Жаҳон | 14:21 / 07.12.2025
14504
10 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россия келиша олмади, Ғазода оммавий тўй — ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 7 декабр, якшанба. Эртага байрам, бундан 33 йил аввал Ўзбекистон конституцияси қабул қилинган. Аксар ўзбекистонликлар учун 8 декабр шунчаки дам олиш куни, агар бу кун душанбага тўғри келиб қолса, яна яхши — кетма-кет уч кун дам олиш куни. Мактабларда, олийгоҳларда номига тадбир ўтказилади, бўлди, шу билан конституция деган сўз кейинги йил 8 декабргача унутилади...

Жамият қонунга қандай муносабатда бўлса, худди шундай жавоб олади. Биламан, ҳозир кўпчилигингиз «Қонун ишлайдими ўзи?», деяпсиз. Ишлайди, амал қилса, доим ишлайди. Энди «Фалонча, пистончилар амал қилмаяпти-ку» деяпсиз, лекин биз фуқаролик жамияти қурмоқчи бўлсак, қонунга аввало ўзимиз амал қилишимиз керак.

Инсон жамиятни назорат қиладиган қонундан яхшироқ ҳеч нима ўйлаб топмаган. Дунёда минг хил одам бор, ҳамманинг дунёқараши, қадриятлари ҳар қанақа. Хилма-хил инсонлар бир жамиятда муаммосиз яшашини таъминлайдиган қадрият бу — қонун.

Қонун ҳақида доим ўйлаш керак: камерасиз светофорда қизилга ўтаётганда, «электросет»даги таниш орқали ўғринча линия тортиб ёқаётганда, ўзига тинч бўлатуриб таниши орқали ҳужжат қилиб камбағалларга бериладиган бола пулини олаётганда, асфалт учун ажратилган пулни «туя қилаётганда». Қачон охирги марта қилаётган ишим қонунга хилоф эмасмикин деб ўйлаб кўрдингиз? Ҳа, азизлар, жамият ўзгариши учун аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Байрам муборак, қонунларимиз чинакамига ишласин, ҳамма учун ишласин, ҳамма лавозимдагилар учун ишласин. Биз одатдагидек ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Қуръа: Ўзбекистон «ҳаёт гуруҳи»да

Жума куни тунда 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемоионати гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Футболга қизиқмайдиганлар учун қисқача маълумот: кейинги йил жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Бу гал илк марта мундиалда 32 та эмас, 48 та жамоа қатнашади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Вашингтонда ўтган маросимда ҳозиргача йўлланмани қўлга киритган жамоалар бўлажак рақибларини билиб олди.

Ўзбекистон «К» гуруҳидан ўрин олди. Бизнинг рақибларимиз Португалия ва Колумбия. Конго, Ямайка ёки Янги Каледония (ким саралашдан ўтса) давлатларидан бири гуруҳдаги тўртинчи жамоа бўлади. Ўзбекистон мусобақани Криштиану Роналду бошчилик Португалияга қарши ўйин билан бошлайди.

Янги форматга кўра, 12 та гуруҳдаги иккитадан жамоа плей-оффга чиқади. Шунингдек, учинчи ўриндагилар орасида энг яхши саккизтаси ҳам 1/16 финалга чиқади. Шундай экан, Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари ёмон эмас деб ўйлайман. Футболда «ўлим гуруҳи» деган тушунча бор. Бундай гуруҳларда иккитадан ортиқ тенг кучли жамоалар бўлади. Бу борада Ўзбекистон «ҳаёт гуруҳи»га тушди десак бўлади.

Қуръа ташлаш маросимининг бош ташкилотчиси ФИФА раҳбари лавозимига айнан қуръачиликдан етиб келган Жанни Инфантино бўлди. Швейцариялик функционер бунақа ишларни боплайди. Маросимга АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам таклиф қилинди. Инфантино Трампга ҳам қуръа тўпчасини очтирди. Трамп рамзий маънода мезбон АҚШ номи ёзилган шарчани очиб берди.

Инфантино Тинчлик бўйича Нобел мукофотини ололмаганидан хафа бўлиб юрган Трампга ФИФАнинг Тинчлик совринини топширди. Бу соврин айнан Трампга бериш учун Инфантино томонидан бир ой аввал ўйлаб топилган. Ўша гап, Инфантино бунақа ишларни боплайди.

Америка томони мусобақа юқори савияда ўтишига ваъда бермоқда, Инфантино мезбонларни хурсанд қилиш учун бу тарихдаги энг зўр мундиал бўлишини айтди. Лекин Америка Қатардаги мундиалдан ўтказиб нимадир қила олмаслигини Инфантино ҳам яхши билади. Қатар катта эҳтимол ташкилотчилик бўйича такрорлаш қийин бўлган мундиални ўтказиб бўлди. Энди фақат Саудия улардан ўтказиб нимадир қилиши мумкин.

Америка мундиали энг яхши бўлмаслигининг биринчи сабаби — мухлислар учун виза тизими. Бу давлат ҳаммага виза бермайди, кўпчилик мундиалга боролмайди. Мухлисларсиз футбол эса қизиқ эмас. Лекин бу мундиал Ўзбекистон учун энг яхшиси бўлиши аниқ. Чунки бу биз учун биринчи жаҳон чемпионати, ҳамма нарсанинг биринчиси зўр.

АҚШ ва Россия келиша олмади, ҳозирча

Ҳафта давомида АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер Москвада Россия президенти Путин билан учрашди. Америка делегацияси бу учрашувга катта эҳтимол Киев ва Вашингтон имзолашга рози бўлган «тинчлик келишуви» билан борган. Лекин Путин келишувни рад этган. Очиқчасига эмас, ўз услубида, мужмал жавоб билан.

Трамп Киев бу келишувни 27 ноябр — Шукроналик кунигача имзолашини талаб қилганди. Украинлар келишув устида Америка билан ишлаб, унга рози бўлди ҳам. Лекин кутилганидек Москва рози бўлмади. Шундан буён «Трамп тинчлик режаси» борасида музокаралар боши берк кўчага кириб қолгандек. Афтидан, бу режа ҳам Трампнинг бошқа режалари каби тарихга улоқтирилди.

АҚШ стратегияни ўзгартирди

Ҳафта давомида АҚШ ўз миллий хавфсизлик стратегиясини янгилади. Ҳужжатда Вашингтон иқтисод, қуролланиш, технологиялар, Ғарбий яримшар ва Яқин Шарқ сиёсатини белгилашда шубҳасиз етакчи экани қайд этилган. Шунингдек, Вашингтон Европа ва Россия муносабатларини ўзгартиришда иштирок этиши белгиланган. Энг асосий ўзгариш — АҚШ Европадаги иттифоқчиларига ҳарбий ёрдамни камайтиради. Вашингтон европаликлар ўз хавфсизлиги ҳақида ўзи бош қотириши керак деган хулосага келган. Шунингдек, Америка янги стратегиясида кучсиз томонни қўллаш сиёсатидан воз кечиши белгилаб қўйилган. Бир сўз билан айтганда, Трамп маъмурияти иттифоқчиларига аниқ қилиб «АҚШ сиз учун туриб бермайди, ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилинг», демоқда.

Собянин русларни кўча супуришга чақирди

Россияда меҳнат муҳожирларига муносабат қандай эканини биласиз. Уруш даврида бу муносабат айниқса агрессивлашди. Крокус терактидан кейин марказий осиёлик мигрантлар Россияда энг хушланмайдиган одамларга айланди. Эмишки, руслар гўёки малакаси паст ва тил билмайдиган мигрантлар томонидан зўравонлик жиноятлари кўпайганидан нолиётган экан. Москва мэри Собяниндан бу ҳақда муносабат сўрашди. Мигрантларсиз куни ўтмаслигини жуда яхши биладиган чиновник оригинал тарзда жавоб берди.

«Иштиёқингиз бўлса, олий маълумотли диплом ва докторлик диссертациянгиз билан Москва кўчаларини супуришга боринг. Бундай қилмайсиз, хўш, бу ишни ким қилиши керак? Биз москваликлар ўрнини эгаллайдиган олий маълумотли мигрантлар жалб қилайлик, москваликлар кўча тозалашга чиқсинми? Бунда мантиқ кўрмаяпман», деди Москва ҳокими.

Албатта, товариш Собянин мигрантлар фақат кўча тозалаш учун керак деган гапи одамга оғир ботади, лекин кимсан Москва мэри олий маълумотли россияликларни кўча тозалашга чорлагани оригинал қарор.

Путинга ноқулай савол беришди

Ҳафта давомида Россия президенти Путин икки ҳиндистонлик журналист аёлга интервю берди. Уруш олиб бораётган, дарвоқе, охирги вақтларда «СВО»ни борган сари кўпроқ уруш деб атаётган Владимир Путин икки сари кийган ҳинд аёлга интервю бериши қизиқ бўларкан.

Суҳбатда ҳеч қандай интрига йўқ, бу шунчаки Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида олинган оддий интервю, лекин ҳинд қизлар Путинга кутилмаганда ноқулай савол бериб қўйишди. Улардан бири «Россия Донбассда тинч аҳолининг, хусусан, рус тилида гаплашадиган, Кремлни қўллайдиган аҳолининг уйларини бузаётганидан ҳайратга тушганини» айтган. Путин бу саволдан ҳайрон қолиб, «Донбассдаги рус тилида гаплашадиган одамлар уйини Киев режими бузаётганини» айтди. Бу ҳинд қизнинг методичкадан хабари бўлмаган кўринади.

Ғазода оммавий тўй

Исроил кулини кўкка совурган Фаластиннинг Ғазо бўлгасида катта тўй бўлди: Хон-Юнусдаги вайроналар орасида 54 жуфтлик оила қурди. Аксар келин-куёвлар аза кайфиятида эди, ахир уларнинг кўпчилиги ота-онаси, яқинларини йўқотган. Табиийки бу ёшларнинг тўй қиладиган ҳоли йўқ. Ҳуманитар ташкилотлар тўйга бош-қош бўлди, келин-куёвларга бирламчи рўзғор буюмлари совға қилинди. Бу тўй ғазоликларнинг сабр-тоқати ва умидининг рамзига айланди.

Бу жуда катта воқеа, азизлар. Исроил ҲАМАСга қарши уруш даъвоси билан Фаластинда бутун бошли миллат қирғинига киришди. Ғазода омон бинонинг ўзи қолмади, миллионлаб одамлар вайроналар орасида, ҳеч қандай шароитсиз, совуқда жон сақлашга мажбур бўлди. Ва шунча азоб-уқубатга қарамай бугун ғазолик ёш йигитлар ғазолик қизларга уйланиб, оила қуряпти. Биз мағлуб эмасмиз, дейишяпти.

Бу ёшларнинг фарзандлари шубҳасиз уруш ҳақида ҳикояларни эшитиб катта бўлади. Уларга Яҳё, Муҳаммад, Аҳмад, Исмоил деб исмлар қўйишади. Ва тарих яна такрорланаверади, токи бир томон тарихий хатосини тан олмагунча. Ёсир Арофат жуда топиб гапирган: араб аёлининг бачадони ҳар қандай қуролдан кучли. Омон бўлинг, азизлар. Кейинги якшанбагача...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид