Жамият | 19:26 / 26.09.2016
24517
2 дақиқада ўқилади

Жоли ва Питт никоҳ шартномасини тузганда нимага келишишган?

Анжелина Жоли ва Брэд Питт ажрашиш жараёнида мол-мулкни тақсимлашмайди, зеро Ҳолливуд юлдузлари никоҳ шартномасини тузганда шунга келишишган. Бу ҳақида 26 сентябрь куни TMZ нашри маълум қилди. 

Жуфтликка яқин манбанинг хабар беришича, шартномада уларнинг биргаликдаги турмушларидан тортиб, то молиявий воситаларни тақсимлашигача барча жиҳатлар инобатга олинган. Таъкидланишича, бу ерда гап 400 миллион доллар ҳақида бормоқда. 

Актёрлар биргаликдаги турмушлари давомида 12 кўчмас мулк объектини қўлга киритишган. Улардан еттитасини Питт, иккитасини Жоли харид қилган. Жуфтлик 2014 йилда расман оила қурганидан сўнг яна уч уй сотиб олган, Франциядаги вилла, Янги Орлеандаги (АҚШ) кошона ва Нью-Йоркдаги квартира шулар жумласидандир. Брэд ва Анжелина кўчмас мулкни қандай тақсимлаши ҳозирча номаълум. 

Жоли-Питт жуфтлигининг олдида турган асосий масала - 6 нафар болага ғамхўрлик қилиш. Анжелина судга мурожаат қилиб, фарзандлари устидан ворислик қилиш ҳуқуқи унга берилишини сўраган, Брэдга эса уларни дам олиш кунлари кўриш имконини қолдирган. Питт эса фарзандларини тарбиялаш ҳуқуқи учун курашмоқчи. 

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни оммавий ахборот воситаларида Анжелина Жолининг турмуш ўртоғи билан ажрашиш учун ҳужжатларни топширгани тўғрисида хабар тарқалган эди. Маҳаллий ОАВга кўра, актриса Питтнинг оталик бурчини тўкис адо эта олмаётганлигидан норози. 

41 ёшли Анжелина Жоли ва 52 ёшли Брэд Питт 2005 йилдан буён бирга яшаб келишган, 2014 йилнинг августида эса расман оила қуришган. Жуфтлик 3 нафар болани асраб олган: камбожалик Мэддокс, вьетнамлик Пакс ва эфиопиялик Захара. Бундан ташқари уларнинг 3 нафар биологик фарзанди бор: Шайло, эгизаклар Нокс ва Вивьен. 

 

Мавзуга оид