Ўзбекистон | 15:20 / 22.02.2021
8168
3 дақиқада ўқилади

«Заковат» клубига аъзолик учун 13 мингдан ортиқ киши ариза берди

Кеча, 21 февраль куни «Заковат» интеллектуал клубига аъзолик учун онлайн аризалар қабул қилишнинг дастлабки босқичи якунланди.

Клуб вакиллари берган маълумотга кўра, 10 кун давомида жами 13 043 кишидан ариза келиб тушган.

Якка тартибда рўйхатдан ўтиш мақсадида жами 11 111 нафар талабгор ариза топширди. Шунингдек, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтди.

Ариза берганларнинг –

  • 6307 нафари (48,4%) – олий таълим муассасаси талабаси;
  • 4771 нафари (36,6%) – ишчи-хизматчи;
  • 791 нафари (6,1%) – вақтинча ишсиз;
  • 583 нафари (4,5%) – мактаб ўқувчиси;
  • 295 нафари (2,3%) – коллеж, академик лицей ёки техникум ўқувчиси;
  • 255 нафари (2%) – абитуриент;
  • 41 нафари (0,3%) – пенсионерлардир.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ариза пойтахтдан келиб тушган:

  • Тошкент шаҳри – 3761 нафар;
  • Тошкент вилояти – 1257 нафар;
  • Самарқанд – 1054 нафар;
  • Қашқадарё – 1026 нафар;
  • Фарғона – 1004 нафар;
  • Андижон – 791 нафар;
  • Бухоро – 672 нафар;
  • Жиззах – 657 нафар;
  • Наманган – 557 нафар;
  • Хоразм – 525 нафар;
  • Сурхондарё – 503 нафар;
  • Навоий – 491 нафар;
  • Сирдарё – 418 нафар;
  • Қорақалпоғистон– 327 нафар.

Кейинги босқичда якка тартибда рўйхатдан ўтган талабгорлар ўртасида интеллектуал кастинг ўтказилади. Бундан мақсад – энг аввало уларнинг билимларини синаш; иккинчидан, уларни 6 кишилик жамоаларга бирлаштиришдир.

Жамоа бўлиб ариза юборганлар ўртасида кастинг ўтказилмайди ва улар тўғридан тўғри брейн-ринг турнирида иштирок этишади.

Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудларда интеллектуал кастинг ўтказиладиган сана, жой ва тартиби тез орада эълон қилинади, дейилади расмий релизда.

Брейн-ринг форматидаги интеллектуал турнир 27–28 февраль кунлари бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш бепул.

Соврин жамғармаси 130 миллион сўмгача оширилган. 1-ўрин учун 100 млн, 2-ўрин учун 20 млн ва 3-ўрин учун 10 млн сўм мукофот кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 йиллик тарихга эга «Заковат» клуби 2020 йил сўнгида «Миллий» телеканали эфиридан олинган эди. Кейинчалик телеканал муассиси, Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов интеллектуал ўйин эфирдан олинганидан бехабар бўлганини билдирди ва дастурни фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева билан биргаликда оталиққа олишларини маълум қилди.

10 февраль куни «Заковат» интеллектуал клуби нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида Адлия вазирлигида рўйхатга олинди.

Мавзуга оид