Ўзбекистон | 19:27 / 06.03.2019
4594
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилади

Ўзбекистон Президенти “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида жорий этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этиш ва босқичма-босқич амалга ошириш;

ички ишлар органларининг белгиланган штатлар сони доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди. 

Бошқармалар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

• бевосита туристик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ички ишлар органлари хизматини самарали ташкил қилиш;

• ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш борасидаги фаолиятини ахборот-техник жиҳатдан кўмаклашиш, улар ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлик устидан қатъий назорат ўрнатиш;

• туристик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида криминоген вазиятни тизимли таҳлил қилиш, туристларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан манзилли чора- тадбирларни амалга ошириш.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ Тошкент метрополитенида ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими негизида вазирликнинг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ташкил этилади.

Бош бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

• метрополитен, темир йўл ва ҳаво-транспорт инфратузилмаси объектларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

• йўловчиларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиладиган товар-моддий бойликларнинг бутлиги ва қўриқланишини самарали таъминлаш;

• транспорт объектларида террористик таҳдидларни, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоктив, заҳарли, кучли таъсир қилувчи ва заҳарловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни ташкил қилиш;

• замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини амалга ошириш.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид