Президент "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонунни имзолади. Қонун унча катта бўлмаса-да унинг давлат ва жамият ривожи учун аҳамияти юқори. Ушбу мақолада шулар ҳақида тўхталамиз.

Хўш, бу қандай қонун? Унинг мақсади, вазифаси нима, одамларга нима беради?

Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси миллий қонунчилигимизда илк бор 2017 йил январида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида шарҳланганди.

Унда шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият манфаатлар тўқнашуви сифатида эътироф этилганди.

Янги қонуннинг мақсади ҳақида

Қонуннинг асосий ғояси жамият ва давлат манфаатлари шахсий манфаатлардан устун экани билан характерли. У давлат хизматида шахсий манфаатдорлик йўлидаги қариндош-уруғчиликни чеклашга қаратилган.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев қонунни икки асосий йўналишга бўлади:

- иқтисодий, яъни давлат харидлари ва умуман давлат ташкилотларидаги молиявий муносабатларда қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик;

- меҳнат муносабатлари, яъни давлат ташкилотларида қариндош-уруғларнинг бир-бирининг қўл остида ишлашига барҳам бериш.

Иккала йўналишда ҳам қонунда чекловлар ва бу бўйича кўриладиган чоралар белгиланган. 

Масалан, бирор ташкилотда раҳбарнинг яқин қариндоши унинг бевосита бўйсунувида ишласа, қонун кучга киргач, бу ҳақда хабарнома орқали ошкор қилиши ва энг асосийси ўша ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиши шарт. Жайдари тилда айтганда, қўл остидаги қариндошларини ишдан бўшатиши керак. Йўқса бу қонун бузилиши бўлади ва жавобгарликка олиб келади.

Таъсир доираси ва истиснолар

Қонун давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимга ишга қабул қилинган ҳолларни мустасно этади. Бундай лавозимлар рўйхати алоҳида тасдиқланади. Мазкур рўйхатда қайд этилмаган барча лавозимларга қонун талаби бирдек амал қилади, яъни фуқаролик лавозимларида ҳам, ҳарбий лавозимларда ҳам қариндош-уруғлар бир-бирига бевосита бўйсунувчи сифатида ишлай олмайди.