Технология | 21:59 / 21.09.2016
5582
1 дақиқада ўқилади

Бошқаруви йўқотилган "Тяньгун-1" коинот станцияси Ерга 2017 йилнинг иккинчи ярмида тушади

Хитой ҳукумати "Тяньгун-1" орбитал станцияси устидан назорат йўқотилганини тан олди, деб ёзмоқда The Guardian. Тахмин қилинишича, ўз муддатини ишлаб бўлган станция Ер атмосферасига 2017 йил иккинчи ярмида кириб, унда ёниб кетади.

Хитойлик мутахассислар станция сайёрамиз учун хавф солмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Бироқ уларнинг европалик ҳамкасблари бошқаруви йўқотилган станция Ер орбитасидаги сунъий йўлдошларга хавф солиши мумкинлигини айтмоқдалар. 

Хитой станция траекториясини кузатишга ва станциянинг Ерга тушиши хавф туғдиргудек бўлса, тегишли халқаро огоҳлантиришни беришга ваъда берди.

Коинот станцияси 2011 йил 29 сентябрда фазога учирилган. У билан 3 марта туташув амалга оширилган, 2016 йил бошида модулнинг эксплуатацияси тўхтатилган.

2016 йил 15 сентябрда Хитой "Тяньгун-2" коинот станциясини фазога учирди. Октябрда унга бортида 2 нафар хитойлик фазогир бўлган "Шэньчжоу-11" космик кемаси туташиши белгиланган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид