Жаҳон | 20:55 / 20.08.2016
8610
2 дақиқада ўқилади

Туркия бош вазири: Туркия курдлар билан тинчлик бўйича музокаралар олиб бормайди

Фото: © AFP

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим курд исёнчилари билан тинчлик ҳақида музокаралар ўтказилиши имкониятини истисно қилди, деб хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги. 

"Ҳеч қандай тинчлик жараёни бўлмайди. Биз террорчилик ташкилоти билан суҳбатлашмаймиз", деб айтди Йилдирим Туркиянинг шарқида 18 августда юз берган бир неча портлашлардан кейин. 

18 августда Элязиг ва Ван шаҳарларидаги полиция бўлимлари ёнида портлашлар юз берган. Элязигда 5 киши, Ванда эса 3 киши ҳалок бўлган. Иккала терактда жароҳатланганлар сони 290 кишидан ошиб кетган. Ўша куни яна бир портлаш Хизан шаҳри яқинида содир этилган. Бу ерда ҳарбий автоколонна ўтиб кетаётганда бомба портлатилган. Беш ҳарбий ҳалок бўлган, 4 нафари яраланган.

Элязигдаги портлаш учун жавобгарликни Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) ўз зиммасига олган. Ҳукуматнинг фикрича, қолган портлашлар ҳам ортида мухолиф Фатҳулла Гулен ташкилоти турган КИП томонидан амалга оширилган.

Туркия ҳукумати ва КИП ўртасидаги ярашув жараёни 2015 йилда барбод бўлган. 2015 йил июлда қайта бошланган қуролли ихтилоф оқибатида шу кунгача 600 дан кўпроқ турк ҳарбийси ва полициячиси ҳалок бўлган. Туркия бош штабининг маълум қилишича, шу давр ичида 5 мингга яқин курд жангчиси йўқ қилинган.   

 

Мавзуга оид