Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Юк машиналари сабаб ҳаловат йўқ” – чегара қишлоқдаги тартибсизликлар қачон барҳам топади?
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган “Дўстлик” божхона пости яқинида яшовчи фуқароларнинг неча йилдирки ҳаловати йўқолган. Юк машиналарининг божхона текширувидан ўтиш учун асосий қатнов йўлини тўсиб қўйиб кмлаб масофани эгаллаб туриши, 10 йиллардан бери битмаётган янги йўл аҳолининг хақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Kun.uz мухбири бу борада таҳририятга мурожаат қилган Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Янги Фарғона ҳамда Тўраобод маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ва расмийлар билан суҳбатлашди.
Ўқувчиларнинг йўлдан ўтиши ҳам анча хавфли. Мактабга ўтиш йўлагида на белги ва на йўл чизиғи бор. Шунда ҳам улар мактабга бориш учун ҳаётини хавф остига қўйиб йўлни эгаллаб олган юк машиналари оралаб ўтишларига тўғри келади. 2013 йилда бошланган йўл қурилиши ишларининг сифатсиз бажарилаётгани эса алоҳида бир мавзу. Ерости бетон йўлагининг бир қисми ўпирилиб аҳоли яшаш хонадонларидан бирини босиб қолган экан.


“Юк машиналарининг йўлимизни тўсиб қўйиши бизни чарчатди. Турнақатор навбатлар то Гагарин қишлоғигача боради. Юк машиналари ҳафтада икки кун нисбатан камроқ бўлади. Қолган кунлари ҳар куни мана шу аҳвол. Айниқса шанба ва якшанба кунлари кўчада юришнинг иложи йўқ.
Яқинда шу катта машиналарнинг бири танишимни уриб юборди. Аптекага ўтган экан, қайтаётганда уриб юбориб, ўлиб қолди ўша ерда. Мактабга болаларимизни қўйиб юборгани ҳам қўрқамиз, кўча мана бу аҳвол бўлса. Катта йўл. Тўсатдан келиб қолади юк машиналари.
Кўряпсиз-ку, белги ҳам йўқ йўлларда. Шўрлик мактаб болаларига ҳам қийин бўлди. Мактабга ўтувчи йўл чизиғи ҳам йўқ. Маҳаллага, йўлга шароит қилиб қўйиш керак-да. Йўлда қурилиш бошланганига 10 йил бўлди ахир. Ҳали битмайди”, дейди Шарифа Солиева.

“Фураларни қаторлатиб қўйиб кетишади. На йўлдан ўта оласан, на машинангни бемалол ҳайдайсан. Юк машиналари йўлнинг бир томонини тўлиқ эгаллаб олгандан кейин ҳайдовчилар чорасизликдан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланишга тўғри келяпти. Кечаси билан сигнал чалиб чиқишади. Ҳайдовчиларнинг бақир-чақирига ухлай олмаймиз, Хитойдан келган ҳайдовчилар бақирганда қўявераверасиз. Қирғизистондан ўтган ҳайдовчилар ҳам худди яйловга чиқиб қолгандек қийқиришади. Инспекторлар келиб сигналини чалиб сиренасини қўйиб олади. Одамлар дам олаётгандир, деб ўйлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Ҳеч кимнинг иши йўқ. Қачонгача шу аҳволда яшаймиз, билмайман.
Юк машинаси ҳайдовчиларининг чиқиндиларини атрофга ташлаши алоҳида бир муаммо. Катта ҳожатини ҳам пакетга солиб ташлаб кетяпти қишлоқнинг ичига. Ҳеч кимнинг иши йўқ.
Аҳоли йўл қурилишидан ҳам норози. Янги йўл учун ташланган тупроқ ўпирилиб аҳоли яшаш хонадонларига тушяпти. Одамлар ўзининг ёнидан уста чақириб бетон қуйдиряпти девор чегарасига. Оқова сув чиқиб кетадиган йўлнинг ўзи йўқ. Пақирлаб кўчага ташлаймиз ёмғир ёғса. Қисқаси муаммонинг кети йўқ. Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти”, дейди Исроилжон Қодиров.
Юк машиналарининг йўлни тўсиб қўйиши масаласида Андижон вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Суҳроб Жумақуловдан изоҳ олдик. У юк машинаси ҳайдовчилари божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган сабаблар билан йўлда туриб қолишини айтди.
“Аҳоли уйларининг олдида транспорт воситаларининг туриб қолиш сабабини ўрганганмиз. Юк машинаси ҳайдовчилари йўлда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган сабаблар билан туришади. Масалан, ҳайдовчилар ҳужжати етиб келмаган ҳолатлар ёки юкни қабул қилувчи, юкни жўнатувчи билан ўзаро олди-берди муносабатларидаги камчиликлар сабабли туриб қолишади.
Дўстлик чегара божхона постида тадбиркорларга, ташувчиларга кенг имкониятлар яратилган. Ҳеч қанақа тўсиқлар, сунъий яратилган муаммолар мавжуд эмас. Ҳозирги кунда мана шу Дўстлик чегара божхона постига олиб келадиган автомагистрал йўлда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Таъмирлаш ишлари якунлангандан кейин транспорт воситалари ҳаракатланишида ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Шу сабабли шу муаммо келиб чиқди деб ўйлайман. Дўстлик чегара божхона постига бевосита туташ ҳудудда терминал яратилган. Катта автомобиллар тўхташ ҳудуди, тураргоҳ жорий қилинган. Транспорт воситалари агар тўпланиб қоладиган бўлса ҳам шу тураргоҳга кириб бемалол навбатлари келгунича кутишлари мумкин.
Ҳайдовчилар мурожаат қилиб, чегарадан ўтишларини сўраб постгача киришса, бемалол бизлар расмийлаштириб чиқариб юборамиз. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Бевосита божхона расмийлаштируви билан, божхона органлари билан, чегара нуқтаи назаридан ҳеч қанақа муаммо йўқ. Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати ходимлари билан биргаликда тасдиқланган йўриқномалар, техник схемаларга асосан расмийлаштириб ўтказиб юборамиз.
Келажакда постимизга туташ ҳудудда логистик хизматларни кўрсатиш учун мўлжалланган транспорт воситаларининг тўхташ жойлари, бевосита юк ортиш-тушириш жойлари, катта комплекс қурилиш ишлари режалаштирилган. Бу бўйича тегишли таклифлар берилган, тегишли ҳокимлик ва идоралар билан биргаликда ишлар олиб бориляпти, ижрога қаратилган барча ишлар”, дейди божхона бошқармаси катта инспектори.
Хўжаобод тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Анварбек Ҳошимов тез орада муаммо бартараф этилишини билдирди:
“Тирбандликнинг олдини олиш бўйича ЕвроАзия транспорт логистика корхонамиз бор. Марказ ҳудудини бир гектар 10 сотихга кенгайтирди. Бунинг ҳисобига 70 дан ортиқ юк машиналари яна қўшимча кирадиган бўлди.
Тўғри, бу тирбандликни тўлиқ бартараф қилмайди. Божхона постимизда ҳам тирбандликнинг олдини олиш бўйича яна битта тарози қўйилди. Электрон тизим йўлга қўйилди. Бу ҳам тирбандликнинг олдини олиш учун битта чора, лекин у ҳам тўлиқ бартараф қилмайди. Шунинг учун 45-постимиз бор. Шу ерда 30 гектар ерда таклифи берилди. Яна қўшимча янги логистика қилиш учун. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Хитой компанияси келган. Логистика ташкил қилиш, унинг инфраструктураси, ҳамма ёғи бўйича ишлар кетяпти.
Йўлдаги тартибсизликларнинг олдини олиш учун тез орада логистика маркази қурамиз. Бундан кейин юк машиналари ўша ерда навбати келишини кутишади”, дейди Анварбек Ҳошимов.
Kun.uz ҳолатни кузатишда давом этади.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.
Мавзуга оид
14:22 / 17.12.2025
Қирғизистонда таълим вазири маст ҳолда машина бошқариб қўлга тушди
17:58 / 16.12.2025
«Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўлини молиялаштириш миқдори тақсимланди
23:01 / 15.12.2025
Қозоғистон Ўзбекистонга нефт транзитини қайта тиклади
12:51 / 15.12.2025