Жаҳон | 10:12 / 23.06.2016
7956
2 дақиқада ўқилади

АҚШда кимёвий хавфсизлик бўйича қонун қабул қилинди

АҚШ президенти Барак Обама АҚШнинг кимёвий хавфсизлик бўйича янги федерал қонунини имзолади. Бу қонун зарарли кимёвий моддалар, мисол учун, формальдегид ва асбестни ишлатиш учун хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва умуман маиший кимёга ёндашувни қатъийлаштиради.

Обама қонуннинг қабул қилинишини қаршилаб, кимёвий саноат вакиллари ва экологларнинг биргаликдаги ишига таҳсин айтди ва АҚШнинг етакчи партияларининг қонун чиқарувчилари ишини ҳам таъкидлаб ўтди. "Бу бугунги қутблашган муҳитда Вашингтонда нимадир бўлса ҳам ишлашини исботлайди", деб айтди Обама. 

Янги қонун моҳиятига кўра, 40 йил ичида биринчи марта ҳанузгача тартибга солинмаган тармоқда тартиб ўрнатишга ҳаракатдир. Маълум қилинишича, айни вақтда америкаликлар кундалик ҳаётда дуч келадиган 2 фоизгина кимёвий моддалар соғлиққа хавф етказмаслигига текширилган.  

Обама бундай ҳолат номақбул эканлигини билвосита тан олди."Одамларда биз кир ювиш кукунидан заҳарланиб қолмаслигимиз ёки бизнинг фарзандларимиз ухлаётган матраслар уларга зиён етказмаслигига ишонч бўлиши керак", деб айтди Обама.

Янги қонунга унинг қабул қилиниши учун 15 йил курашиб келган, марҳум сенатор Фрэнк Лаутенберг номи берилди. "Фрэнк буни фарзандлари ва набиралари учун қила оладиган энг яхши иши деб ҳисобларди. У кўп нарса, жумладан, мисол учун, чекишга қарши кураш қонуни устида ишлади", деб айтди қонун ҳаммуаллифи ва марҳум сенаторнинг ҳамкасби сенатор Том Юдалл. 

"Кўпчилик америкаликлар оддий дўконда сотиб олаётган қандайдир маҳсулот тегишли ташкилотлар уни текшириб, хавфсизлигига ишонч ҳосил қилган, деган ақидадан келиб чиқадилар. Аслида эса ундай эмас. Биз таъсирлашадиган кўп кимёвий моддалар заҳарлидир", деб айтди Юдалл.

Мавзуга оид