Жаҳон | 22:12 / 13.03.2026
9048
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Яқин Шарққа 5000 денгиз пиёдаси ва қўшимча кемаларни юборади

Ҳарбий вазир Пит Ҳегсет АҚШ Эронга нисбатан барча вариантларни, жумладан, ядровий обектларни назорат қилиш учун қуруқликдаги кучлардан фойдаланишни кўриб чиқаётганини, шунингдек, мамлакат мудофаа саноатини йўқ қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Фото: U.S. Navy

Пентагон Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги ҳужумлари кучайиб бораётгани муносабати билан Яқин Шарққа денгиз пиёдалари гуруҳи ва қўшимча жанговар кемаларни юбормоқда, деб ёзди The Wall Street Journal уч америкалик амалдорга таяниб.

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Марказий қўмондонликнинг десант кемалари гуруҳининг бир қисмини денгиз пиёдалари экспедицияси батальони билан кўчириш тўғрисидаги сўровига рухсат берди. Бундай гуруҳ одатда бир нечта жанговар кемалар ва 5000 га яқин денгиз пиёда аскарларини ўз ичига олади.

Аввалроқ Эрон аллақачон дунё нефт таъминотининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозини миналашга киришгани ҳақида хабар берилган эди. Миналаштириш кўлами ҳозирча бир неча ўнлаб миналар билан чекланган, бироқ Теҳрон кичик кемалар ва мина тўсиқларининг 80-90% гача қисмини сақлаб қолган, бу эса назарий жиҳатдан юзлаб миналар қўйиш имконини беради.

13 март куни ўтказилган брифингда Пентагон раҳбари Пит Хегсет 28 феврал куни бошланган ҳарбий операция давомида АҚШ-Исроил зарбалари туфайли 15 мингдан ортиқ нишонга зарба берилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбий-денгиз флоти йўқ қилинган, мамлакатнинг жанговар ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси йўқ қилинган, ракета салоҳияти 90 фоизга, зарба берувчи дронлар захираси 95 фоизга қисқарган. Вазир Эрон ядро дастурини тўхтатишни операциянинг асосий вазифаси деб атади ва АҚШ барча вариантларни, жумладан, ядровий обектларни назорат қилиш учун қуруқликдаги кучлардан фойдаланишни кўриб чиқаётганини, шунингдек, мамлакат мудофаа саноатини йўқ қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид