Жамият | 19:11 / 09.08.2016
10359
4 дақиқада ўқилади

Андижонда маҳалла комиссиялари раислари ўз билимларини оширмоқда

Айни пайтда, аҳолига энг яқин бўлган анъанавий демократик бошқарув тизими сифатида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқ ва ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилиб, жамият бошқаруви тизимидаги ўрни ва роли кучайиб бормоқда. Илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатида бўлган 30 дан зиёд вазифалар бугун фуқаролар йиғинлари томонидан муваффақиятли адо этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида мамлакатимизда ўтган муҳим жараён - фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови Андижон вилоятида ҳам демократик тамойиллар асосида тенглик ва ошкоралик руҳида, юқори савияда ўтди. Сайлов жараёнларида фуқаролар йиғинларига 968 нафар раис ва 10192 нафар раис маслаҳатчилари сайланди. Янги сайланган раисларнинг 61,8 фоизи, маслаҳатчиларнинг 42,2 фоизи ушбу вазифага биринчи марта сайланди. Сайланган раисларнинг 45 нафари, маслаҳатчиларнинг 227 нафари халқ депутатлари шаҳар, туманлар Кенгашлари депутатларидир.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка кўра сайловда сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг маслаҳатчилари маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган асосий фаолият йўналишлари бўйича 8 та жамоатчилик комиссияларининг 6 тасига раҳбарликни амалга оширади. Чунончи, сайлов натижалари бўйича бугунги кунда республикамизнинг барча фуқаролар йиғинларида шакллантирилган Маърифат ва маънавият, Хотин-қизлар билан ишлаш, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш, Экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияларга раҳбар сифатида раис маслаҳатчилари сайланганлар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгашининг 2016 йил 9 июлдаги йиғилиши қарорига асосан июль – август ойларида фуқаролар йиғинларидаги юқорида қайд этилган 6 та жамоатчилик комиссиялари раисларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида барча туман ва шаҳарларда «Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойиллари» мавзусида ўқув семинарлари ўтказилмоқда.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлинмаси, «Маҳалла» жамоат фонди, Республика Маънавият тарғиботи маркази вилоят бўлимлари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ЁИҲ вилоят бўлими, вилоят Адлия, Халқ таълими бошқармалари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ўтказилаётган ушбу ўқув семинарларида вилоятимиз бўйича фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги 5200 нафарга яқин комиссиялар раисларининг қатнашиши режалаштирилган.

Тадбирларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда интерактив мулоқотлар тарзида ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

“Маҳалламизда ўтказилган сайловда маҳалладошларим мени ҳам раис маслаҳатчиси этиб сайлашган эди,-дейди Балиқчи туманидаги “Қияли” МФЙ вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссияси раиси Аҳрорбек Раҳмонов.- Ўқув-семинарлар давомида комиссия ишларини ташкил этиш бўйича кўплаб услубий маслаҳатлар олдим. Яқинда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган футбол мусобақаларида маҳалламиз ёшлари алоҳида жамоа бўлиб қатнашдик ва ғолибликни қўлга киритдик. Олган билимларим маҳалламиз ёшлари орсида шу каби ишларни мукаммал ташкил этишда жуда қўл келади”.

Бундан ташқари, комиссиялар ишини самарали ташкил этиш мақсадида иш режаларни ишлаб чиқиш тартиб-таомиллари ҳамда уларнинг ижроси бўйича ҳар чоракда фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши)га ҳисобот тақдим этиш зарурлигининг моҳияти ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда.

Қизғин савол-жавоблар асосида ўтказилаётган ўқув семинарларида комиссиялар раислари ўзларининг соҳага оид қизиқтирган кўплаб саволларига атрофлича жавоб олмоқдалар.

Фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ишини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойилларига бағишланган семинарлар жойларда давом этмоқда.

Усмонжон Аҳмедов,

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

Суратлар муаллифи: Элмурод Эрматов

Мавзуга оид