Ўзбекистон | 09:59 / 04.09.2016
15515
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистон И.Каримовнинг бошлаган ишини давом эттиришига ишончи комил эканлигини билдирди

Фото: РИА

2 сентябрь жума куни 78 ёшида ҳаётдан кўз юмган юртбошимиз Ислом Каримов 3 сентябрь куни Самарақанд шаҳрида дафн этилди. Дафн маросимда Хитой Халқ Республикаси номидан Давлат  кенгаши раҳбарининг ўринбосари Чжан Гаоли иштирок этди.

"Хитой Ўзбекистон халқи Каримовнинг ташаббуси билан бошланган ишларни давом эттириши ва ривожлантириши, давлат қурилиши ҳамда тараққиёт йўлида янги муваффақиятларга эришишига ишончи комил", - деди Чжан Гаоли.

Дафн маросимидан кейин Чжан Гаоли Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашди, унда томонлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожи ҳақида суҳбатлашишди.

Учрашувда Давлат кенгаши раҳбарининг ўринбосари Хитой Ўзбекистон билан бирга аввал имзоланган келишувларни амалга ошириш, янги Ипак йўли ривожига ҳисса қўшиш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, хавфсизлик соҳалари ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришни икки мамлакат муносабатларининг устувор йўналишларига айлантириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев Чжан Гаолига Ислом Каримовнинг дафн маросимидаги иштироки учун миннатдорчилик билдирди. У Ўзбекистон Хитой билан муносабатларига катта аҳамият бериши ҳамда икки мамлакат етакчилари томонидан аввал эришилган консенсус асосида барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини айтди.

 

Мавзуга оид