Жаҳон | 21:33 / 22.08.2016
10952
2 дақиқада ўқилади

Тибет ҳукумати ўзини Будда деб атаган фирибгарни фош қилди

Тибет ҳукумати ўзини Будда деб атаб, барча истовчиларга 300 минг юанга (45 минг долларга) реинкарнация (руҳнинг бошқа танага ўтиши) курсини таклиф қилган фирибгар эркакни фош қилди. Бу ҳақда The South China Morning Post нашри хабар берди. 

Фирибгар ўзини руҳи еттинчи марта бошқа танага ўтган тибетлик тулку (Будданинг учта танасидан бири) Кьябже Линга Ринпоче деб таништирган. Тибет буддачилари маълумотларига кўра, асл Линг Ринпоче 1985 йилда туғилган ва ҳозир Далай-лама билан яшайди.

Қаллоб актёр Ван Сяоминга ўхшаш бўлгани учун интернет фойдаланувчилар орасида жуда машҳурлашиб кетган. Фойдаланувчилар уни "2008 йилдан бери яшаётган энг чиройли Будда" деб атай бошлашган. Унинг Weibo ижтимоий тармоғида 80 мингта обуначиси ва буддавий мусиқадан иборат иккита альбоми бўлган.

Бироқ 21 августда Хитой Буддавийлик уюшмаси ҳозирда Хитойда яшаётган барча Буддаларнинг рўйхатини келтирган. Эркакнинг номи у ерда бўлмаган ва шу тариқа унинг фирибгарлиги фош бўлган.

 

Мавзуга оид