Жамият | 18:40 / 25.02.2018
49972
10 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчини бухгалтерликдан қутқаринг!». Таълим тизими муаммолари ҳақида

Мактабга янги кирган йилларим бир ёши катта устоз мен каби ёш ўқитувчиларга ғамхўрлик билан бир гап айтганди: «Сизлар ўқитувчига қийин даврда кириб келдингиз, илгари бунчалар қоғозбозлиик йўқ эди».

Aввал тушунмагандик, ишлаш жараёнида бу гапни яхшилаб тушуниб олдик. Мана шу қоғозларни тўлдириш ўқитувчининг асосий иши бўлиши керак деган хулосага ҳам келдим. Кейинчалик англадимки, бу қоғозбозликлар авж олиши даврини бошлаб берган қарор қабул қилинган давр менинг илк жўшқин педагогик фаолиятимга тўғри келган экан. Ундан олдин бундай қоғоз тўлдиришлар ва ҳисоботлар бунчалар даражада эмаслигини тажрибали устозлар суҳбатида кўп эшитдим. Кечагидек эслайман: ойлик олиш учун 18та дафтар тутилган, ҳар ойда ўша дафтарларни маълумотлар билан тўлдириб зовучга кўтариб олиб кирардим, у эса катта дафтарини очиб, жадвал бўйича ўқиб турарди, мен ўша дафтарларимни унга кўрсатиб бериб турардим, бўлганини «+» қилиб белгилар, чаласини «–» қиларди, яна чиқиб кетиб, қолганини тўлдирардим. «Ведемост» топширилгунча улгурмасам ойликдан ўшанча соат кесиларди… эҳҳее ўша кунлар… бизку ёш эдик, унча сезилмай югуриб-югуриб ёзиб, чизиб эплаган эканмиз, лекин нафақага яқин қолган устозлар тиним билмай ёзганларини ҳозир эсласам, ўша давр завучларининг «списка» дафтарларини ёқиб ташлагим келиб кетади…

Мен ҳозир 2005 йили қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-сонли қарори ҳақида фикр билдирмоқчиман.

Ушбу қарор ҳақида жуда кўп тажрибали устозлар фикрини тингладим, қарорнинг яхши томони шундаки, бу қарорда яхши ишлаган устоз мураббийларнинг меҳнатини рағбатлантиришнинг механизми ишлаб чиқилган, «Директор жамғармаси» деб номланади. Унга кўра меҳнат жабҳасида яхши ишлаган ўқитувчи келаси йилда 15-40 фоизгача устама (ўз ойлигига нисбатан) қўшимча ҳақ олади ҳар ойда. Бу баъзи мактабларда мактаб директорлари ўзи истаган кишиларни рағбатлантираётган ҳолларни эшитганимизни ҳисобга олмасак, умуман олганда, минглаб яхши ишлаган устозлар учун яхши бўлганди. Лекин бу қарор биргина устама учун эмас, балки умумий педагогларга иш ҳақи тўлашнинг бир ставка дарс берувчи педагог учун 1548 соатлик иш юкламани бажариш ва қоғозда кўрсатиш мажбуриятини, мезонини белгилаб берган эдики, буларни амалга ошириш учун истаймизми, йўқми, ўқитувчи ҳисобот-у қоғозларга кўмилиб қолишига олиб келди. Aйтсам ишонмайсиз, ўша 1548 соатлик юклама графаларида дарс соатидан бошлаб ҳар бир ишингизга неча соат ажратишингизгача ҳисоблаб, ойлик, йиллик жами соатга тўғри келадиган қилиб ҳисоблаб чиқишингиз ва йил давомида шуларни бажариб юришингиз керак. Бир ҳисобга тўғри ўйлангандек кўринади, қулай. Кимга қулай биласизми, келган текширувчига қулай. Келади, йиллик юкламангизни олади, хўш, фалон ойда фалон тадбирга 2 соат ажратибсиз, қани унинг сурати, ҳисоботи, бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларга шунча соат ажратибсиз, қани унинг режаси, конспекти, дейди, кўради, осонгина белгилайди ва ёки йўқ дея «кесади». Нақадар қулайми? Ишонасизми, шундай ўқитувчиларни кўрдимки, текширганда кесмасин дея, ўша графанинг ташкилий бўлим, деган қисмида қилинган ишларини исботлаш учун мактаб ободончилик ишларида ёки шанбаликларида қатнашаётган пайтларида суратга тушиб, чиқариб, шунча соат мактаб участкасида ишладим, дея ҳисоботлар ёзишган. Ушбу қарор шу даражада педагоглар ва раҳбарият орасида оммалашиб кетдики, худдики, педагогларга ойлик тўлашнинг бошқа услуби йўқ, деган фикр кўпчиликнинг онгига сингиди. Орадан 13 йил ўтди. Жуда кўп соҳаларда эски қарорлар замон талабига жавоб бермаяпти, дея янгидан ишлаб чиқилди ёки тўлдирилди. Ушбу қарор чиққандан сўнг 10 йилча ўтибгина Халқ таълими Вазирининг 2016 йил 4 февралдаги 33-буйруғи чиқарилди. Унда ўқитувчи учун 6та асосий иш ҳужжати санаб ўтилди, булар: йиллик иш режа (мен юқорида айтиб ўтган асосий соатма-соат нафас олганингизни кўрсатиб ҳисоблаб беришингиз керак бўлган 1548 соатлик иш режа), мавзувий иш режа, дарс конспекти, дарс таҳлил дафтари, журнал. Aжойиб ўзгариш, ҳар ҳолда 10 йил қоғозбозликдан зериккан педагоглар учун. Лекин… мана шу лекин бўлмаганда қанийди, лекин бу буйруқ чиққанига 2 йил ўтган бўлса ҳам келган молиявий комиссиялар турли ҳисоботларни сўрашда давом этишига кимни айбдор дейиш мумкин? Буйруқда йиллик иш режа кўрсатилган, ўша режада сиз анави қилган ишларингизни қандай исботлайсиз, ҳужжатларни кўрсатинг, деган текширувчиларми ёки ўз ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб олмаган, комиссиядан қалтирайдиган директорларми? Менимча, ўқитувчиларнинг ўзида ҳам айб бор, ҳуқуқий ахборотларни ўз вақтида кузатиб боришмайди. Шу каби ҳеч бўлмаса, ўз соҳасига доир ҳуқуқий норматив ҳужжатларни билмагани туфайли ҳалигача 33-буйруқда катта қилиб «қисқартирилган» деб ёзилган ҳужжатларни ҳам тўлдириб юрган ўқитувчилар бор.

Лекин мен юқорида такидламоқчи бўлганим, ўқитувчиликка илк кириб келганимдан дуч келиб бажариб келаётган, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йили қабул қилинган қарорини қайта кўриб чиқиш зарурияти ҳозирги замонда энг долзарб вазифадир. Наҳотки, педагог ходимларга ойлик иш ҳақи тўлашнинг бошқа усули йўқ бўлса? Бор, фақат уни излаб топиш мумкин, ўқитувчининг ҳисобот ва қоғозларига қарамасдан амалий натижасига қараб иш ҳақи тўлаш механизмларини дунёнинг ривожланган давлатлари тизимидан топса бўлади. Ўқитувчилардан амалий натижа талаб қилишдан аввал шунга мос қонун ҳужжатлари билан уларнинг эркинликлари ва ижодий ишларини рағбатлантирувчи, шаблон ва мажбуриятлардан холи иш механизмини жорий қилиш керак. Эътибор беринг, мен ҳозир ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда баралла айтилаётган ўқитувчилар ойликларини ошириш ва ёки мажбурий меҳнатларга жалб қилмаслик хақида гапирмаяпман (улар хақида мен қолдим холос айтмаган ва бу гаплар амалга ошса, таълим тизимида ижобий портлаш эффекти рўй берган бўларди), шунчаки, ўқитувчининг бевосита кундалик иш жараёнини енгиллаштирувчи норматив ҳужжатларни сўрамоқдаман.

Президент ҳам «Менга қоғозларинг, ҳисоботларинг керак эмас, менга амалий натижаларинг керак» дея таълим тизими раҳбарларига ўрнак бўлмадими? Мана шундай бўлсагина, келажакда биз фақат қоғозларда «аъло»га ўқитиб, аслида зўрға мактабни битиргизиб юборган ўқувчиларимиз эмас, кўзлари ёниб турган, билими билан дунёнинг исталган давлати болалари билан беллаша оладиган, устозидан рози бўлган (!) авлодни етиштириб чиқарамиз.

Ҳурматли депутатлар! Келинг, ўқитувчини бухгалтерликдан қутқаринг, Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарорга ўзгартириш киритадиган, ўқитувчини ҳисобот-у қоғозлардан қутқарадиган, амалий иш қилишга ундайдиган механизм таклиф қилинг,.

Хурматли Халқ таълими Вазирлиги раҳбарияти, илтимос, ўз ходимларингизни бўлган-бўлмаган қоғозбозликлардан қутқариб, уларни ўз устида ва ўқувчи билими устида чалғимасдан ишлаб ойлик ола оладиган буйруқ ишлаб чиқинг, Президентимизга бизнинг қоғозларимиз эмас, зиёли, билимли авлод керак, ахир сиз-у бизнинг энг бирламчи  вазифамиз шу, юксак ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиб, таълим ходимларига иш ҳақи тўлашнинг энг яхши усулини жорий этинг.

Aзиз текширувчилар, келинг биздан бир кунда, бир ойда неча соат иш қилганимиз ҳақидаги ҳисоботлар сўраб, бизни асосий вазифамиз, болалар билан ишлашдан чалғитиб, қоғоз тўлдиришга мажбур қилаверманг, биласизми, сиз келишингизга тайёрлаб қўядиганимиз бир дунё ҳужжатларни қачон, кимларнинг вақтидан йўниб тайёрлаётганимизни? Ўқувчиларимизга сарфлашимиз керак бўлган вақтимизда, оиламизга ажратишимиз керак бўлган вақтимизда ёзиб тўлдирямиз бу қоғозларни. Шунда ҳам қаердан хато топаркин, дея қўрқиб кутамиз сизларни. Биз сиз учун ишлашимиз керакми ёки ўқувчилар учунми? Биз статист эмасмиз, биз бухгалтер эмасмиз, биз ўқитувчимиз, бирон мавзуни тушунтириб, охирига еткизиб олгунимизча ҳам қанчалар кўп меҳнат қилишимизни тасаввур қилсангиз қанийди…

Бир ўқитувчимиз айтган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди: «олдимизда икки йўл турибди, ёки ўша ҳужжатларини қиламиз, ёки билим берамиз». Бу гап ортида қанчалар катта маъно ва ҳақиқий ҳолат ётганини сиз тасаввур қиласизми?

Ҳурматли ҳамкасблар, заҳматкашлар, сиз-у биз улкан ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз, биз ҳаммасига улгуришга ҳаракат қиляпмиз, ҳамма ҳаммасига. Бу қанчалар қийин бўлаётганини бу соҳада ишлаётганлар ҳис қилиб турибди. Умид қиламиз ва ишонамизки, бугун-эрта бу каби ҳужжатбозликларга барҳам берилади, бундай тизим билан ривожланиб бўлмаслигини президентимиз кўп бора таъкидламоқда. Демак, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради! Лекин сиздан илтимос, нима бўлганда ҳам бизнинг ягона бурчимиз, болаларга виждонан билим беришдан нима бўлганда ҳам тўхтаманг, майли, ўша баъзи ҳужжатларни тўлдиришга улгурмасангиз, уларни тўлдирманг, лекин уларни тўлдираман, ойлигимдан қирқилмасин, дея билим беришни эсдан чиқарманг, эртага ўқувчиларингиз ҳужжатларингизни эмас, берилган билимларни эслаб юришади.

Исроил Тиллабоев

Халқ таълими аълочиси

Мавзуга оид