Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ядровий фаолиятини «музлатиш» таклифи, Исроил билан мудофаа битимини тўхтатган Италия ва Путиннинг янги ваколатлари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Эрон музокараларни қайта бошлаши мумкин
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги урушни тугатиш бўйича музокаралар яқин икки кун ичида қайта тикланиши мумкинлигини маълум қилди.
Покистон, Эрон ва Форс кўрфази расмийлари ҳам музокара гуруҳлари шу ҳафта охирида Исломободга қайтиши мумкинлигини тасдиқлади. Эронлик юқори мартабали манбалардан бири аниқ сана ҳали белгиланмаганини билдирди.
Кейинроқ АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Трамп Эрон билан «катта битим» тузмоқчи эканини, бироқ икки давлат ўртасида ўзаро ишончсизлик даражаси жуда юқорилигини айтди. «Бу муаммони бир кечада ҳал қила олмайсиз», деди Вэнс.
Ядровий масалалар музокаралардаги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Таклифлар билан таниш бўлган манбаларга кўра, АҚШ Эроннинг барча ядровий фаолиятини 20 йилга тўхтатиб туришни таклиф қилган. Теҳрон эса 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатни илгари сурган.
Ҳафта охиридан бери яширин каналлар орқали олиб борилаётган мулоқотлар бу тафовутни камайтиришда силжишга эришган ва томонларни янги келишувга яқинлаштирмоқда.
Шунингдек, Эрон халқаро санкцияларнинг бекор қилинишини талаб қилмоқда, аммо АҚШ буни бир томонлама ваъда қила олмайди.
Ҳўрмузда эса икки томонлама блокада давом этмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги блокада ўрнатилган дастлабки 24 соат ичида бирорта ҳам кема Эрон портларидан ўта олмаганини, 6 та савдо кемаси эса ортга қайтганини маълум қилди. Блокадада АҚШнинг ўндан ортиқ ҳарбий кемалари иштирок этмоқда ва у фақат Эронга алоқадор кемаларга тааллуқлидир.
Агар Трампнинг стратегияси муваффақиятли бўлса, у АҚШ билан музокараларда Эроннинг энг катта устунлигини йўқ қилади ва бўғозни очиб беради. Бироқ блокада — бу амалдаги уруш ҳаракати ҳисобланади. У кўп сонли ҳарбий кемалар ва жуда катта маблағни узоқ муддатли жалб қилиш деганидир. Бундан ташқари, АҚШ блокадаси иш бера бошласа, Эрон ҳужумларни қайта бошлаши ҳам мумкин.
Путинга янги ваколатлар
Россия Давлат Думаси президент Владимир Путинга — россияликларга «тазйиқ ўтказилаётган» мамлакатларга қўшин киритиш ваколатини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Парламент қуйи палатасининг хабар беришича, қонун лойиҳасини 413 нафар депутат ёқлаб овоз берди, қаршилар ва бетарафлар бўлмади.
Киритилаётган ўзгартиришлар — президентга «Россия иштирок этмайдиган хорижий судлар ёки халқаро суд органларининг қарорлари бўйича ҳибсга олинган, ушлаб турилган ёки бошқа турдаги таъқибга учраётган Россия фуқароларини ҳимоя қилиш учун» қуролли кучлардан «экстерриториал фойдаланиш» ҳуқуқини беради.
Қонун лойиҳаси Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган бўлиб, у фақат Россия иштирок этмайдиган ҳамда ваколатлари Россия билан тузилган халқаро шартномага асосланмаган судларга нисбатан қўлланади.
«Коммерсант» нашри сўров ўтказган экспертлар гап — «соя флоти» кемаларини қўриқлашни «қонунийлаштириш» ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
Депутат Андрей Картаполов эса бу қонун — «ташқи йўналишда давом этаётган ашаддий русофобия кампаниясига қарши курашишга ёрдам беришини» айтган.
Исроил ва Ливан музокаралари
14 апрел куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроил ва Ливан ўртасида 1993 йилдан бери илк тўғридан тўғри музокараларга мезбонлик қилди. Ҳар икки томон муҳокамалар ижобий ўтганини билдирди, аммо тинчлик битими учун асос ҳозирча келишилмади.
«Барча томонлар ўзаро келишилган вақт ва жойда тўғридан тўғри музокараларни бошлашга рози бўлди», дейилади АҚШ Давлат департаменти хабарида.
Учрашувдан сўнг Исроилнинг АҚШдаги элчиси Ехиэл Лайтер — Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» кучлари томонидан бошқа «назорат қилинмаслигини» аниқ билдирганини айтди. У Исроил Ливанга ҳужумларини тўхтатиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бермади.
Ливан элчиси Нада Муавад эса дастлабки учрашувни «конструктив» деб таърифлади. У ўт очишни тўхтатиш, кўчирилган аҳолини ўз уйларига қайтариш ва ҳуманитар инқирозни юмшатиш чораларини кўришга чақирганини айтди.
Ливан 2024 йилдаги урушдан бери «Ҳизбуллоҳ»ни тинч йўл билан қуролсизлантиришга интилмоқда. Бироқ гуруҳни куч билан қуролсизлантиришга уриниш мамлакатда янги фуқаролар урушини келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Президент Жозеф Аун ва бош вазир Навоф Салом бошчилигидаги Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» эътирозларига қарамай, Исроил билан музокара ўтказишга қарор қилган. Бу эса гуруҳ ва унинг сиёсий рақиблари ўртасидаги кескинлик кучайганини кўрсатади.
Келгуси ҳафта Вашингтонда яна учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда.
Украина учун ёрдам пакетлари
Германия канцлери Фридрих Мерц Киев ва Берлин янги ёрдам пакетлари бўйича келишувга эришганини эълон қилди. Мерц бу ҳақда президент Володимир Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Мерцнинг таъкидлашича, келишув нафақат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, балки узоқ масофали қуроллар, дронлар ва ўқ-дориларни ҳам ўз ичига олади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Германия ва Украина турли даражадаги 10 та келишувни имзолаган.
Украина мудофаа вазири Михаил Федоров германиялик ҳамкасби билан ўтказган музокаралар жуда самарали бўлганини айтди. «Биз мудофаа соҳасида умумий қиймати 4 миллиард евролик келишув пакети имзоладик», деди у.
Хусусан, ушбу келишув — Patriot тизимлари учун ракеталар, узоқ масофали имкониятларни ривожлантириш учун 300 миллион евро инвестиция ҳамда сунъий интеллект билан ишлайдиган ўрта масофали дронларни биргаликда ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.
Аввалроқ Белгия ва Испания бу йил Украинага мудофаа учун 1 миллиард евродан ёрдам ажратиши хабар қилинганди. Шу билан бирга, Белгия Киевга F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ниятини тасдиқлаган.
Италия Исроил билан мудофаа битимини тўхтатди
Италия бош вазири Жоржиа Мелони унинг ҳукумати Исроил билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик битимини тўхтатганини маълум қилди.
Мелонининг ўнг қанот ҳукумати Исроилнинг Европадаги энг яқин дўстларидан бири бўлиб келган. Бироқ сўнгги ҳафталарда у Исроилнинг Ливандаги ҳужумларини танқид қилмоқда.
Исроил ўтган ҳафтада Ливанда БМТ мандати остида хизмат қилаётган Италия қўшинларига қарата огоҳлантирувчи ўқ узганди. Натижада Италиянинг битта ҳарбий техникаси шикастланди.
«Биз рози бўлмаган нарсалар юз берганда шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, ҳукумат Исроил билан мудофаа битимининг автоматик равишда узайтирилишини тўхтатишга қарор қилди», деди Мелони бунга изоҳ бериб.
Таҳлилчиларга кўра, Мелони ҳукумати электоратининг салмоқли қисми Трамп ва Нетаняҳуга, шунингдек, Эронга қарши урушнинг иқтисодий таъсирига кескин танқидий муносабатда бўлишидан қўрқмоқда.
Мелонининг бу баёноти Рим папасига қилган ҳужумлари учун бошқа иттифоқчиси — президент Доналд Трампни танқид қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорнинг оқибатларига катта аҳамият бермади ва бу «Исроил хавфсизлигига таъсир қилмаслигини» айтди.
Туркияда қуролли ҳужум
Туркия жануби-шарқидаги Сиверек шаҳрида қуролланган шахс лицейга ҳужум қилди. Натижада камида 16 киши яраланди. Шанлиурфа вилояти ҳокими Ҳасан Шилдакнинг маълум қилишича, ўн нафар ўқувчи ва тўрт нафар ўқитувчидан ташқари бир полициячи ва ошхона ишчиси ҳам жабрланган. Ярадорларнинг тўрт нафари ўртача оғир аҳволда қолмоқда.
Лицейдаги барча одамлар эвакуация қилинган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужумчи аввал мактаб ҳовлисидаги одамларга қарата тартибсиз равишда ўт очган. Сўнг ўқув биноси ичига кириб, ўқ узишни давом эттирган.
Ҳужумчи ушбу лицейнинг 2007 йилда туғилган собиқ ўқувчиси бўлган, унинг мотивлари ҳозирча номаълум. Полиция уни қўлга олишга уринганида у ўз жонига қасд қилган. Туркия Ички ишлар вазирлиги — ов милтиғи билан қуролланган жиноятчи операция давомида айнан шу қурол билан ўзини отиб ўлдирганини маълум қилди.
Мавзуга оид
14:36 / 16.04.2026
Туркиядаги мактабда қонли отишма, Европа аэропортларида коллапс ва Эронга келган Покистон армияси бошлиғи – кун дайжести
13:41 / 14.04.2026
Яна Трампни қўлламаган иттифоқчилар, Эстонияда ушланган рус жосуслари ва КХДРнинг ракета синовлари – кун дайжести
15:51 / 13.04.2026
АҚШ—Эрон музокаралари ва блокада, Венгрияда якунланган Орбан даври ва Маккага киришда чекловлар – кун дайжести
14:40 / 11.04.2026