Жамият | 17:22 / 05.10.2016
13403
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжонликлар “Ўзбегим ёшлари” гуруҳининг санъатига шайдо бўлишди

Жорий йилнинг 27-30 сентябрь кунлари Озарбойжоннинг Ганжа шаҳрида халқаро ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Озарбойжон давлати билан бир қаторда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Туркия мамлакатлари вакиллари қатнашишди, Қатар ёшлари эса тадбир меҳмони сифатида иштирок этишди.

Озарбойжон Республикасининг Ганжа шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ёшлар фестивалида мамлакатимиз номидан “Ўзбегим ёшлари” мусиқий гуруҳи иштирок этди. Ўзбекистон ёшлари санъатини Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази қўллаб-қувватлади.

Фестивалнинг асосий мақсади  ёшларнинг ўзаро тажриба алмашинуви ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Шуни таъкидлаш жоизки, тадбир доирасида ёшлар орасида учрашув бўлиб ўтди, ҳар бир мамлакат ёшлари томонидан тайёрланган миллий таомлар намойиши бўлиб ўтди, улар эришган ютуқларга доир онлайн-тадбир ўтказилди.

Бундан ташқари, мамлакатлар вакиллари ижодкор ёшлар иштирокидаги концертда қатнашишди, ёш сураткашлар кўргазмаси ташкил этилди. 

“Ўзбегим ёшлари” мусиқий гуруҳининг чиқиши Озарбойжонда катта қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олинди. Ҳакамлар ҳайъати ўзбекистонлик гуруҳни “Энг яхши чиқиш ва ижро” учун мукофотлади, Ганжа шаҳар Ижроия ҳокимияти раҳбари Эльмар Велиев мусиқий гуруҳни шахсан тақдирлади.

Ўзбекистон ёшлари кўплаб мусиқий ва рақс номерлари билан иштирок этишди. Марказий Осиёда энг бой маданий ва мусиқий меросга эга Ўзбекистон вакилларининг чиқиши Озарбойжонда катта олқишлар билан кутиб олинди. Шуниси эътиборга моликки, Озарбойжон ва Ўзбекистон ёшлари биргаликда ажойиб рақс ижро этишди.

Концертдаги томошабинлар орасида Ўзбекистондан V Боку Глобал Форумига ташриф буюрган делегация ҳам бор эди.

Бундан ташқари, меҳмонлар Озарбойжоннинг буюк шоири Низомий Ганжавий мақбараси, шунингдек Озарбойжоннинг жаҳон мўъжизаси – ўзининг жозибаси билан шуҳрат қозонган Кўккўл Миллий паркини зиёрат қилишди.

“Ўзбекистон ёшлари” ансамбли раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Лутфияхоним Рўзибоеванинг сўзларига кўра, ушбу жамоа 11 йил аввал ташкил топган. Ансамбль дунёнинг 19 мамлакатида ўз санъатини намойиш қилиб қайтган. “Ўзбегим ёшлари”нинг мақсади –  ўзбек қўшиқчилиги ва рақс санъатини дунёга етказиш, шунингдек миллий либосларимизни намоён қилишдан иборат.

Мавзуга оид