Жаҳон | 11:52 / 05.08.2016
7383
2 дақиқада ўқилади

Турк депутати: Анқара Гулен иши бўйича 85 қути ҳужжатни АҚШга топширди

Фото: EPA

Туркия ҳукумати мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг 15 июль кунги давлат тўнтаришига алоқадорлигини тасдиқловчи 85 қутига жойланган ҳужжатлар тўпламини АҚШга топширган. Бу ҳақда, 4-август куни Нью Йоркда, Туркия парламентининг Миллий ҳаракат партиясидан аъзоси Камил Айдин маълум қилган. 

У, АҚШга Американинг турли маъмуриятлари билан музокаралар ўтказиш мақсадида келган Туркия парламент делегацияси таркибида ташриф буюрган. Улар, Гуленнинг тезроқ топширилишига эришиш ниятида. Айдин Туркиянинг БМТдаги доимий ваколатхонасида қилган чиқишида айтишича, Америка ва турк томони Гуленнинг экстрадицияси масаласи юзасидан алоқаларни давом эттиради. 

Ўз навбатида, Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси депутати, парламентнинг ташқи сиёсат қўмитаси раиси Таха Озханнинг таъкидлашича, АҚШнинг расмий шахслари билан учрашув якунлари, "воқеаларнинг ижобий ривожланишига" умид уйғотади. 

"Биз, Адлия, Миллий хавфсизлик, Давлат департаментлари ва Пентагонда бўлдик – уларнинг барчаси ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдиришди. Улар юзага келган вазиятдан яхши хабардор", - деган сиёсатчи. 

Таха Озхан шунингдек, мабодо Америка томони Гуленни топширмайдиган бўлса ҳам, АҚШнинг Инжирлик ҳарбий базасидан фойдаланишига барҳам берилмаслигини таъкидлаган. Унинг айтишича, бу мавзудаги барча фикрлар ОАВнинг "асоссиз хабарлари бўлиб", Туркиянинг НАТО таркибидан чиқиши тўғрисидаги ахборотлар ҳам муҳокама қилишга арзимайдиган бўҳтондир. 

"Туркия ҳеч қачон бундай арзон тактик амалиётларга қўл урмаган", - деган депутат Туркиянинг БМТдаги ваколатхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Унинг сўзларига кўра, Анқара бу каби кескин чоралар кўриши учун "кўплаб жиддий ҳодисалар" рўй бериши керак.

Мавзуга оид