Ўзбекистон | 11:36
4714
4 дақиқада ўқилади

14 та сохта ЙТҲ ва “жабрдийда” Malibu’лар: Тошкентда суғурта фирибгарлиги схемаси фош қилинди

Уч киши жиноий режа тузиб, сохта ЙТҲлар ва қалбаки ҳужжатлар орқали суғурта ташкилотларидан суғурта тўловларини олиб келган. Уюшган гуруҳ 14 та эпизоднинг 8 тасида бу ишни уддалаган: суғурта компанияларидан жами 110 млн сўмга яқин маблағ суғурта товони сифатида олинган.

Сунъий интеллект яратган сурат

Ўзбекистон суғурта бозорида сохта ЙТҲларга асосланган уюштирилган суғурта фирибгарлиги схемаси аниқланди. Kun.uz ўрганган суд ҳукмига кўра, бир гуруҳ шахслар мунтазам равишда ЙТҲлар бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлаб, суғурта тўловларини олиб келган.

Режа

Ушбу жиноят 3 киши – 30 ёшли А.А., 21 ёшли С.А. ва 24 ёшли З.Й. томонидан содир қилинган. Улар тегишли вазифа ва ролларини ўзаро тақсимлаб олишган.

Уюшган гуруҳга А.А. раҳбарлик қилган. У гуруҳ ишига янгидан жалб этилаётган бошқа шахсларга вазифалар белгилаш, содир этилиши кўзда тутилган сохта ЙТҲларни олдиндан режалаштириш, ЙТҲ тўғрисида хабарнома, “европротокол” бланкаларини ва алоқадор ҳужжатларни қалбаки равишда сохта маълумотлар асосида тўлдириш ҳамда суғурта ташкилотига тақдим этиш, суғурта товонларини ундириб олиш каби вазифаларни бажарган.

З.Р. ва С.А. эса гуруҳ томонидан сохталаштирилган тарзда уюштирилган ЙТҲларда жабрланувчи ёки ҳуқуқбузар сифатида иштирок этиш, ҳар бир эпизодда жабрланувчи сифатида иштирок этиши лозим бўлган янги шахсларни жалб этиш ва ЙТҲда машиналарни топиш вазифаларини ўзаро тақсимлаб олишган.

Жиноий схема

Эпизодларда асосан 2 та машина “жабрланувчи” сифатида иштирок этган: давлат рақами 01 L 368 AC бўлган оқ рангли Malibu ҳамда давлат рақами 01 С 897 МС бўлган қора рангли Malibu.

А.А. ва шериклари ушбу машиналар иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида ёзувлар киритган ҳолда расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришган. Сўнгра сохталаштирилган ҳужжатларни суғурта компанияларига тақдим этган ҳолда суғурта товони ундиришган. Қўлга киритилган пулларни эса ўзаро тақсимлаб олишган.

Масалан, 2024 йил 15 январ куни соат 1:00 да Яшнобод тумани, Тузел қўрғони кўчасида давлат рақами 01 L 368 AC бўлган Malibu ҳамда Tracker машиналари иштирокида ЙТҲ бўлгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлашган. Кейин ушбу ҳужжатларни суғурта компаниясига тақдим этишган. Бу орқали Malibu ҳайдовчиси фойдасига суғурта товони сифатида 13 млн 758 минг сўм ундириб олишган.

Ёки 2024 йил 21 феврал куни соат 19:20 да Тошкент вилояти, Паркент тумани, Заркент қишлоғида давлат рақами 01 L 368 AC бўлган Malibu ҳамда ВАЗ 31514 машиналари иштирокида ЙТҲ бўлгани ҳақида расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришган. Кейин ушбу сохта ҳужжатлар асосида суғурта компаниясидан Malibu ҳайдовчиси фойдасига 14 млн сўм олишган.

Зарар миқдори

Судланувчилар 14 та эпизоднинг 8 тасида бу ишни уддалашган: улар суғурта компанияларидан жами 110 млн сўмга яқин маблағни суғурта товони сифатида олишга эришган. 6 та эпизодда эса жиноий мақсадларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олишмаган.

Жазо

Судланувчилар ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “в” банди, 25,168-моддаси 4-қисми “в” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а,б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 305 баравари (103 млн 700 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Таҳририят: Саҳналаштирилган ЙТҲларда “шунчаки иштирокчи” сифатида қатнашиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Агар шундай таклифларга дуч келсангиз ёки гувоҳ бўлсангиз, дарҳол 102 рақами орқали ички ишлар органларига хабар беринг.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид