этди.

Нетаняҳу эса Вашингтонга жўнаб кетишидан олдин кун тартибини баён қилди. Унга кўра, чоршанба куни Трамп билан суҳбатлар Ғазо ва минтақавий масалаларни қамраб олади. Бироқ асосий эътибор Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларга қаратилади.

«Президентга музокаралар тамойиллари бўйича ўз қарашларимизни тақдим этаман», деди Нетаняҳу.

Исроил ОАВлари маълумотига кўра, Нетаняҳу аслида 18 феврал куни АҚШга ташриф буюришни режалаштирган эди, бироқ Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларга таъсир кўрсатиш мақсадида сафарни бир ҳафта олдинга сурган.

Канададаги мактабда отишма

10 феврал куни Канададаги ўрта мактаблардан бирида содир бўлган отишма оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди. Расмийлар ҳодисага алоқадор деб тахмин қилинаётган бир уйда яна икки киши ўлик ҳолда топилганини қўшимча қилди.

Отишма Ванкувердан 1 000 километр шимолда жойлашган кичкина Тамблер Ридже ҳудудида содир бўлган.

Канада ОАВлари отган шахсни аёл сифатида тасвирламоқда. Бу ноодатий ҳолат, чунки Шимолий Америкада оммавий отишмалар деярли ҳар доим эркаклар томонидан содир этилган.

Маълумотларга кўра, гумонланувчини ҳисобга олмаганда, мактаб ҳудудида олти киши ўлик ҳолда топилган. Еттинчи қурбон эса шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган. 25 нафардан ортиқ киши жароҳат олган. Қолган ўқувчилар ва ходимлар хавфсиз эвакуация қилинган.

«Қидирув давомида полиция ходимлари бир нечта қурбонларни аниқлади. Отган деб тахмин қилинаётган шахс ҳам ўлик ҳолда топилди, унда ўзига ўзи етказилган жароҳат аломатлари бор», дейилади полиция баёнотида.

Полиция гумонланувчининг шахси ёки ишлатилган қурол тури ҳақида тафсилотларни бермади. Қуролли ҳужум сабаби ҳозирча маълум эмас.

Россия яна Telegramʼни блоклашга уринмоқда

Бир неча кун олдин Россиядаги соҳа регулятори — Роскомнадзор Telegram давлат қонунларига риоя қилмагани учун «босқичма-босқич чекловлар жорий этишни давом эттиришини» маълум қилди.

«Аввалгидек шахсий маълумотлар ҳимояланмаяпти, мессенжернинг жиноий ҳамда террорчилик мақсадларида қўлланишига қарши самарали чоралар кўрилмаяпти», дейилади баёнотда.

Мазкур қонунлар платформалардан — расмий Москва «жиноий» ёки «террорчилик мақсадлари» деб атайдиган фаолиятларда фойдаланилишининг олдини олишни талаб қилади.

РИА ахборот агентлиги хабарига кўра, яқинлашиб келаётган саккизта суд мажлисида Telegram 827 минг доллар жаримага тортилиши мумкин. Бундан ташқари, суд ижрочилари яна 115 минг доллар тўланмаган жарималарни ундиришга уринмоқда.

Telegram асосчиси, асли россиялик тадбиркор Павел Дуров эса Россия расмийларининг босимига бўйсунмаслигини маълум қилди.

«Фуқаролар эркинлигини чеклаш ҳеч қачон тўғри жавоб эмас. Telegram ҳар қандай босимга қарамай сўз эркинлиги ва махфийлик тарафида туради», деди у.

Дуровга кўра, бу чоралар фойдаланувчиларни «кузатув ва сиёсий цензура учун яратилган давлат қўлловидаги муқобил платформа»га ўтказишга қаратилган. У катта эҳтимол билан яқинда яратилган Россиянинг «Max» мессенжерини назарда тутган бўлиши мумкин.

Россия аввал ҳам Telegramʼни блоклашга уриниб кўрган, бироқ киришни тўлиқ чеклай олмаган ва 2020 йилда тақиқни бекор қилганди.

АҚШ ва Озарбойжон ҳамкорлиги

10 феврал куни Бокуда АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев икки мамлакат ўртасидаги Стратегик шериклик хартиясини имзолади.

Алиевнинг таъкидлашича, ҳужжатда хавфсизлик, жумладан, энергетика хавфсизлиги масалаларида ҳамкорлик, шунингдек, терроризмга қарши операцияларни ўтказишда қўшма ишлар кўзда тутилган.

Ўз навбатида, Вэнс икки мамлакат ўртасидаги шериклик ва дўстлик узоқ вақт давомида етарлича баҳоланмаганини билдирди.

Алиев Боку ва Вашингтон ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий натижаларидан бири сифатида Озарбойжон ва Нахчивон ўртасидаги 43 километрлик транзит йўлагини тилга олди.

Озарбойжон учун ушбу йўлак Туркия ва ундан кейин Европа билан тўғридан тўғри алоқани таъминлаши керак. Унинг қурилиши 2025 йил август ойида АҚШ воситачилигида Арманистон ва Озарбойжон ўртасида имзоланган келишув доирасида маъқулланган. АҚШ ушбу йўналишдан 99 йил давомида фойдаланиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлади.

Бундан бир кун аввал Вэнс Арманистонга ҳам ташриф буюриб, бош вазир Никол Пашинян билан фуқаролик ядро энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Bloomberg хабарига кўра, АҚШ Арманистонга 9 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишни ваъда қилган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид