Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яшаб турган уйини бериб, кўчада қолганлар ҳам бор: Тошкентда яна бир қурувчи мижозларини сарсон қилмоқда
Чилонзор кўчасида 5 та блокда уй тушиши керак бўлган ТЖМнинг фақат 1-блоки битиб, мижозларга топширилган. Қолганлари эса 2021 йилдан бери қуриб битказилмайди. Хонадон эгалари орасида 100 фоиз тўлов қилганлар, “снос”га тушиб тайёр уйидан чиқиб кетган ва ўрнига янгисини кутаётганлар ҳам бор. Мижозларнинг аксарияти ижарада яшаётганини айтишмоқда. Қурувчидан эса жавоб йўқ.
Kun.uz суриштируви марказида яна “новостройка” можароси. Бу сафарги муаммо Чилонзор тумани Чилонзор кўчаси, “Ўзбекфильм” биносига яқин ҳудудда жойлашган “Premier House” турар жой мажмуалари билан боғлиқ. Kun.uz'га мурожаат қилган мижозлар ваъда қилинган хонадонларнинг қуриб битказилишини кутиб яшашётганини айтишмоқда.
Одамлар лойиҳа эгаси “Future Growth” МЧЖ билан 2021 йилда инвестиция киритиш шарти билан шартнома тузишган. Фирма “Premier House” номи остида бир нечта уй-жой лойиҳаларини ишлаб чиққан. Юқорида айтилаётган уйлар бренднинг расмий сайтида “Chilonzor business city” Hi Tech Apartments номи билан қайд этилган.
“Шу пайтгача ҳеч қанақа иш қилинмади”
8-9 қаватли бўлиши белгиланган бу турар жойлар 5 блокка ажратилган. Шунинг 4-блокидан хонадон сотиб олган Низомиддин Йўлдошбоев 2022 йил ёз ойларида шартнома тузиб, 366 млн сўм билан банк орқали 100 фоиз тўловни амалга оширганини, лекин 2023 йил декабрида қуриб битказилиши керак бўлган жой ҳануз берилмаганини билдирди.
“Ўзингиз тушунасиз, бу тўрт йил ичида бу пулнинг ҳам кучи йўқолиб бўлди. Ҳозир мен олган нархга бунақа уйни ололмасам керак. Тўрт йил ичида қилган иши чўзиб-чўзиб, фақат ўша котлован қазилган, бетон қуйилган. Ҳозир энди анави арматура симларини озгина-озгина бир йилдан бери булар майнавозчилик қилиб, уч-тўртта одамни ишлатиб, худди прокуратурами, кимдир келса, “Биз ишлаяпмиз-ку, одамларни ишлатяпмиз-ку”, дегандай, бизнинг устимиздан, очиғини айтсам, масхара қилиб келяпти-да”, – дейди у.
“2021 йил март ойида 623 миллион тўлов қилиб, 103 квадратли хонадон харид қилганман. 100% тўлаганман. Мен олган йилимда 2022 йилнинг охирида битириб берамиз, дейишган. Чунки ўша сотув бошланганда биринчилардан бўлиб ўзим олганман. Чунки ёнимизда биринчи дом қурилган бўлган, иккинчисининг котловани тахланиб, яъни қурилишга мана-мана тушади, деб ишлар бошланган бўлган. Ўша гапга ишонганмиз. Ўзи 2022 йил келганда қарасам, иш бўлмаяпти. Сўраганман, нима бўляпти бу ерда? Улардан тўғриси тайинли жавоб йўқ, мана қурамиз, ана қурамиз, деб. 23 келганда, аниқ бўлдики, булар ҳаракат қилиш нияти йўқ, яъни тўғри тушунтириш ҳам бермаяпти”, – дейди мижозлардан бири Элшод Абдуллаев.
“2023 йил июн ойида шартнома тузганмиз. Бошида 50 фоизини тўлаш, кейин ойма-ой тўлаб бориш. 2026 йил 1 июн ойига учинчи ҳи-теч топширилиши керак. Лекин савол туғиляпти, қачон иш бошлашади? У ердаги аҳоли ҳали яшаяпти, уйлар бузилмаган. Стоматология ҳам ишлаяпти. Бориб аҳолиси билан гаплашсак, улар: “Биз билан ҳеч қанақа шартнома қилмаган”, деб айтишяпти. Лекин биз тўлаб қўйганмиз пулни ойма-ой. 99,9% тўланган.
Биз ҳар ой, ўша тўлов қилган пайтларимизда келардик, хабар олардик. Сотув бўлимидаги аёл: “Қурамиз, қурамиз. Стоматология бузишга рухсат бермаяпти, шулар билан келиша олмаяпти. Биз ер сотиб олганмиз. Яқин кунда улар билан келишамиз”, дейишди. Лекин шу пайтгача ҳеч қанақа иш қилинмади. Биз кейин шубҳаланишга тушдик, анча-мунча пул тўлаб қўйгандан кейин.
Менинг тўртта ўғлим бор. Шу ўғилларимга жой бўлсин дедим-да. Кичкина ҳовлида ҳаммаси билан бирга туролмаймиз-ку, қачонгача? Уйлантирадиган, ўша шартнома қилинаётган пайтда битта ўғлимга совчиликка юрган эдим. “Ҳа, майли, муддати 2026 бўлса, битта-иккита болали бўлгунча уй қуриларкан-да”, деган мақсадда биз ҳам тўлов қилгандик”, – дейди шахси сир қолишини истаган аёл.
Кечикиш сабаби номаълум
5 та hi tech уйининг қурилиш муддати турлича. Маълумотларга кўра, 1-блок 2021 йил сентябрида, иккинчиси 2022 йил сентябрида, учинчиси 2026 йил июни, тўртинчиси 2023 йил декабрида фойдаланишга топшириши керак бўлган. Шундан ҳозирча 1-блок эгаларига берилган. Қолганининг тақдири эса номаълум. Мижозлар бу бўйича кўп маротаба қурувчига шикоят билан чиқишган. Аммо фирма мансабдорлари кечикишга аниқ сабаб келтирмагани айтиляпти.
“Бу ерда бизнинг ҳам озгина айбимиз бор, қайси маънода? Бошидаги биринчи йил, иккинчи йил буларга ишониб юрдик. “Ҳозир дарахтларни кеса олмаймиз, ҳалиги рухсат олишимиз керак”, яна бошқа нарсаларни кўрсатишди. “Ҳозир мана бошланади”, деб ваъда қилишди-да, чўзишди. Кейин охирги мана бир-икки йилдан бери, неча марта инвесторлар билан, сносга тушган фуқаролар билан учрашилганда, “Бизнинг ҳозир озгина молиявий қийинчилигимиз бўляпти. Бизда кўп бунга-бунга харажатлар бўлган. Ҳозир биз шуни тезкор тарзда [ечишимиз керак]… Бизнинг мана заводимиз бор, тегирмонимиз бор”, дейди. “Шу сотилиши керак”, яъни бир неча миллион долларга сотилиши керак. Шуни бизга икки йилдан бери ваъда беряпти. “Ҳозир мана, эртасига нотариусга борамиз, расмийлаштирамиз”. Шунча одамлар қийналиб, буларнинг гапига ишониб юрибди-да”, – дейди Йўлдошбоев.
Яна бир мижоз Элшод Абдуллаевнинг айтишича, ўз муддатида топширилмаган уй эгаларини тинчлантириш мақсадида улар билан қўшимча шартномалар имзоланиб, компенсация ўрнида парковкадан чегирма қилиб берилиши ваъда қилинган. Аммо янги шартномада қурилиш қачон тугаши белгиланмаган.
“Қўшимча шартномани 2023 йил охирида шекилли. Чунки парковка олиш ниятим ҳам бор эди, парковканинг сотуви очилишини кутиб юрган эдим. Бу ерда қурилиш бўлмаяпти, демак компенсация бериши керак. Компенсацияси мен қилган шартномада 20% кўрсатилган. Ўша суммадан, буни ҳисоблаб, менга шартнома қилиб беринглар, дедим. Энди шартнома қилаётганда, тўғриси, бизнинг томонимизга минусга ўйлайдиган қилиб беришган. Мен ўзим барибир ўша санани ёздирганман, яъни ҳуқуқий томонимни ҳимоя қилиш учун. Яъни менга муддат кўрсатинглар, қайси муддатгача сизлар қуриб берасизлар ва қайси муддатгача мен сизларга алоқага чиқишим керак деб. Ҳужжатда барибир ёзилган, қонун тарафдан қарайдиган бўлсак, улардан мен сўрамаслигим керак. Яъни “Биз сизга муддат берганмиз, ўша муддатгача сиз сўрашингиз мумкин эмас, кейин сўрасангиз бўлади, биз сизга жавоб берамиз”, дейишган.
Энди бошқа қўшнилардан сўрасак, агар қўшимча шартнома қилишган бўлса, уларникида ёзилмаган. Яъни бу нимани англатади? Булар охиригача энди 10 йил ёки 20 йил қуриши мумкин. Шунақа шартнома бўляпти. Бошида, масалан, қайси уйнинг қурилишига қараб ҳар хил шартнома чиққан. Яъни 2022 йил деб меникига ёзилган. Қўшимча шартнома қилишаётганда “Сизнинг уйингизни обод қилиб берамиз ёки бошқа қайсидир томондан ёрдам берамиз”, деб улардан қўшимча шартнома олишган. Яъни кечикишни сабаб қилиб кўрсатиб, кечикяпмиз, қуришга улгурмаяпмиз, деб”, – дейди Абдуллаев.
Тайёр уйидан чиқиб, уйсиз қолганлар ҳам бор
Эътиборлиси, жабрланувчилар қаторида ўз уйидан айрилиб, ижарада яшашга мажбур бўлаётганлар ҳам бор. Гап шундаки, 2021 йилда лойиҳа реализация қилинаётганда янги уйлар тушиши керак бўлган жойда 2 қаватли эски бинолар бўлган. Қурувчи уй эгаларига бино “снос”га тушганлик важи ва “новостройка”дан хонадон бериш ваъдаси билан улардан жойни бўшатишни сўраган.
“Эшигимизни тақиллатиб келди. Отини эсдан чиқариб қўйдим. Биринчи [ишни] бу ерда бошлагандан кейин, кетма-кет уйларни бузиб ташлашни бошлади. Шунда бизникига ҳам эшикни тақиллатиб келди. Тақиллатиб келди-да, шу билан: “Ака, уйлар бузилади”, деди. Мен айтдим: “Нега бузасан?” десам, “Бу ерда чиройли қилиб, кўп қаватли, чиройли қилиб уй қурамиз, сизга уй берамиз”, деди. Мен айтдим: “Қандай бўлади, уй берасан?” дедим. “Менинг мана бу ерда омборхонам бор, ҳовлим бор, огородим бор. Нима берасан?” десам, “Сизга квартплата бермайман”, деди. “Кейин, қора сувоқда бераман”, деди. “Кейин, баланд қаватдан бераман, пастдан бера олмайман”, деди. Ҳаммасига кўндим. Ҳаммасига розиман, дедим. “Бу ердан ҳеч нарса олиб чиқиб кетмайсиз, қурилиш материалларингиз шундай қолади”. “Хўп”, дедим. “Анави омборхонангиз ҳам қолади”, деди. “Ичидаги нарсаларни оласиз, усталарига тегмайсиз”, деди. “Хўп”, дедим. Шундай ташлаб чиқиб кетдим. Ўрнига иккита уч хонали бераман, деди, 96 квадратдан. “Хўп”, деб чиқиб кетдим, ҳеч нарсасиз.
2021 йил эди, шунда чиқиб кетдим. Ўшандан бери кўчадаман-да. Қизим мен билан эди. Мана ҳозир қизимнинг қизи 16 га тўлди, паспорт олиши керак. Турадиган жойи йўқ, пропискаси йўқ. Қизимнинг учта боласи бор, эр-хотин улар ҳам пропискасиз юришибди. Қаерда юрибди, ким юрибди – ҳеч кимнинг иши йўқ. Шу пайтгача энди жудаям қийналиб қолдим. Ўша ота ҳовлимда яшаяпман. Энди ҳозир на квартплата бор, на уй бор, на бир салом-алик бор. Ҳеч нима йўқ. Одам шунчалик бўладими? Мен ҳайрон бўлиб қолдим, қайси замонда яшаётганимни тушунолмай қолдим. Эшитган эдим шу ёшгача кириб “аферизм” деган нарсани. Машина бозорда 30 та одамни алдаб кетди, машина сотаман деб. 250 та одамни алдаб кетишнинг ўзи бўлмайди-ку бу? Қанақа одам бу ўзи? Мен тушунолмаяпман”, – дейди шахси сир қолишини истаган отахон.
“Булар ҳеч қанақа жавобгарликни ҳис қилмаяпти”
МИБ расмий сайтидан олинган маълумотларга кўра, “Future Growth” МЧЖ номида салкам 81,3 млрд сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланган. Шу сабаб мижозлар фирма раҳбарларини фирибгарликда гумон қилишаётганини яширишмади.
“Бизнинг пулимизни қаергадир бошқа ерга мақсадсиз тарзда ишлатиб юборишган-да. Тушуняпсизми? Бу, масалан, мен юрист бўлмасам ҳам аминманки, бу 100% фирибгарлик, ўғрилик. Тўрт-беш йил олдин одамлар уйига тўлаган пул, уй ҳали ҳам битмаган. Булар ҳеч қанақа жавобгарликни ҳис қилмаяпти.
Охирги икки йилдан бери актив жуда ҳам кўп ташкилотларга ёздик. Охирги мана ёзганимиз бу Президент администрацияси, Сенат, Коррупцияга қарши кураш агентлиги бўлди. Нимага ёздик? Чунки буларнинг қилаётган фаолиятида турган-битгани коррупция билан боғлиқ. Одамларнинг пулини олиб қаерга бўлса, сўриб юборишган. Биз шунга ҳам мажбур бўлдик, мен ҳозир жуда ҳам битта муҳим нарсани гапираман. Биз Давлат хавфсизлик хизматига ҳам ёздик. Чунки булар ўзининг ҳаракати, ҳаракатсизлиги билан биз оддий фуқароларни, шуларга ишониб тўлаган пулимизни суиистеъмол, талон-торож қилиб, фуқароларнинг норозилигига олиб келяпти.
Бу шунча фуқарони, 300-400 та фуқарони норозилигига олиб келган фирма… нима деган гап? Шунча фуқаро орасида менга ўхшаган пенсионерлар, мендан ҳам қари одамлар бор, бировлар неварасига деб олган. Лекин сизга айтдим, у ерда эски икки қаватли уйларни уй эгалари билан келишиб, шартнома қилишган-да. Уларни бузиб, ўрнига уй қуриб, “Сизларга ўша ердан хонадон берамиз”, деб. Бу бечора одамлар икки, ундан ортиқ баъзилари ижарага хонадонларда туришибди. Шуларга ваъда қилган, ҳар ой ижараларнинг пулини бериб турамиз, деб. Лекин бир хилларда икки-уч ойлаб улар ўша пулини ололмаяпти.
Агар бизнинг ўрнимизда бу ноинсоф қурувчи компания бирор бир боғчами, мактабми, интернатми, шифохонанинг бир қурилишини, таъмирлаш ишини қиламан деб давлатдан пулни, бюджетдан олиб, икки-уч йил жавобгарликсиз, ҳисоботсиз, алдаб, пулларни талон-торож қилиб, сарф қилиб юборганда, шу компания ҳали ҳам бемалол юрармиди? Асосчиси ҳам, фирмасининг директори ҳам? Аллақачон буларнинг қонун доирасида жазосини беришган бўлар эди. Нима учун биз, оддий фуқаролар, биз, нима, кўча, давлат бедарвоза эмас-ку? Давлат бедарвоза эмас. Нима учун биз оддий фуқаролар азоб чекишимиз керак?” – дейди Йўлдошбоев.
Kun.uz нима сабаб муддат чўзилаётгани ва уйлар қачон топширилиши каби саволларига жавоб олиш учун “Future Growth” МЧЖ бош директори Абдусамад Ҳидоятовга қўнғироқ қилди, аммо аммо ҳеч бир мансабдор билан боғланиб бўлмади. “Premier House”нинг сотув бўлимида эса ходимлар йўқ, эшиги қулфлигича қолган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой хариди билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, қурилишда молиявий интизомни кучайтириши ва мижозлар учун хавфсиз муҳит яратиши мақсадида эскроу тизими жорий этилиши керак эди. Президентнинг тегишли фармонига кўра, шу вақтдан барча қурувчилар улуш киритиш асосидаги лойиҳаларини эскроу тизими орқали амалга ошириши мажбурий бўлганди.
Аммо Kun.uz манбаларининг хабар беришича, бу борадаги тартибни белгиловчи қонун лойиҳаси ҳамон ишлаб чиқилмаган. Ҳужжат тайёр бўлиб, қабул қилингач янги тизим ишга тушади. Унгача эса юқоридаги ҳолатлар учрашда давом этиши мумкин.
Мавзуга оид
09:23 / 26.03.2026
2025 йилда энг кўп хонадон Наманганда фойдаланишга топширилди
12:18 / 17.03.2026
Ўзбекистон кўчмас мулк бозори: нархлар қандай ўзгаряпти?
10:29 / 05.03.2026
Уй-жой қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиблари тезлаштирилади
08:40 / 05.03.2026