Ўзбекистон | 17:51 / 08.06.2020
55189
4 дақиқада ўқилади

Бу йил 6 ёшли болани мактабга бериш мумкинми, давлат боғчалари қачондан ишлайди? – Адлия вазирлиги изоҳи

Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева 8 июнь кунги брифингда карантинга доир сўралаётган бир нечта саволларга жавоб берди.

Фото: KUN.UZ

Фарзандим шу йилнинг 31 августида 6 ёшга тўлади, ўқишга жуда қизиқади. Ҳамма ҳарфларни танийди, оз-моз ёзади, санашни билади. Кўриниши ҳам тенгдошларидан ажралиб туради, ўзини ўзи тўлиқ эплайди. Шу ёшида мактабга берсам бўладими?

«Таълим тўғрисида»ги қонун ва «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади.

Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан мазкур умумий ўрта таълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқиш учун жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

Карантин чоралари амал қилиб турган вақтда, суд ажримига мувофиқ Мажбурий ижро бюроси томонидан жавобгарнинг уйидаги мол-мулклар хатланадими? Агар хатлаш чоралари амалга оширилмаса, қандай нормага мувофиқ суднинг ажрими ижро қилинмайди? Карантин даврида жавобгарнинг уйидаги мол-мулкни хатлашни амалга оширишни тақиқловчи норматив ҳужжат борми?

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт. Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, давлат ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳамда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ёш болам бор, ишга ҳам чақиришяпти. Боламга қарашга яқинларим йўқ. Боғчалар қачондан ишлайди?

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Бунда 15 июндан фақат хусусий боғчалар фаолиятига рухсат берилади. Давлат боғчалари фаолияти эса Мактабгача таълим вазирлиги жадвали асосида 15 июндан 1 июлга қадар босқичма-босқич санитария-гигиена хавфсизлигининг барча қоидалари ва меъёрларига мувофиқ йўлга қўйилади.

15 июндан умумий овқатланиш жойларига рухсат бериляпти экан. Менинг ҳам умумий овқатлантирадиган жойим бор. Мен нималарга амал қилишим керак?

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилди. Шу билан бирга, умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:

• банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;

• фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;

• столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;

• бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;

• ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;

•  ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид