Жамият | 15:41 / 13.09.2016
9088
2 дақиқада ўқилади

Аргентиналик олимлар Чако вилоятида антиқа топилмага дуч келишди

Аргентина жануби-ғарбидаги Чако вилоятида қазишма ишларини олиб бораётган тадқиқотчилар метеоритга дуч келишган. "Телам" ахборот агентлигининг маҳаллий Астрономия уюшмаси раҳбари Марио Весконига асосланган ҳолда хабар қилишича,  топилманинг оғирлиги 30,8 тонна келади.

Фазо жисми Гансело шаҳарчасининг Кампо-дель-Сьело ("Осмон майдони") деб аталувчи ҳудудида топилган. Тахминларга кўра, бу ерда 4 минг йиллар муқаддам метеорит ёмғири юз берган. Аргентиналик олимларнинг фикрича, шу пайтга қадар мазкур минтақага ёғилган фазовий жисмларнинг атиги 35 фоизи топилган холос. 

Весконининг таъкидлашича, топилма бир неча ойлик тадқиқот ишларининг самарасидир. Бироқ, метеоритнинг ўлчами олимлар учун кутилмаган ҳол бўлган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, топилма Ер юзида аниқланган метеоритларнинг энг йирикларидан бири бўлиши мумкин. 

Бугунги кундаги энг оғир метеорит, Африка жануби-ғарбида 1920 йилда топилган "Гоба" фазо жисми ҳисобланади. Унинг вазни 60 тоннани ташкил этади. 
 

Мавзуга оид