Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тикланиши кутилаётган ўлим жазоси, Telegram офиси, ажрим учун бадал ва яна интернетсиз Афғонистон – МО ҳафта ичида
Қирғизистонда ўлим жазоси қайта тикланиши мумкин. Тожикистон ажрим учун бадал миқдорини оширди. Қозоғистонда Telegram ўз офисини очади. Венгрия Туркманистон газига зор бўлди, Будапешт Ашхободга хушомад қилмоқда. Афғонистонда толиблар интернетни ўчириб қўйди, қайта ёққач кабель узилганини баҳона қилди.
Қирғизистонда ўлим жазоси жорий қилиниши мумкин
Республика президенти Садир Жапаров ваҳшийларча содир этилган жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этиш таклифини илгари сурмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.
Ваҳшийларча содир этилган жиноятлар деганда, хусусан, аёллар ва болаларга қарши қотиллик ҳамда зўрлаш ҳолатлари назарда тутилмоқда. Маълум бўлишича, президент ҳуқуқий бошқарма раҳбари Мурат Укушевга қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ҳам буюрган. Жапаров бу борада энг оғир жазоларни белгилаш тарафдори бўлмоқда.
Хўш, нега президент ўлим жазоси ҳақида гапириб қолди? Сабаби Бишкекда вояга етмаган қиз – Айсулунинг ваҳшийларча ўлдирилиши халқ ва жамоатчиликни чуқур таажжублантирган. Жапаровнинг ўзи ҳам воқеадан қаттиқ таъсирланиб, бу ишни шахсан назоратига олганини айтди. Унинг фикрича, болалар ва аёлларни нишонга олган жиноятлар жазосиз қолмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда ўлим жазосини собиқ президент Қурманбек Бакиев 2007 йилда жиноят кодексидан чиқариб ташлаганди. Лекин бу жазога мораторий 1998 йилдаёқ, президент Акаев даврида эълон қилинган. 2010 йилда эса ўлим жазоси конституция билан тақиқланган. Орадан 18 йил ўтиб, бу жазо қайтарилиши мумкин. Ўзбекистонда эса ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан бекор қилинган. Унинг ўрнига умрбод қамоқ жазоси жорий этилган. 2023 йилги охирги конституцион ўзгаришлар билан республикада ўлим жазоси қўлланмаслиги бош қонунда ҳам ёзиб қўйилди. Сизнингча, бизнинг республикага ҳам ўлим жазоси керакми? Сиз буни изоҳларда ёзиб қолдиринг, мен эса кейинги мавзуга ўтаман.
Тожикистон ажрим учун бадал миқдорини оширди
Энди Тожикистонда оилалар расман ажрашмасдан яшашда давом этиши мумкин, чунки давлат ажрим бадалини оширди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 1 октабр куни никоҳни бекор қилиш бўйича давлат божи оширилишини назарда тутувчи ҳужжатга имзо чеккан. Қонун расмий эълон қилингач кучга киради. Бу ҳақда маҳаллий нашр AsiaPlus хабар бермоқда.
Янги қонунга кўра, эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича ишни кўриш учун 75 сомонийдан 150 сомонийгача, яъни 97 мингдан 195 минг сўмгача, қўшма ариза берилса - 375 сомонийдан 750 сомонийгача, яъни 487 мингдан 974 минг сўмгача бож тўлаттирилади.
Суд қарори асосида ажрим белгиланса - 525 сомонийдан 1050 сомонийгача, яъни 682 мингдан 1 миллион 364 минг сўмгача пул ундирилади.
Шу тариқа бож миқдори икки баробарга кўпайтирилмоқда. Мамлакат парламенти илгари бундай чораларни ажримлар сонини камайтириш мақсади билан изоҳлаганди. 2024 йилнинг декабрь ойида ҳам бу тўлов миқдори қисман оширилган эди.
Тожикистонда МДҲ регионида аҳоли сонидан келиб чиқиб, энг тез кўпаётган халқ.
Республикада расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида 4117 та ажрим қайд этилган, бу ўтган йилгидан 291 тага кам. Шунга қарамай, ҳукумат вакиллари вазиятни ташвишли деб баҳолайди. Адлия вазири Музаффар Ашурион ажримлар даражаси ҳамон юқори эканини айтмоқда.
Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси раиси Бунафша Файзиддинзодага кўра, ажримларнинг асосий сабаби эрта турмуш қуриш ва “ёш қизларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги”да.
Хўш, Тожикистоннинг ажрим учун ундирадиган божи шунчалик қимматми? Ўзбекистонда бундай ҳолатларда БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача тўлов талаб этилади. Бу 824 минг 1 млн 648 минг сўмгача дегани.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ-март ойларида қайд этилган никоҳлар сони 43,8 мингтани ташкил этган. Ажримлар сони эса 2025 йилнинг январ-март ойларида 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўзгармаган ҳолатда қолган.
Telegram Қозоғистонда офисини очади
Якунига етаётган ҳафтада Қозоғистон Digital Bridge технологик-инновацион тадбирини ўтказиб, маҳаллий медианинг эътибори асосан шунга қаратилди. Тўқаев шу ҳафта ташриф билан келган Италия президенти Сержио Маттарелла билан ҳам учрашиб, музокаралар ўтказган. Бундан ташқари, халқаро тадбир баҳонасида ташриф буюрганлар билан ҳам мулоқот қилди.
Масалан, президент Телеграм асосчиси билан Астанада кўришди. Павел Дуров Қозоғистонда унинг компанияси офис очишини эълон қилди. Шу ўринда савол туғилади – нега Telegram айнан Қозоғистонни танлади? Бу кўпроқ Telegram компаниясининг эмас, балки расмий Остонанинг талаби ва шартлари билан бўлмоқда. Акс ҳолда Қозоғистон 12.5 млн фойдаланувчиси бор Telegram’ни блоклашини айтган.
Дуров жамоаси эса тинчгина офиш очишга кўнди. Бу асосан тартибга солиш ва қонуний талаблар, шунингдек платформанинг маҳаллий ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш эҳтиёжларидан келиб чиққан қарор бўлиши мумкин. Хўш, аслида ҳаммаси қандай бошланган эди?
2024 йил 14 октабр куни Қозоғистоннинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Telegram билан маҳаллий вакил тайинлаш ва офис очиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу расмий хабар платформанинг мамлакатда қонуний талабларга мослашиши йўлида муҳим қадам бўлди.
Орадан кўп ўтмай, 2024 йил 31 октябрда сенаторлар йиғилишида вазир Жаслан Мадиев офис AIFC (Astana International Financial Center) ҳуқуқий майдонида рўйхатдан ўтказилаётганини, контент модерацияси учун масъул шахс ҳам тайинланганини айтди.
2025 йил 27 июнда Телеграм Astana Hub — Марказий Осиёдаги йирик инновацион кластер аъзолигига қабул қилинди. Бу амалда компаниянинг Қозоғистон IT-экотизими билан тизимли ишлаш ниятини кўрсатди.
2 октябр куни Павел Дуров Digital Bridge 2025 форумида Астанада Alem.ai биносида махсус сунъий интеллект лабораторияси очилаётганини маълум қилди. Расмийларга кўра, Telegram Қозоғистонда офисни ишга туширди, Astana Hub’га қўшилди ва СИ лабораториясини очди.
Қозоғистонда 2023 йил қабул қилинган “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонун мамлакатда ҳар куни 100 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан маҳаллий вакил (юридик шахс) бўлишини талаб қилади. Шунингдек, тақиқланган контентни расмий талаб бўйича олиб ташлаш механизмлари ҳам бу ҳужжатда келтириб ўтилганди. Яъни агар Telegram офис очмаса, платформа Қозоғистон ҳудудида блокланиши мумкин эди.
Telegram эса Қозоғистонда ниҳоятда оммабоп: ойлик 12,5 млн фойдаланувчи бор. Бу — 20 млн аҳолининг ярмидан кўпроғи дегани. Шу боис платформа учун Қозоғистон стратегик бозор бўлиб, ҳуқуқий мослашув қарорини тезлаштирган. Яъни Telegram учун ҳам платформа блокланганидан кўра бир офис очиш маъқулроқ қарор эди.
Қонуний ижро ва рақамли хавфсизлик – давлат ва жамият манфаатларига мос келади. Бироқ Telegram’дан офис очиш талаби, акс ҳолда унинг блокланиши таҳдиди – сўз эркинлиги, махфийлик ва турли «чегаралар»нинг борлиги хавотирларини ҳам юзага чиқаради.
Масалаб, расмий талабларда “тақиқланган/зарарли контентни олиб ташлаш” борлиги — фойдаланувчиларнинг сўз эркинлиги ва мустақил журналистика учун нозик мавзу бўлиб турибди.
Венгрия Россия ўрнига Туркманистондан газ сотиб олмоқчи
«Газпром»нинг Европадаги энг йирик харидори бўлган Венгрия Туркманистондан газ сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шарқий алоқаларни ривожлантириш бўйича давлат вакиллари гапириб ўтган.
“Энергетика соҳасида биз Туркманистондан ишончли ҳамкор сифатида умидвормиз. Венгрия турли мамлакатлардан табиий газ импортига қарам, шу сабабли биз Туркманистонга ҳам катта умид билан қараймиз ва яқин келажакда Туркманистон Европага, аниқроғи Венгрияга газ етказиб берувчига айланишига умид қиламиз”, дейди венгер расмийлари.
Сентябр ойи бошида Венгрия мамлакат тарихидаги энг узоқ муддатли суюлтирилган табиий газ импорти бўйича шартнома имзолади. Ушбу келишув Франциянинг Энгие компанияси билан тузилган бўлиб, 2028 йилдан 2038 йилгача амал қилади. Етказиб беришнинг умумий ҳажми 4 миллиард куб метрни ташкил этади.
Сентябрь ойи бошида Венгрия Британиянинг Шелл компанияси билан ҳам йилига 2 миллиард куб метр газ сотиб олиш бўйича шартнома тузганди. Етказиб бериш 2026 йилда бошланади, шартнома эса 10 йилга мўлжалланган. Газ Чехия ва Германия орқали етказиб берилади.
Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган, Россия нефть ва газини қувурлар орқали импорт қилувчи Венгрия ҳамда Словакия шу пайтгача Россия энергия ресурсларидан воз кечишга қарши чиқиб келаётганди.
Туркманистон қанча газ етказиб бера олиши ва қандай қилиб етказиб бериши ҳозирча номаълум. Ашхобод бу борада оммага гапирмаган.
“Европага газ экспорт қилишни режалаштираётган Озарбойжон ёки санкциялар туфайли Европа Иттифоқи билан муносабатлари жуда мураккаб бўлган Эроннинг қувур инфратузилмасидан фойдаланиш ёки газни «Газпром» билан шартнома асосида "Турк оқими" орқали етказиб бериш керак бўлади”, дея тушунтиради таҳлилчи Милчакова.
Ҳозирда Будапешт ҳар ойда Россиядан энергия ресурсларини сотиб олиш учун тахминан 500 миллион евро сарфлайди, дейилади Финландиянинг таҳлилий марказлари ҳисоботида.
«Толибон» яна интернетни ўчириб қўйди
Якунига етаётган ҳафтада Афғонистон яна интернетни ўчириб қўйди. Икки кунлик интернетсизликдан кейин эса толиблар буни техник носозликка йўйди. BBC’нинг ёзишича, муваққат ҳукуматдагилар кабель узилиб қолган дея баҳона қилган.
Манбаларга кўра, «Толибон» етакчилари буйруғи билан интернет қайта тикланган. Уни ўчириш қарорини эса «Толибон» олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода қабул қилингани айтилади. Бу корхоналар ва парвозлар фаолиятини издан чиқарди. Фавқулодда хизматлардан фойдаланиш имконияти ва аёлларнинг онлайн таълим олиши ҳам чекланиб қолди.
Интернет тиклангани ҳақидаги хабарлар «Толибон» бунга алоқаси борлигини рад этгач тарқалди. Жумладан, «Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид оптик толали кабеллар алмаштирилаётганини айтди. У шу тариқа интернет узилишига ҳукуматнинг алоқадорлигини рад этишга уринди.
29 сентябрь куни мамлакат бўйлаб интернет бутунлай узилган. Дунё бўйлаб интернет эркинлигини кузатиб борувчи НетБлоскс ташкилотига кўра, оптик толали интернетни ўчириш орқали «Толибон» мамлакатда янги ахлоқий чора-тадбирларни жорий этишни бошлаган. БМТнинг Афғонистондаги миссияси интернетга киришни тезкорлик билан тиклашга чақирди.
“Афғонистонда интернетнинг ўчирилиши мамлакатни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйди. Бу афғон халқига жиддий зарар етказади. Шунингдек, интернетнинг узилиши иқтисодий барқарорликка таҳдид солади ҳамда дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирини янада чуқурлаштиради”, дейилади БМТнинг баёнотида.
«Толибон» 2021 йилда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган. Шундан бери улар аҳолига қарши тақиқлар жорий этиб келмоқда. Хусусан, аёллар ҳуқуқлари чеклаб қўйилди, қизларга таълим тақиқланиб, ҳаракатланиш эркинлигига тўсиқлар қўйилди, «зино» учун жамоат жойида жазолаш ва қатл этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
2025 йил июлида Халқаро жиноий суд «Толибон» олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва бош судья Абдул Ҳаким Ҳаққонийга қарши халқаро ҳибсга олиш ордери чиқарди. Улар инсониятга қарши жиноятларда, жумладан, аёлларни жинсига қараб таъқиб қилишда айбланмоқда.
Мавзуга оид
13:06 / 30.11.2025
Собиқ президентнинг қамоқдаги ўғли, қуриб кетган сув омборлари ва Қозоғистонда яна референдум – МО ҳафта ичида
13:06 / 23.11.2025
25 йиллик жиноят, расмга олишга тақиқ ва Ҳиндистонга қатнаётган «Толибон» вазирлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
12:30 / 09.11.2025
Минтақа лидерлари Оқ уйда йиғилди – Марказий Осиё ҳафта ичида
14:50 / 02.11.2025