Жамият | 11:37 / 06.10.2016
7395
3 дақиқада ўқилади

Экспертлар: Ҳалабдаги гуманитар карвонга “сохта ҳужум” уюштирилган

Фото: Reuters

Сурияни қўллаб-қувватлаш халқаро гуруҳи мустақил экспертлари хулосаларига кўра, БМТнинг Ҳалабдаги гуманитар автокарвонига уюштирилган ҳужум аввалдан мукаммал саҳналаштирилган. РИА Новости агентлиги шу ҳақдаги махсус ҳисоботни эълон қилган.

Экспертлар ОАВдаги хуруж ҳақидаги мавжуд маълумотларни ва карвонни кузатиб борган Россия дрони ёрдамида олинган видеолавҳаларни ўрганиб чиқишган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳужум ҳолати саҳналаштирилган. Хусусан, машиналардан бирининг кабинасига тегинилмаган, ўқлардан ва бомба парчаларидан зарарланган юк машиналарининг ёнлари занг билан қопланган. Бундан ташқари, йўл ҳолати ажойиб бўлган, авиазарба бўлган тақдирда йўллар ҳам вайрон бўлар эди, дейишган таҳлилчилар. 

Уларнинг қайд этишларича, агар гуманитар карвонга ҳақиқатдан ҳам ҳаводан ҳужум уюштирилганда машиналар ва юк ортилган контейнерлар портлаш тўлқинидан ҳеч бўлмаганда ағдарилган бўларди. Экспертлар, шунингдек, карвон ёнидаги биноларда битта ҳам ёриқлар йўқлигига диққат қилишган. 

«Дастлабки хулосага кўра, бу ерда яхши тайёрланган саҳна кўриниши ёки сохта ҳужум ҳақида гап кетмоқда», — дейилади ҳужжатда. 

РИА Новости агентлигининг дипломатик манбаси маълум қилишича, мазкур ҳужжат  Сурияни қўллаб-қувватлаш халқаро гуруҳи кенгашида Америка вакилларига тақдим этилган, бироқ улар хулосаларни қабул қилишмаган. 

Шу билан бирга, БМТ ўқув ва илмий-тадқиқот институти экспертлари ташкилот томонидан эълон қилинган суратларни ўрганиб чиқишган, деб хабар қилмоқда Associated Press агентлиги. UNOSAT дастури ходими Ларс Бромлининг баёнот беришича, фотосуратларни ўрганган таҳлилчилар гуманитар карвонга ҳаводан ҳужум уюштирилган, деган хулосага келишган. 

БМТнинг инсонпарварлик юкларини Суриянинг Ҳалаб шаҳрига олиб кетаётган гуманитар автокарвони 20 сентябрга ўтар кечаси ҳужумга учраган, унда 12 киши ҳаётдан кўз юмган эди. АҚШ фожиада Россия авиациясини айблади. Москва бу айбловларни рад этган бир вақтда, Россия мудофаа вазирлиги автомобиллар ёнида жангарилар ва Америка ҳужум дрони бўлганини исботловчи далилларни келтирди. 
 

Мавзуга оид