Жаҳон | 19:14 / 13.10.2016
12920
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британиянинг энг қобилиятли ва энг қобилиятсиз бош вазирлари рейтинги эълон қилинди

Фото: © EPA/ABIR SULTAN/POOL

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Бирлашган Қиролликнинг Иккинчи жаҳон уруши давридан кейинги энг қобилиятсиз бош вазирларидан бири, деб тан олинди. Бу ҳақида 13 октябрь, пайшанба куни The Independent нашри чоп этган рейтингдан билиб олиш мумкин. Рейтинг Лидс университети томонидан 82 нафар нуфузли мутахассислар фикридан келиб чиққан ҳолда тузилган.

Мамлакатнинг собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Brexit туфайли рейтингнинг охиридан учинчи ўринни эгаллади. "Кэмероннинг муваффақиятли коалицион ҳукумат раҳбари ролидаги ютуқларига қарамай, унинг нуфузи ва тарихдаги ўрни Brexit билан белгиланади", - дейди Лидс Университети профессори Кевин Тикстон.  

Манбага кўра, рейтингни тузишда иштирок этган экспертларга ҳар бир ҳукумат раҳбари фаолиятини 10 балли шкала бўйича баҳолаш таклиф этилган. 

"Brexit қандай якун топишига қараб, келажакда тарихчилар ва сиёсатчиларнинг Кэмеронга нисбатан қарашлари ўзгариши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас, - дейди профессор Тикстон. - Бироқ ҳозирча Британия экспертларининг Кэмеронга бўлган муносабати салбий". 

Урушдан кейинги Буюк Британиянинг энг қобилиятсиз раҳбари сифатида мутахассислар консерватор Энтони Иден номини қайд этишди, у 1955-1957 йилларда ҳукмронлик қилган. Рўйхатнинг охиридан иккинчи ўринда эса яна бир консерватор Александр Дуглас-Хьюм (1963-1964) номи келтирилган.

Бирлашган Қиролликнинг уруш йилларидан кейинги энг қобилиятли бош вазирлари рўйхатидан лейборист Клемент Эттли (1945-1951 йилларда ҳукуматни бошқарган), консерватор Маргарет Тэтчер (1979-1990) ва лейборист Тони Блэр (1997-2007) жой олган.  

 

Мавзуга оид