Ўзбекистон | 09:26 / 27.05.2026
1960
11 дақиқада ўқилади

Қурилишда экоталаблар, “Ичан қалъа”да электрокар тақиқи ва устамаси ошадиган солиқчилар: 1 июндан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Солиқчиларга тўланадиган устамалар оширилади

2026 йил 1 июндан солиқ хизмати ходимларига кўп йил ишлаганлик учун тўланадиган ҳар ойлик устама миқдори оширилади. Бу ҳақда 19 май куни имзоланган президент фармонида келтириб ўтилган.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб, устама миқдори қуйидагича бўлади:

  • иш стажи 1 йилдан 3 йилгача бўлганда, 30 фоиз;
  • иш стажи 3 йилдан 5 йилгача бўлганда, 60 фоиз;
  • иш стажи 5 йилдан 10 йилгача бўлганда, 80 фоиз;
  • иш стажи 10 йилдан 15 йилгача бўлганда, 100 фоиз;
  • иш стажи 15 йилдан 20 йилгача бўлганда, 120 фоиз;
  • иш стажи 20 йилдан ошганда, 150 фоиз.

Бундан ташқари, халқаро малака даражалари ёки сертификатларига эга барча даражадаги солиқ хизмати ходимларига ҳар ойлик иш ҳақига қўшимча равишда лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида устама тўланади.

1 июндан солиқларни тўлаш муддатини бузганлик учун пенялар, шу жумладан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар бўйича пенялар ҳамда солиқ қонунчилигини бузганлик учун қўлланган молиявий жазо чоралари суммаларининг Солиқ қўмитаси махсус жамғармасига йўналтириладиган қисми 40 фоиз деб белгиланмоқда.

Угом дарёси – давлат гидрологик табиат ёдгорлиги

2026 йил 4 май куни давлат раҳбарининг “Угом дарёсининг табиий гидрологик режими ва биологик хилма-хиллигини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга кўра, Тошкент вилоятидаги Угом дарёси давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинди.

2026 йил 1 июндан дарёнинг соҳил бўйи минтақалари ҳамда сувни муҳофаза қилиш зоналарида табиий гидрологик тизим ва экологик мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай қурилиш, ер ишлари ва сунъий иншоотларни барпо этиш қатъиян ман этилади.

Бунда:

  • дарё ҳавзаси ва унинг ирмоқлари доирасида гидротехник, гидромелиоратив ишлар, бино ва иншоотлар, гидроэнергетика, сувни тартибга солиш ва деривация иншоотларини қуриш тўлиқ тақиқланади (фаолият юритаётган гидроэнергетика объектларини реконструкция қилиш бундан мустасно);
  • дарёнинг давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида қурилиш ишлари учун ер участкалари ажратилишига йўл қўйилмайди.

Угом дарёсининг соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган объектларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ва экологик талабларга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Ҳукумат комиссияси таркиби тасдиқланди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

Қурувчиларга янги экологик мажбуриятлар юкланди

“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида қурилиш объектларида экологик талаблар кучайтирилмоқда. Бу президентнинг тегишли фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга асосан, 2026 йил 1 июндан бошлаб қурилиш объектларида (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно):

  • фон мониторинг станциялари билан жиҳозлаш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш;
  • онлайн назорат қилиш учун қурилиш майдони бўйлаб ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатиш ҳамда бу камераларни Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш.
  • ҳуқуқбузарлик содир этган қурилиш ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги рейтинг балларини камайтириш;
  • лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда мажбурий равишда экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш;
  • янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 метр квадратдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 30 фоизидан кам бўлишига йўл қўймаслик тартиби жорий этилади.

Фармонга асосан, бундан буён экологик ва қурилиш экспертиза хулосалари олинишида “шамол гули” коридорлари ҳаракатланишини инобатга олиш мажбурий ҳисобланади. Ҳудудларнинг бош режалари лойиҳаларида “шамол гули” коридорлари ҳаракатланишини инобатга олган ҳолда “шамол йўлаклари” тасдиқланади.

Ҳужжатга биноан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан дарё ва сойлар ўзанини тозалаш жараёнида ёки ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш натижасида бузилган сув фонди ерларини тиклаш (реабилитация, рекултивация ва кўкаламзорлаштириш ишлари) қонунбузарлик содир этган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Электр ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2026 йил 1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт соати 1 минг 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам электр энергиясининг 1 кВт соати 1 минг 100 сўмни ташкил этади.

III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди.

Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:

  • ойига 200 кВт соатгача — 325 сўм;
  • 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 450 сўм;
  • 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса:

  • ойига 200 кВт соатгача — 650 сўм;
  • 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 900 сўм;
  • 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 1 минг 100 сўм бўлади.

Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.

Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газ нархи 2 минг сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 минг 750 сўмни ташкил этади.

Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 минг 100 сўмдан ҳисобланади.

Шунингдек, янги тарифлар жорий этилиши муносабати билан эҳтиёжманд оилалар учун ажратиладиган компенсация миқдорлари ҳам оширилади.

Янги тартибга мувофиқ, электр энергияси учун базавий меъёрдан ошган 150 кВт·соатгача бериладиган компенсация 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга ҳамда табиий газ учун иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача компенсация 200 минг сўмдан 225 минг сўмга кўпайтирилади.

Бошқа мавсумларда базавий меъёрдан ошган 150 куб метрга компенсация 120 минг сўмдан 135 минг сўмга оширилади.

Ичан қалъа”да электрокарлар тақиқланади

Хоразмдаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида тарихий муҳитни сақлаган ҳолда фаолиятини такомиллаштириш, унда хавфсизлик ва рақамли назоратни ташкил этиш ҳамда чипта тизимини модернизация қилиш чоралари кўрилади. Бу 2026 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида келтириб ўтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан Туризм қўмитаси томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич туристлар ташриф буюрувчи зиёратгоҳлар ҳудудларининг функционал жиҳатдан ажратилган чегараларини белгилаш ва мумкин бўлган ҳолларда кўп қаватли биноларни жойлаштириш орқали уларнинг ҳудудларини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-код жорий этилади.

Қарор билан “2026-2027 йилларда Хоразм вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг тўртта асосий кириш-чиқиш дарвозалари орқали назорат-ўтказиш тизимини таъминлаш, шу жумладан, чипта назорати ҳамда жамоат тартибини сақлаш ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматининг сафдор ходимлари билан шартнома асосида ташкил қилинади. Шу муносабат билан музей-қўриқхонанинг штатлар жадвали қайта кўриб чиқилади ҳамда ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилади.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида тижорат мақсадида фойдаланиладиган электрокарлар (баггилар) ҳаракати тақиқланади.

Бошқа ўзгаришлар

2026 йил 1 июндан:

  • қизилмия ўсимлиги генофондини сақлаш ва уни кўпайтириш мақсадида табиий ареалларидаги захираси етарли бўлган ўрмон хўжаликлари ҳудудларида камида 2 гектардан оналик плантациялари ташкил этилади;
  • 2029 йил 1 январга қадар хорижий давлатлардан наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
  • автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки ЙҲХХнинг мобил иловаси ёхуд давлат хизматлари марказлари орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади;
  • руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий сифатида тайинланган шахсларнинг васийлик ёки ҳомийликдаги шахслар олдидаги мажбуриятларининг бажарилиши «Инсон» маркази томонидан мониторинг қилиб борилади;
  • жисмоний шахсларни маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади;
  • Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғиларидан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди;
  • Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган ёшларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади;
  • автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни чегара божхона постларида чиқиш йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситасига халқаро ташиш йўналиши бўйича бериш амалиёти йўлга қўйилади;
  • фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, Солиқ қўмитаси ахборот дастури орқали операторларга тақдим этиладиган маълумотга кўра солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, қарздорлик суммаси ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолатларда эса қарздорлик шаклланган кундан бошлаб ўн кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади;
  • давлат ташқи қарзи маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг шакллантирилишидан бошлаб якуний натижага эришилгунига қадар барча босқичлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилади;
  • тадбиркорлик субъектларига божхона божини 120 кунга қадар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
  • қурилиш чиқиндиларини такрорий фойдаланиш, қайта ишлаш ёки утилизация қилишга йўналтириш тартиби жорий этилади;
  • архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланадиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади. Бунда барча рақамлаштирилган ва келгусида рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари Архив ахборот тизимига киритилади ва тизимда сақланади.
Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид