Вазир: Туркия ЕИ билан визасиз тартибга ўтиш шартларини тўлиқ бажарди
Туркия республикасининг ЕИ ишлари бўйича вазири Вулқон Бўзқир, расмий Анқара ЕИ билан визасиз тартибни жорий қилиниши учун талаб этилган 72та шартни бажаргани ҳақида баёнот берди.
Европа комиссияси Европарламент ва ЕИ Кенгашига Туркия фуқаролари учун виза чекловларни бекор қилиш тавсиясини берган эди. Бунинг учун расмий Анқара июнь ойи охиригача 72 шартдан қолган 5тасини бажариши талаб этилар эди.
11 май куни, Европарламент раиси Мартин Шульцнинг расмий вакили, ЕП Туркия фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилиш бўйича масалани Анқара олдига қўйилган барча 72та шарт тўлиқ бажарилгач, муҳокама этишини билдирган эди.
"Туркия визаларни бекор қилиш учун барча шартларни бажарди, чунки Еврокомиссия ҳисоботида Туркия аксилтеррор қонунчилигини ўзгартириш мажбурий шарт сифатида қайд этилмаган. Ушбу ҳисобот эълон қилингач, Еврокомиссия вице-раиси Франц Тиммерманс Туркия бешта шартни бажармаганини иддао этган эди. Айни шу нарса тушунмовчиликларга олиб келди. Агар визалар бекор қилинмаган тақдирда ҳам терроризмга қарши қонунни ўзгартирмаймиз", — деб баёнот берган Бўзқир Страсбургда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия Европарламентга топширган ҳисоботига турк аксилтеррор қонунчилигини ўзгартириш шарти қандай қўшилганини изоҳламаган. ЕИдаги "Туркия душманлари" эса пайтдан фойдаланиб қолган.
"Биз визасиз тартибга ўтиш бўйича барча имкониятлардан фойдаланамиз, аммо фақатгина Туркия сайъи-ҳаракатлари билан иш битмайди", — деб қўшимча қилган Туркия вазири.