Жаҳон | 19:18 / 26.09.2016
10717
2 дақиқада ўқилади

Дамашқ АҚШ ҳарбийлари ва ИШИД ўртасидаги музокаралар ёзувига эгалигини даъво қилмоқда

Фото: © AFP

Расмий Дамашқ ҳукумати, америкалик ҳарбийларнинг ИШИД жангарилари билан олиб борган музокаралари ёзилган маълумотларга эгалигини таъкидламоқда. Америкаликлар, Дайр аз-Зордаги Сурия армиясига берилган авиазарбалар ортидан жангариларнинг ҳужум қилиши арафасида музокаралар олиб борган, дея таъкидламоқда САР Халқ кенгаши раиси Хадия Аббос.

"ИШИДга қарши халқаро коалиция" самолётлари 17 сентябрь куни Дайр аз-Зор аэродроми яқинида ИШИД жангарилари қуршовида қолган Сурия қўшинларига 4 марта ҳаво зарбаси берган эди. Бунинг оқибатида 62 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 100га яқин аскар жароҳатланганди. АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги мазкур ҳаво зарбалари хато берилганини тан олган эди. 

"Сурия армияси ушбу зарбалардан аввалроқ америкаликлар ва ИШИД ўртасидаги музокараларни тинглаган… Америка кучлари зарбаларни амалга оширгач, жангариларни Сурия қўшинлари позицияларига йўналтирган", — деган Хадия Аббос Теҳронда.

Аббоснинг сўзларини келтирган Ливаннинг "Ал-Маядин" телеканалига кўра, Дамашқ АҚШнинг Дайр аз-Зордаги Сурия кучларига қасддан зарба берганини исботловчи далилларга эга. 

Бу маълумотлар кейинроқ ошкор қилинади, деган парламент спикери. 


 

Мавзуга оид