“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун – коррупцияга қарши курашишда муҳим қадам
Сенатнинг 1 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун мақулланди. Ушбу қонун коррупциянинг бир кўриниши бўлган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг ҳуқуқий асосини таъминлайди.
Мазкур қонун Президент Фармонида назарда тутилган топшириқ ижроси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистоннинг халқаро индекслардаги ҳолатлари таҳлил қилинганда, “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” ташкилотининг 2022 йилдаги Ҳуқуқ устуворлиги индексида “Коррупциядан холилик” индикатори бўйича Ўзбекистон 66-ўринни эгаллаган ва бу кўрсаткич билан 4 бандга юқорилади.
“Transparency International” ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида ҳам асосий кўрсаткичлардан бири айнан манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган қонунлар мавжудлиги ва уларга амал қилинишидир. Ушбу индексда Ўзбекистон 2022 йил якунлари бўйича 180 та мамлакат ичида 126-ўринни эгаллади
Қонун билан давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви вазиятлари тўғрисида хабар бериш ва тартибга солиш натижасида “холис қарор қабул қилиш маданияти” шаклланишига хизмат қилади.
Ўз навбатида, қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, ушбу вазият кимлар ўртасида ва қачон вужудга келиши мумкинлиги аниқ белгиланмоқда.
Манфаатлар тўқнашуви – давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёхуд юзага келиши мумкин бўлган (тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви) вазият.
Давлат ташкилоти ходимлари, уларнинг яқин қариндошлари ва уларга алоқадор шахсларнинг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда;
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат ташкилоти ходимларига бир қатор чекловлар белгиланмоқда. Масалан:
– ўзи ишлаётган давлат ташкилоти назорат қиладиган тижорат ташкилотларида улушга ўзи ёки яқин қариндошлари эгалик қилиши;
– тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлиш, бундан акциядорлик жамиятларининг оммавий муомалада бўлган 10 фоизигача акцияларига эгалик қилиш мустасно;
– ўзи ишлаётган давлат ташкилотида ўзининг, яқин қариндошлари ёки унга алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиш;
– ўзи ишлаётган давлат ташкилотининг мулкини сотиб олишда, ижарага олишда иштирок этиши ёхуд ушбу савдоларда яқин қариндошларининг иштирок этиши (бундан электрон аукцион мустасно) тақиқланади;
Мазкур чекловлар Польша, Россия, Грузия, Латвия ва бошқа давлатларнинг қонунчилигида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид белгиланган чекловлардан фойдаланилган.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солиш бўйича ваколатли тузилмалар тизими белгиланмоқда. Жумладан:
– Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
– коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари;
– кадрлар билан ишлаш бўлинмалари;
– одоб-ахлоқ комиссиялари.
Давлат ташкилотида аниқланган манфаатлар тўқнашуви вазиятларини ҳисобга олиш реестри юритилиши назарда тутилмоқда.
Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганлик учун қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар белгиланмоқда:
– манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловларга амал қилмаган давлат ташкилоти ходимларига нисбатан интизомий жавобгарлик;
– манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши ва айбдор ходимдан етказилган зарар ундириш.
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органи ходимларининг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги ва уни тартибга солинмаганлик учун маъмурий жарималар белгиланмоқда.
Мазкур Қонун қабул қилиниши натижасида давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш ҳамда Ўзбекистоннинг коррупцияга оид халқаро рейтингдаги кўрсаткичларини оширишга хизмат қилади.
Адлия вазири ўринбосари Х. Мелиев
Мавзуга оид
10:05 / 13.12.2024
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
13:04 / 10.06.2024
Ҳокимлардан тортиб ҳарбийларгача: “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
14:59 / 08.06.2024