Ўзбекистон | 13:40 / 19.12.2019
41928
3 дақиқада ўқилади

«Мутасаддилар халқдан узр сўрасин» — ЎзЛиДеП вакили Юнусободдаги фожиа ҳақида

Фото: Халқаро пресс-клуб

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбири бўлиб ўтмоқда.

«Сайлов кампаниясини 80 куни: қандай ваъдалар берилди ва имкониятлардан қандай фойдаланилди» мавзусидаги тадбирда сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этмоқда.

Тадбир давомида Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган фавқулодда вазият юзасидан ҳам фикр билдирилди.

Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили Нуриддин Муродовнинг айтишича, ҳолат юзасидан мутасаддилар халқдан узр сўраши керак.

«Метрода содир бўлган воқеани назорат қилиш учун ташкил этилган комиссия таркибида депутатлар ҳам бўлиши керак. Воқеа-ҳодисани ўрганиш ўз йўлига, ундан олдин ҳолат юзасидан мутасаддилар халқдан узр сўрасин.

Икки, уч йил олдин қурилиш соҳаси мутлақо ёпиқ эди. У ерда нима бўляпти, нима ўзгаряпти билмаганмиз. Ҳали ҳануз «Қишлоқ қурилиш инвест», «Ўзшаҳар қурилиш инвест» муассасалари мутлақо коррупциялашган.

Халқимиз йирик қурилиш объектларини қуриб битказишни байрамларга тўғрилашга мутлақо норози. Бизнинг партия ҳам бу амалиётга қўшилмайди», - дейди у.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Нодиржон Мухторовнинг сўзларига кўра, иш шароитидаги хавфсизликка етарли эътибор қаратилмаяпти.

«Биз хориждаги ватандошларимизнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаймиз деб, ўзимизда ишлаётган ватандошларимиз иш шароитидаги хавфсизликка эътиборли бўлмаяпмиз.

Йирик қурилиш объектларини байрамларда очиш - бизнинг урф-одатимиз. Аммо очилишни объект тайёр бўлсагина амалга ошириш керак», - дейди у.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Адолат социал-демократик партияси вакили Фарҳод Эшонқуловнинг айтишича, ҳар бир касаба уюшмалари таркибида меҳнат муҳофазасини таъминлайдиган тизим бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь куни тахминан соат 10:00да Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, ишчиларни тупроқ босиб қолди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етган.

Мавзуга оид