Иқтисодиёт | 20:58 / 04.11.2022
74254
4 дақиқада ўқилади

“Барча харажатларимизни қисқартиришимиз керак” — Ишметов Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда эканини айтди

Глобал беқарорлик сабабли жаҳонда қарз олиш қимматлашиб, Ўзбекистоннинг молиявий буфери чекланиб қолди. Бюджет дефицити эса ортиб боряпти. Молия вазирининг тушунтиришича, ҳозирги вазият асосий эътиборни инфляцияга қаратиш, бюджет харажатларини қисқартириш ва хусусий маблағларни кўпроқ жалб қилишни тақозо этади. “Агар ислоҳотларни кечиктирсак, иқтисодий ўсишни сақлаб қолиб бўлмайди”, деди у.

Фото: Молия вазирлиги

Ўзбекистон иқтисодий форумида сўзга чиққан молия вазири Тимур Ишметов яқин йилларда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда қайси жиҳатга кўпроқ эътибор қаратилиши, давом этаётган глобал рецессиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида тўхталиб ўтди.

“Жорий йил бошида бизда иқтисодий ўсиш кузатилди. Инқироз бошланганида эса жуда ҳам яхши кутилмалар бера олмадик. 2020 йилдан 2021 йилгача давом этган пандемия даврида мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг энг тўғри йўли структуравий ислоҳотларни давом эттириш эканини англаб етдик.

Бундан 3-4 йил олдин қарз олишга кўпроқ эътибор қарата бошладик. Бизнинг қарзимиз катта эмас эди, шу билан бирга яхши имкониятлар мавжуд эди. Барча ҳамкорларимиз ва инвесторлар қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришди.

Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда ва янги қийинчиликлар билан юзлашяпмиз. Глобал рецессия фонида кредит жалб қилиш қимматлашиб, фоиз ставкалари ошмоқда. Яъни молиявий буферимиз чекланди”, деди Ишметов.

Молия вазирининг тушунтиришича, ҳозирги вазият бюджет харажатлаини қисқартиришни тақозо этяпти.

“Бу йил бюджет дефицити 4 фоиз атрофида бўлади. Кейинги йил учун дилемма қаршисида турибмиз. Тақчилликни 3 фоиз кўрсаткичда ушлаб қолиш осон бўлмайди – босим жуда катта. Ҳозир инфляцияни ушлаб туриш биз учун асосий масала бўлиши керак. Акс ҳолда инфратузилмани давлат бюджетидан молиялаштира олмай қоламиз. Барча харажатларимизни камайтиришимиз керак”, – деди у.

Тимур Ишметовга кўра, Ўзбекистон асосий эътиборини хусусий пул маблағларидан фойдаланишни кўзда тутувчи таркибий ислоҳотларга қаратиши лозим.

“Инвестиция оқимининг ўзгариши ва минтақавий инқироз туфайли ислоҳотларни амалга ошириш мураккаблашди, бу ижобий жараён эмас, албатта. Шундай шароитда ҳам, хусусий инвесторларнинг мамлакатга келиши ва жараёнларда қатнашиши учун ислоҳотларни амалга оширишдан тўхтамаслигимиз керак.

Жаҳон банки ва ОТБ таҳлилларига кўра, биз кўп ишларни амалга оширишимиз шарт. Хусусан, давлат сектори ва хусусий сектор учун тенг рақобат шароитларини яратишимиз, айрим тармоқларда нархларни либераллаштиришимиз керак. Жуда ҳам яхши бошланган хусусийлаштириш дастуримизни, худди шундай якунлашимиз лозим”, деди вазир.

Молия вазирлиги раҳбарининг қўшимча қилишича, ислоҳотларни ўтказиш тўхтатилса ёки кечиктирилса, иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг имконияти бўлмайди.

“Ислоҳотларни давом эттирсак, жорий йилда 5 фоиз ва ундан юқорироқ иқтисодий ўсишни сақлаб қоламиз. Аммо асосий эътиборни 2024-2025 йилларга қаратишимиз зарур. Ислоҳотларни давом эттирсаккина, иқтисодий ўсишни ҳам сақлаб қоламиз. Агар бу ишни кечиктирсак ёки орқага сурсак, кейинги иккинчи ёки учинчи йилдан иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг имконияти бўлмайди.

Балки, турли мамлакатлардаги ҳолат турлича бўлиши мумкин. Аммо биз иқтисодиётнинг хусусий маблағларга таянишини таъминлайдиган реформаларни давом эттиришимиз шарт. Бу эътибор қаратишимиз керак бўлган ягона йўл”, деди Тимур Ишметов.

Мавзуга оид