Ўзбекистон | 20:30 / 02.02.2026
5334
3 дақиқада ўқилади

Бензинга нақд пул тўловининг тўхтатилиши ва Aviator ёнғини бўйича жиноий иш – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Бензинга нақд пулда тўлов тўхтатилади

1 апрелдан бошлаб бир қатор тўловлар фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади, бу президент фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электромобиллар учун зарядлаш бўйича хизматлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Фармон республикада нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган.

Шунингдек, нақд пулга уй-жой, автомобил олди-сотдиси ҳам бекор қилинмоқда.

Тошкентдаги Aviator савдо марказида юз берган йирик ёнғин бўйича жиноий иш очилди

Иш Жиноят кодексининг 19211-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан очилди.

Яшнобод тумани Паркент йўли кўчасида жойлашган ушбу савдо мажмуасида ёнғин 31 январ куни соат 15:30 дан кейин иккинчи қаватда содир бўлган. У ерда Pixel болалар майдончаси, шунингдек, бир нечта овқатланиш муассасаси жойлашган. Биринчи қаватдаги Korzinka супермаркети зарар кўрмаган.

Ҳодисадан сўнг вайроналар остидан 2 ёш-у 7 ойлик қизнинг жасади топилган.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш бошланди

1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлардан аризалар қабул қилиш бошланди.

Маълум қилинишича, номзодларнинг аризалари амалдаги тартибга мувофиқ туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари орқали қабул қилинади.

Шу билан бирга номзодларга қулайлик яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги томонидан махсус электрон платформа орқали аризаларни онлайн қабул қилиш ҳам режалаштирилган. Платформа ишга туширилгач, қўшимча маълумот берилиши билдирилди.

Шахматчи Нодирбек Абдусатторов Tata Steel Chess турнири чемпиони бўлди

Нодирбек Абдусатторов шахмат оламидаги энг нуфузли турнирлардан бири, Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказилган Tata Steel Chess 2026 турнирида ғолибликни қўлга киритди. Ўзбекистонлик шахматчи 13 имкониятдан 9 очко тўплади (6 ғалаба, 6 дуранг ва 1 мағлубият). Бу унинг учун ушбу турнирдаги илк чемпионлик ҳисобланади.

Абдусатторов олдинги йилларда ҳам чемпионликка яқин келганди – 2023 йилда 2-ўрин, 2024 йилда 3-ўрин, 2025 йилда 3-ўрин. У тўртинчи уринишда ўз мақсадига эришди.

Шунингдек, у ушбу турнирдаги муваффақиятли иштирокидан сўнг онлайн рейтингда дунёнинг энг кучли шахматчилари бешлигига қайтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид