Жаҳон | 13:02 / 04.10.2016
25134
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ ҲДК Россия флотининг энг хавфли қуролини маълум қилди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари экспертлари Россия ҳарбий-денгиз флоти таркибидаги энг хавфли қуроллар тизимига ойдинлик киритишган. Уларга кўра, булар: «Ясень» сувости қайиқлари, 22350 рақамли «Адмирал Горшков» фрегати лойиҳалари ҳамда «Циркон» ва «Калибр» ракеталаридир.

Бу ҳақда, Россия денгиз салоҳиятини ўрганиш институти директори Майкл Петерсен «Известия» нашрига берган интервьюсида сўз юритган. 

««Ясень» намунасидаги атом сувости қайиқларининг ишлаб чиқарилиши Америка ҲДК хавотирларига сабаб бўлмоқда. У жуда қудратли ва хавфли сувости қайиғидир. Биз унинг нима мақсадда барпо этилганини унчалик ҳам тушунмаяпмиз», — деган Петерсон.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Россия ҲДФ ўз тараққиётининг янги даражасига чиққани боис, уни жиддий ўрганиш талаб этилади. 

«Ўтган ўн йилликларда кузатганимиз қийинчиликларга қарамай, Россия ҳарбий денгиз флоти шахсий таркиб тайёргарлиги ва технологик салоҳияти бўйича дунёдаги ҳар қандай флот билан рақобатлаша оладиган даражага етди. Агар СССР даври билан қиёсланадиган бўлса, Россия флоти анча ихчам, аммо технологик жиҳатдан илғор флотга айланган», — дея қўшимча қилган Петерсон.

Унинг қайд этишича, шу муносабат билан АҚШ Россия билан қароқчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик қилиши мумкин. 
 

Мавзуга оид